Янги ахборот портали

Rukn: Yangiliklar

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси томонидан “Электрон давлат харидларининг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлашнинг янги механизми” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, давлат харидлари очиқлиги ва шаффофлиги ҳамда бу соҳада тадбиркорларнинг рақобатини таъминлашга, давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишга имкон яратади.

Тадбирда биржанинг янги портали, яъни xarid.uz нинг тақдимоти ўтказилди. Мазкур ахборот портали орқали давлат харидларининг шаффофлиги ва очиқлиги таъминланади. Хусусан, порталда кутилаётган барча турдаги харидлар ҳақида батафсил маълумотлар чоп этилади. Давлат харидлари электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтиришга қаратилган электрон аукцион шаклларида ўтказилади.

Электрон дўкон порталда талабгорларнинг буюртмачи номига юборилган таклифлари асосида шаклланади ва ўз ичига махсус талаблар кўйилмаган товар (иш, хизмат)ларнинг барча турларини қамраб олади.

Электрон аукцион орқали харид қилиш ҳам порталда онлайн режимида босқичма-босқич нархнинг пасайиб бориши йўли билан амалга оширилади. Буюртмачилар ўз аризасини аукцион ғолиби аниқланишидан 10 кун аввал порталга жойлаштирадилар. Энг паст миқдорда нарх таклифини берган талабгор тизим томонидан ғолиб деб топилади. Ўз навбатида, тузилган битим ва савдо ғолибининг номи автоматик равишда порталда акс эттирилади ҳамда буюртмачи ва савдо ғолибининг шахсий кабинетларида шартнома шаклланади.

Янги механизмни ишлаб чиқиш чоғида асосий эътибор электрон давлат харидлари иштирокчилари, жумладан, тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор қулайлик яратишга қаратилди. Хусусан, буюртмачилар ва етказиб берувчилар фақатгина солиқ органларининг электрон рақамли имзоси ёрдамида электрон харидларда иштирок этадилар. Бу эса қоғозбозлик, бюрократизм ва коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этишга хизмат қилади.

Харид давомида буюртмачи ва ёки етказиб берувчилардан бири шартнома шартларини бажармаган тақдирда аванс тўлови жабрланувчи фойдасига ўтказилади. Бундан ташқари, шартнома шартларини бузган етказиб берувчи инсофсиз етказиб берувчилар реестрига киритилади ва 3 йил давомида электрон харидларда иштирок этиш имкониятидан маҳрум қилинади.

Айни вақтда янги электрон тизимда 3 мингга яқин иштирокчи аккредитациядан ўтган ва электрон дўконга 1,6 мингдан зиёд товарлар қўйилган.

Нурилло Насриев, ЎзА