Журналистика соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланади

Rukn: Yangiliklar

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Келажакка элтувчи ришта” амалий саёҳати доирасида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси, Турк дунёси маҳаллий кенгашлар бирлиги, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, “Анадўли” ахборот агентлиги, Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Туркия Республикасининг телевидение ва радио олий ташкилоти (RTUK) бошчилигидаги бир гуруҳ медиа вакиллари, Туркияда коммуникация йўналиши бўйича таҳсил олаётган 35 хорижлик талаба, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.

Ушбу конференциядан мақсад Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, Туркияда таҳсил олаётган талабаларга юртимизнинг бой маданий мероси ва тарихини таништиришдан иборат.

Юртимизга келган хорижлик талабалар Туркияга Ўзбекистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Молдова, Босния ва Герцеговина, Сербия, Болгария, Греция каби 15 давлатдан бориб ўқийди.

Делегация аъзолари дастлаб Бухоро ва Самарқандда бўлди. Талабалар саёҳат давомида олган таассуротлари, Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт йўли, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш босқичлари, ишлаб чиқариш, саноат соҳаларидаги ютуқлари ҳақида лавҳалар, тақдимотлар тайёрлайди. Уларнинг ижодий ишлари тўплам ҳолида чоп этилиб, Туркия ва бошқа давлатлар оммавий ахборот воситаларида ёритилади.

– Бу лойиҳа Президент Режеп Таййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида икки мамлакат раҳбарлари ўртасида имзоланган маданий-гуманитар соҳадаги келишувларнинг амалий тасдиғидир, – дейди Туркия Республикаси телевидение ва радио олий ташкилоти (RTUK) бошлиғи Илҳан Йерликая. – Лойиҳа давлатларимиз ўртасида журналистика соҳасидаги ҳамкорликни юксалтиришда муҳим қадам бўлади. Бу ерга келган ёш журналистлар Ўзбекистоннинг маданий мероси, салоҳияти ҳақида мақола ва лавҳалар, видеороликлар тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар, веб-сайтларга жойлаштиради. Бу туризмнинг ривожланишига, икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада тараққий этиришга хизмат қилади.

Конференцияда делегация вакиллари ва талабалар саёҳат давомида олган таассуротлари, тайёрлаб келган маърузалари билан ўртоқлашди.

– Туркияга Болгариядан бориб ўқийман, – дейди Истанбул университети журналистика факультети талабаси Чатай Коджаюмер. – Ўзбекистонга илк бор келишим. Ушбу лойиҳа туфайли ўзбекистонлик тенгдошларимиз, айниқса, журналистика йўналишида таҳсил олаётган ёшлар билан танишиб, улар билан фикр алмашдик. Бу саёҳатдан олган таассуротларимни Болгария ёшларига етказиш ниятидаман.

Гўзал Сатторова, ЎзА