Фаҳрий журналистлар билан учрашув

Rukn: Yangiliklar

Инсон азиз, хотира муқаддас. Бу содда, бироқ пурмаъно сўзлар ҳар биримизга яхши таниш. Бу мавзуларни қаламга олмаган журналистнинг ўзи йўқ. Куни кеча мамлакатимизда кенг нишонланган Хотира ва Қадрлаш куни бу мавзу барча оммавий ахборот воситаларида устувор ўрин эгаллагани ҳам ўз-ўзидан тушунарли.Зеро, бу кунлар фаҳрийлар одатдагидан-да кўпроқ эъзоз ва иззатда, ўтганлар хотираси одатдагидан-да зиёдроқ ёдга олинмоқда.

Қутлуғ айём арафасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси оммавий ахборот воситаларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, миллий журналистика ривожига ўз ҳиссасини қўшган фахрийлар, ОАВ вакиллари учун бир пиёла чой устида давра суҳбати ташкил этди.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов очиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан муборакбод этди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат бугунги кунда фахрийлар ҳаётида ўз аксини топмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Хотира ва Қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг рағбатлантириб келинаётгани улар учун нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам муҳим омил бўлмоқда. Ҳудди шунингдек, фидойи меҳнати билан Ватан тараққиёти, юрт ободлиги, халқимиз фаровонлигига муносиб хисса қўшган нуронийлар ҳам эл ардоғида. Шуни алоҳида айтиш жоизки, Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида, фронт ортида катта матонат намуналарини кўрсатган юртдошларимиз орасида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида, нашриётлар ва матбаа корхоналарида кўп йиллар самарали меҳнат қилган устоз журналистлар бор.

Тадбирда сўзга чиққан фаҳрийлар бугунги кунда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг жаҳон ахборот майдонида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиши йўлида давлатимиз томонидан кенг қамровли ишлар олиб борилаётганига эътибор қаратдилар. Бунга жавобан ўзлари ҳам ёшларнинг малакаларини ошириш, уларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг кекса авлоди ва бугунги вакилларининг очиқ ва самимий мулоқотига айланган тадбир сўнгида байрам дастурхони ёзилиб, фахрийларга пул мукофотлари берилди.

Тадбир Ўзбекистон ижодкорларни қўллаб-қувватлаш «Илҳом» жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Журналистлар ижодий уюшмаси билан Республика Товар-хом ашё биржаси ўртасида тузилган Дўстлар клуби аъзолари ҳам иштирок этишди.