Олий суд: Суд Б.Абдуллаев ишида инсонпарварлик ва адолат тамойилларига асосланди

Rukn: Yangiliklar

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Бобомурод Абдуллаев, Равшан Салаев, Шавкат Оллоёров ва Ҳаётхон Насреддиновга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида ҳамда уч нафар халқ маслаҳатчисидан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

2018 йил 7 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Б. Абдуллаев, Р. Салаев, Ш. Оллоёров ва Ҳ. Насреддиновга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Б. Абдуллаевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 3- қисми “б” бандида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топди.

Судланувчига нисбатан жазо чорасини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Б.Абдуллаевни Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган моддаси бўйича айбдор, деб топди ва Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Судланувчилар Р. Салаев, Ш. Оллоёров ва Ҳ.Насреддинов юқорида кўрсатилган жиноятни содир этилишига алоқаси бўлмаганлиги сабабли айбсиз, деб топилди ва оқланди.

Б. Абдуллаев, Р. Салаев, Ш. Оллоёров ва Ҳ. Насреддинов суд залида қамоқдан озод этилдилар.

Шунингдек, мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Азиз Обидов,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди расмий вакили.