Чинакам бахтиёрлик сурури

Rukn: Yangiliklar

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Фарғоналик журналистлар Наримон Эркинов билан фахрланишади. 93 ёшни қаршилаётган отахон Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Урушнинг барча даҳшатларини бошидан кечирган бу инсон душманга қарши мардонавор курашган.

Отахон ҳали тетик ва бардам. У кишини гапга солсангиз, бугунги саодатли кунлардан завқланиб сўзлайди. Мамнун нигоҳларидан ажиб бир шукронани илғайсиз. Бинобарин, пиру бадавлат кексаларимиз сафи кенгаяётгани бугунги фаровон ҳаёт, инсон қадри улуғланаётгани билан боғлиқ десак, муболаға бўлмайди. Нуронийлар нафақат оила файзи, балки халқ бойлиги, эл фахридир.

– Уруш йилларини эсласам, ҳозир ҳам юрагим орқага тортади, – дейди Н.Эркинов. – Ўспиринликдаги орзуларга тўла қалбимизни, мақсадларимизни уруш деган балойи азим саробга айлантирди. Украина ва Беларусни озод қилишда иштирок этиб, Берлингача бордим. Рейхстагни олишда ҳам қатнашганман. Рейхстаг деворига фамилиямни ёзиб қўйганман. Тўрт марта ярадор бўлсам-да, тинчлик учун курашга ўзимда куч топдим.

“Яхши замон инсонни яшартиради”, дейишади. Истиқлол бизга бахтли яшаш саодатини берди, анъаналаримизни қайтарди. Биз, кексалар эндиликда меҳр-оқибатдан, эзгулик ва саховатдан маънан яшариб юрибмиз. Маҳалла-кўйга бош бўлиб, невараларимизни бағримизга босиб, билганларимизни ўргатиб, йўл-йўриқ кўрсатиб, тўю ҳашарлардан қолмай келаяпмиз.

Наримон Эркинов урушдан қайтгандан сўнг узоқ йиллар “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталарида меҳнат қилди. Бугунги кунда эса невара-эваралар ардоғида тинч-тотув умргузаронлик қилмоқда.

Дарҳақиқат, орадан шунча йил ўтган бўлса-да, Иккинчи жаҳон уруши туфайли бошига тушган аччиқ қисматни халқимиз ҳамон чуқур қайғу билан эслайди. Негаки, юртимизда ундан жабр кўрмаган бирорта хонадон йўқ.

Ота-боболаримиз тинч ва фаровон ҳаёт учун жон олиб, жон берган. Бинобарин, улар хотирасини эъзозлаш, номларини ёд этиш, ҳозирги пайтда ҳаёт бўлган уруш қатнашчиларига ғамхўрлик кўрсатиш, ёшларимизни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш бурчимиздир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу, олижаноб мақсадлар мужассам.

Фарғона вилоятида 110 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси ҳамда 4 минг 448 нафар фронт орти меҳнат фахрийси истиқомат қилади. Айни кунларда уларга алоҳида ҳурмат ва эъзоз кўрсатилмоқда.

Нуронийларимиз бундай ғамхўрлик ва эътибордан хурсанд бўлиб, “Осмонимиз мусаффо, турмушимиз янада фаровон бўлсин!” дея дуо қилаётир. Маҳаллаларда, мактабу коллежларда уюштирилаётган учрашув ва давра суҳбатларида ёшларимизни тинчликни асраб-авайлашга, қадрлашга, шу юртга муносиб фарзанд бўлишга ундамоқда.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси вакиллари ҳамда бир гуруҳ журналистлар Н.Эркинов хонадонида бўлиб, холидан хабар олди, совға-саломлар топширди. У кишининг бундай эътибордан боши осмонга етди.

Наримон ота ўтаётган ҳаётидан рози. Умрининг давомчилари келажагидан кўнгли тўқ. У буни чинакам бахтиёрлик сурури, деб билади.

– Шукр, шундай тинч ва фаровон кунларни кўриш насиб этди, – дейди отахон. – Сизга айтсам, бизга кўрсатилаётган ғамхўрликни санаб, адоғига етолмайсиз. Мана, яқинда вилоятимиз раҳбарлари уйимизга ташриф буюриб, Президентимиз номидан пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширди. Кўнглим тоғдек кўтарилди. Болаларим, уруш балосини биз кўрдик, илоҳим, энди у остонамизга яқин йўламасин. Ўзбекистон деган жаннатмонанд юрт ҳамиша гуллаб-яшнайверсин.

Масъуджон Сулаймонов, ЎзА