Журналист айтаётган сўзига масъулият билан ёндашиши зарур

Rukn: Yangiliklar

Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Ахборот хизматлари фаолиятида ҳамда босма нашрларни янги босқичга олиб чиқишда Интернет технологияларини қўллаш борасидаги кўникмалар» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ахборот хизматлари раҳбарлари, ҳудудий босма ОАВ бош муҳаррирлари ва журналистлар тингловчи сифатида иштирок этган семинарда ахборот излаш, тарқатиш, унинг аниқ ва ишончлилигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Бугунги тезкор ривожланиш даврида Интернет ва бошқа замонавий илғор технологиялар инсон ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. «Ўргимчак тўри»нинг имкониятлари, қулайлиги, очиқлиги, тезкорлиги фойдаланувчини мустақил фикрлашдан маҳрум қилмоқда. Интернет сайтлари битта воқеа тўғрисидаги ахборотни бир неча бор ўзгартириб, янгилаш борасида чекланмаган имкониятларга эга. Аммо аксарият ҳолларда маълумотнинг аниқлиги, рост ёки ёлғонлиги каби жиҳатларга у қадар эътибор берилмаяпти. Бу эса ўқувчини чалғитиб, нотўғри маълумот олишига сабаб бўлмоқда.

Бу жиҳатлар босма нашрларга ҳам алоқадор бўлса-да, уларнинг ишончлилиги анча устун. Маълумотни аниқлаш, тўлдириш, керакли хулоса ва тавсияларни қайта кўриб, кейин ўқувчига етказиш имконияти мавжуд. Журналист қаерда, қайси йўналишда фаолият юритса ҳам айтаётган сўзи, бераётган маълумоти, билдираётган тавсиясига ҳам маҳорат, ҳам масъулият билан ёндашиши зарур.

Сўнгги вақтларда юртимиздаги кўплаб нашрлар воқеа-ҳодисаларни танқидий-таҳлилий ёритишга уринмоқда. Бу жараёнда хато маълумотлар ҳам тарқалаяпти. Одамларнинг янгиликка интилиши, шов-шувли хабарларга юқори эҳтиёжи журналистдан ҳушёр бўлишни талаб этади.

Шу боис семинар-тренинг давомида ахборот излаш ва уни тарқатишда огоҳликни оширишга эътибор қаратилди.

– Уч кун давом этган семинар-тренинг, машғулотлар, учрашувлар давомида ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш, янгиликларни одамларга етказишга оид билимларимизни янада бойитдик, – дейди Сурхондарё вилоятидаги “Қумқўрғон садоси” газетаси бош муҳаррири Райҳон Менгзияева. – Босма нашрларнинг ўқишлилигини ошириш – давр талаби. Чунки бугунги технологиялар асрида Интернет хабарлари босма нашрларга эҳтиёж қолдирмаяпти. Ушбу семинар давомида нашримиз салоҳиятини юксалтириш, ўз ўқувчиларини топа олишида нималарга эътибор қаратишимизга оид керакли маълумотларга эга бўлдик.

Семинар давомида ижтимоий тармоқларда ишлаш ва ахборот тарқатиш этикаси, ахборот хавфсизлиги масалалари, мультимедиа инструментларидан фойдаланиш самаралари, тарқатилаётган ахборотнинг жамоатчиликка таъсири каби мавзуларда маърузалар тингланди. Журналистларга керакли тавсиялар берилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА мухбири