“Олтин қалам” старт олди

Rukn: Yangiliklar

2018 йил 15 февраль куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида журналистика соҳасида ХIII “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди.

53

Журналистика оламидаги  энг шов-шувли ва ҳаяжонли. орзу-умидларга тўлиқ танлов  бошланди…

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов  ташаббуси билан Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб таъсис этилган танлов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон ОАВ миллий ассоциацияси, Миллий телерадиокомпания, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Uzreport” ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамкорлигида миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш мақсадида ўтказиб келинмоқда.

Танлов телевидение, радио, босма ОАВ ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилади. Унда 13 та - битта бош миллий мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот ҳамда “Энг яхши фоторепортаж”, “Энг яхши матбуот хизмати” , “ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун” ва  “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энгяхши материали учун” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.

“Олтин қалам” миллий мукофоти халқаро танлови нуфузи йилдан-йилга  ошиб бормоқда. Агар 2006 йили ўтказилган I “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун танловда  136 нафар журналист 1669 та ижодий иши билан қатнашган бўлса,  2017 йили ўтган ХII Миллий мукофот учун танловда  520 нафар ижодкор 9500  га яқин материал билан иштирок этди. Умуман олганда, шу вақтга қадар танловда 6000 дан ортиқ журналистнинг 90 000 га яқин ижодий иши кўриб чиқилди. 260 га яқин  ҳамкасбларимиз танлов ғолибига айландилар. Мазкур танловларни  ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш учун  жами 1 млрд. 570 млн. сўм миқдорида пул мукофотлари ажратилди.

Йиғилишда ХIII “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, ташкилий қўмита ва унинг ишчи гуруҳи таркиблари ҳамда иш режаси муҳокама этилиб тасдиқланди. Шунингдек, танлов ғолибларига мукофотларни топширишга бағишланган тантанали маросимни, жумладан, санъат усталари, ўзбек эстрадаси юлдузлари ҳамда ижодкор ёшлар иштирокида байрам концертини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, танловни ўтказиш жараёнида таниқли журналист ва экспертлардан  иборат танлов ҳайъати шакллантирилади. Танловга тақдим этилган ижодий ишлар мавзунинг ижтимоий аҳамияти,журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий – таҳлилий мушоҳада, сўзга масъулият ва ифода маҳорати мезонлари  асосида баҳоланади.

Танловни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Президент Ш.Мирзиёевнинг мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур шароит ва имконият яратиш мақсадида 2017 йил 9 августда  қабул қилган қарори асосида  ташкил этилган Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди  маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

54

55

56

57

58

59

60

“Олтин қалам” Миллий  мукофоти  учун халқаро танлов мамлакатимизда фаолият олиб бораётган  халқаро  ташкилотлар ваколатхоналари ҳамда   турли давлатлар элчихоналари эътиборини ҳам тортиб келмоқда.  Анъанага кўра,бу йил  ҳам  бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари (БМТ, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, ЮСАИД, “Региональ диалог” (Словения), Германия Халқ университетлари ассоциацияси ва бошқалар) , АҚШ, Хитой, Туркия, Озарбайжон, Грузия каби   мамлакатларнинг  Ўзбекистондаги элчихоналари  “Олтин қалам” Миллий мукофоти танловида ўз мукофотлари билан иштирок этиш  ниятидалар..

Шу куни  қатор халқаро ташкилотлар  ваколатхоналари  ва элчихоналар вакиллари  билан  ҳам учрашув бўлиб ўтди. Улар танлов  доирасида ўз   мукофотлари билан қатнашиш истакларини  билдириб, номинациялари мавзуларини   маълум қилдилар. Жумладан, ЮНЕСКО  ваколатхонаси «Инсон ҳуқуқлари бўйича Конвенциянинг 70 йиллигига бағишланган энг яхши материал учун»  ўз мукофотини  таъсис  этган бўлса,  уюшманинг кўп йиллик   ҳамкори “Регионал мулоқот” халқаро ташкилоти (Словения)  коррупцияга қарши кураш мавзусига  журналистлар диққатини қаратади.

ХIII  “Олтин қалам” Миллий мукофоти халқаро танлови ғолиблари 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни “Туркистон” саройида ташкил этиладиган тантанали маросимда  тақдирланадилар.

Хуллас, “Олтин қалам” танлови старт  олди. Танловда иштирок этишга бел боғлаган   барча ҳамкасбларимизга омад тилаймиз.

61

62

63

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  матбуот хизмати

Суратлар муаллифи: Ш.Шохидоев