Яхши отга бир қамчи…

Rukn: Yangiliklar

Ҳусан Эрматовнинг ЎзА сайтида эълон қилинган “Ўзбек матбуоти: поезддан қолиб кетган йўловчи тимсолида…ми?” мақоласини ўқиб

Дунёда ҳар турли касби-кор бор. Киши қайсидир ҳунарнинг ортидан рўзғор тебратади, бола-чақа боқади. Жойи келганда ҳунарини ҳимоя қилади, кимларнингдир камситишига йўл қўймайди. Дейлик, қассобга жонзотни бўғизлаш гуноҳи азимлигини айтсангиз, касбининг тўғрилигини исботлашга, ишининг яхши томонларини таъкидлашга тушади.

Лекин…

Юртимиздаги газета-журналларнинг сўнгги ўн-ўн беш йилликдаги ҳолатини кузатиб, журналистика соҳаси, қаламкашлик касби шунчалик обрўсизландими, қалам аҳли кимларнингдир обунани уюштириб беришига ёки қайсидир ташкилотнинг ҳомийлигига суяниб қолдими, деган ўйлар кечади хаёлдан. Ҳусан Эрматовнинг ЎзА сайтида эълон қилинган “Ўзбек матбуоти: поезддан қолиб кетган йўловчи тимсолида…ми?” мақоласини ўқиётиб шу каби мулоҳазаларнинг теран таҳлили ва аччиқ бўлса-да, рост гапларнинг тилга олинганига гувоҳ бўлдим. Айниқса, муаллифнинг ёш авлод журналистика касбига талпинмай қўйгани, соҳа ислоҳотга муҳтож эканлигини куюниб қайд этишида жон бор.

Рости, бундан ўн беш-йигирма йиллар бурун “Ҳуррият”, “Моҳият” каби марказий нашрларимизда кескин танқидлар, кишини тўлқинлантириб юборадиган таҳлилий материаллар чоп этилардики, талабалик давримда ана шундай мақолалардан руҳланиб ёзишга чоғланганимни кечагидек эслайман. Устоз Хуршид Дўстмуҳаммад бош муҳаррирлиги вақтида “Ҳуррият” нинг “Йўғ-е”, “Олға, фақат менинг ортимдан!”, “Таҳрирсиз” каби рукнлари бўлардики, ушбу рукнлар остида чоп этилган материаллар, албатта, қўлма-қўл ўқиларди десам сира муболаға қилмаган бўламан. Беш-олти тенгтўш жўралар келишиб ўша рубрикаларга мослаб мақолалар ёзганимиз, не бир ҳадиклар билан таҳририятга кўтариб борганимиз, бирортамизнинг шапалоқдек нарсамиз чоп этилгудек бўлса, дунё топгандек суюнишимизда, энди ўйлаб кўрсам жуда катта ҳикмат бор экан. Ўша пайтлар бизда соҳага чексиз қизиқиш бўлган экан. Ана шу қизиқиш касбга меҳр уйғотган экан. Оташин меҳр эса, бир замонлар қаламкаш бўлишни дилига тугиб эшкинлаб юрган болаларнинг бугун яхши, зўр ёки ўртамиёна бўлсада журналист бўлиб шаклланишида тамалтоши бўлган экан.

Ҳозир-чи!

Бугун журналистика факультетларида таҳсил олаётган йигит-қизларда ана шундай оташин талпиниш бор деб айта олмайман. Негаки, Ҳусан Эрматов қайд этганидек, газета-журналларимизда ёшларни чорловчи, ўқувчини жалб этувчи материаллар чоп этилмаяпти. У ерда фаолият юритаётган ходимлар кўпроқ реклама уюштириш ёки хўжакўрсинга материал ёзиш билан банд. Дейлик, Президентимиз йил бошида китоб ва китобхонликни тарғиб этувчи ўта муҳим, ўта керакли қарорни имзолади. Телевидение, радио, интернет нашрлари, шу билан бирга газета-журналларимиз ҳам ушбу қарорнинг ниҳоятда аҳамиятли эканлигини, ўз вақтида қабул қилинганини, ёшларимиз китобдан йироқлашиб кетганини роса ёзишди. Бироқ бундай мақолаларнинг кимга фойдаси бор. Шусиз ҳам барчамиз ёшлар китоб ўқимай қўйганини биламиз-ку. Бундай битик билан кимни алдадик?! Газета ўқимай қўйган, обуна деса ижирғаниб турадиган халқимизними ёки элни китобга қайтармоқни дилига туккан Президентними?!

Аслида газетчилик бунақа бўлмаслигини ҳаммамиз билардик. Билсак-да, сен менга тегма, мен сенга тегмайман қабилида товуш чиқармай юравердик. Натижада нима бўлди? Касбимиз обрўсизланди. Чапаничасига айтганда ҳуркак ва мужмал айрим бош муҳаррирлар журналистнинг қўл оёғини боғлаб, тик бошини турли идораю вазирликларнинг эшигида сарғайди. Бирорта марказий нашр бош муҳаррири “Мени ўзгартирган китоб”, “Менинг севимли асарим” “Сизга ушбу китобни ўқишни тавсия қиламиз” тарзида рукнлар ташкил этиб, газетхонни қизиқтирадиган материаллар уюштириб, чоп этаётганини учратмадим.

Хуллас, уйғониш палласи, ўз сўзимизни айтиш пайти келди. Бундай давр ҳар доим келавермаслигини англашимиз, шу онларнинг қадрига етишимиз шарт. Элимиз “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи” деб бежизга айтмаган. Биринчи қамчининг ўзидаёқ ўзлигимизни англашимиз, касбимиз обрўсини илгариги ҳолига қайтаришимиз лозим.

Анвар Суюн,

журналист

ЎзА