Ҳарбий мавзуда қалам тебратадиган журналистлар рағбатлантирилди

Rukn: Tanlovlar

Миллий матбуот марказида “Армия – юртимиз тинчлиги ва осойишталиги рамзи” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллигига бағишланган ушбу танлов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Мудофаа вазирлиги ва Миллий телерадиокомпания билан ҳамкорликда ташкил этилди.

no792

Танловни ўтказишдан кўзланган мақсад мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, Ватан ҳимоячилари ҳаётини ёритиш, ҳарбий мавзуда қалам тебратадиган оммавий ахборот воситалари вакилларини рағбатлантиришдир.


Танловга телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари, интернет ва фото йўналишларида юзга яқин журналист ўз ижодий ишларини тақдим этди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари М.Солиев ҳарбий мавзуда қалам тебратаётган журналистларни ҳам ҳарбийларга қиёслади. Негаки, бугун сўз кучли ижтимоий таъсирга эга қудратли қуролга айлангани сир эмас.

Тадбирда танлов номинациялари бўйича ғолиб ва совриндонлар тақдирланди.

– Танлов совриндорлари қаторида бўламан, деб ўйламаган эдим, – дейди “Бунёдкор” ёшлар телеклуби мутахассиси Наргиза Қурбонова. – Бу соҳада ўз фаолиятимни энди бошладим. Ижтимоий тармоқларда тенгдошларим ўз йигитлик бурчини қандай ўтаётганини ёритиб бораман. Тўғрисини айтсам, менда ҳам Ватан ҳимоячиси деган шарафли касбни танлаш истаги пайдо бўлди.

– Ғолиб бўлганим мени янги ижодий изланишларга ундайди, – дейди нукуслик журналист Руслан Арзиев. – Иқлим шароити мураккаб бўлган Қорақалпоғистонда ҳарбийлар ўз хизмат бурчини шараф билан адо этмоқда.

Танлов ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамблининг чиқишлари тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Аблай Камолов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА