Уюшма халқаро медиа майдонда

2018-12-18T08:34:04+00:0017 Dekabr, 2018|Умумий янгиликлар, Янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 2018 йилдан чет мамлакатлар журналистик ташкилотлари билан бевосита тизимли алоқаларни йўлга қўйди. Хусусан, жорий йилнинг 14 ноябрида Москва шаҳрида Россия томони билан ўзаро келишувга мувофиқ Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Россия Журналистлар уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув имзоланди. Келишув ҳар икки томон иштирокида ишлаб чиқилди ва мамлакатларимиз оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Унинг доирасида журналистлар учун медиа турлар, ОАВ соҳасидаги муҳим ва долзарб масалалар бўйича ахборий сафарлар ташкил қилинади, биргаликда медиафорумлар ўтказилади, мамлакатларнинг йирик ОАВ ўртасида ўзаро борди-келдилар, ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади. Ўзбек журналистларининг Россиянинг йирик ОАВда малака оширишлари ташкил этилади. Таниқли россиялик журналистларнинг мамлакатимизда маҳорат дарслари ташкиллаштирилади ва бошқа тадбирлар амалга оширилади.

Айни пайтда Қозоғистон Журналистлар уюшмаси ҳудди шундай ҳужжатни имзолаш режалаштирилган.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мамлакатда журналистика соҳасида ўтказилаётган халқаро тадбирларда ҳамкор ташкилот сифатида кенг иштирок этиб келади. Хусусан, Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси томонидан ўтказилаётган халлқаро медиафорумлар бевосита Ижодий уюшма билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” Миллий мукофоти халқаро танловига мамлакатимизда фаолият олиб бораётган халқаро ва чет эл ташкилотлари катта қизиқиш билан муносабатда бўлмоқда. ЮНЕСКО, БМТ ахборот маркази, Жаҳон банки, Европада Хавфсизлик ва хамкорлик ташкилоти, “Регионал мулоқот”(Словения)нинг Ўзбекистондаги ваколатихоналари уюшманинг кўп йиллик ҳамкори ҳисобланади. Кейинги йилларда улар сафига Европа Иттифоқи ваколатхонаси, АҚШ, Хитой Халқ Республикаси, Туркия, Грузия, Озарбайжон Республикаларининг Ўзбекистондаги элчихоналари, Германиянинг DVV Internasional, Гёте институти ва бошқа халқаро ташкилотлар қўшилди. Ўтган вақт давомида улар томонидан танлов доирасида эълон қилинган номинациялар бўйича 100 га яқин журналист тақдирланди. Журналистлар учун таъсис этилган мукофотлар орасида кейинги йилларда чет эллардаги йирик медиа тузилмалар ва оммавий ахборот воситаларида малака ошириш, халқаро конференцияларда қатнашиш кўзда тутилган сафарлари тобора кўпаймоқда. Хусусан 2017 йил давомида бир нафар журналист Британияда, бир нафари Швейцарияда, 16 нафар журналист Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтди. 2018 йили 4 журналист Туркияда, 2 нафар журналист Озарбайжон, 2 та журналист, Грузия, 4 нафар журналист Хитой Халқ Республикаси ОАВда тажриба алмашди.

Шарҳ қолдириш