Ўтмиш ва бугунни боғловчи кўприк

2019-10-21T05:33:10+00:0021 Oktabr, 2019|Навоий вил.|

Ўзбекистонда архив тизими ташкил топганлигига 100 йил тўлди. Ўтмиш ва бугунни боғловчи бу масканлар бугун бизга тарихдан сўзламоқда. Аслида ҳам ҳар бир кунимиз, қилган ишларимиз шахсий архивимиз саҳифаларида муҳрланиб бораверади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят Архив иши ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ушбу муҳим санага бағишлаб брифинг ва матбуот анжумани ташкил этилди.

Дастлаб брифингда вилоят Архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Сайёра Бекова архив соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўтган даврда соҳада эришилган ютуқлар хусусида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот тақдим этди.  Шундан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида журналистлар соҳа вакилларидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига жами вилоят давлат архивларида 272750 сақлов бирлигида ҳужжатлар сақланмоқда.

Шундан, 196528 сақлов бирлигини доимий, 76222 сақлов бирлигини шахсий таркибга оид, 9220 сақлов бирлигини алоҳида қимматли, 1491 сақлов бирлигини шахсий келиб чиқиш, 1032 сақлов бирлигини фото ҳужжатлар ташкил этади.

— Анжуманни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда архив тизимидаги ютуқлар ва мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш орқали жамоатчилик фикрини шакллантиришга қаратилди. Бугунги кунда вилоятимизда вилоят давлат архиви, 7 та туман-шаҳар давлат архивлари ва 4 та шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Айни пайтда вилоятимиз архив тизимида 100 га яқин архивчилар фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 90 фоиздан ортиғи ёшлардир, — дейди вилоят Архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Сайёра Бекова.

Матбуот анжумани доирасида ташкил этилган турли йиллардан садо берувчи тарихий суратлар ва ҳужжатлар кўргазмаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Архив – тарбия ўчоғи ҳисобланади. Ҳужжатларни архивда сақлашдан асосий мақсад, улардан самарли фойдаланишга қаратилган. Бугун архив ҳужжатлари асосида қанчадан-қанча асарлар, кинолар, илмий изланишлар амалга оширилаяпти. Жараёнда бу даргоҳлар ҳақиқий ва асосли манба вазифасини ўтаяпти. Биргина 2018 йилнинг ўзида вилоятимизда архив ҳужжатлари асосида 10 дан ортиқ илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилгани ҳам фикримизнинг бир далилидир.

Бир асрлик тарихга эга архив тизими сақловида бугун қанчалик муҳим ва илмий ишларга асос бўлувчи ҳужжатлар сақланмоқда. Энг муҳими, архив даврлар гувоҳи, у ўз даври тўғрисида гувоҳлик беради. Зеро, бу тарихий ҳужжатларни келажак авлодга етказиш, ёшларимизни миллий қадриятларга муносиб этиб камол топтириш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиздир.

Отабек АСЛОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 Навоий вилояти бўлими раиси.