Уста

2019-08-12T12:07:02+00:0011 Yanvar, 2019|Ҳикоялар|
Уста Соатнинг бозори касодга учради. Қоркурак ясай деса, қишлоқда саноқлигина одамнинг томи шиферсиз. Одамлар молхонаси-ю қўра-қўтонидан тортиб товуқ катагигача шиферлаб олган. Томга тушган қор борки, ўзи эриб кетаверади. Устига устак олдингидек қалин қорлар ҳам йўқ, қоркуракни олиб йўл очайин, деса! Авваллари кўп қор ёғарди. Унча-мунчага эримасди. Уста Соат шу замонларни, болалигини эслади. Тизза бўйи бўлиб ёққан қорлар кўз олдидан ўтди. Ҳамма эрталаб туриб қор курашга тушарди. Қуёшнинг заррин нурлари ерга тушиб, қорни эритмасидан туриб ишга киришилардики, бугун улар худди эртакдек туюлади.
Илгарилари устанинг ошиғи олжи эди. Қишлоқда ундан бўлак уста йўқ эди. Унга одамларнинг иши кўп тушарди. Айниқса, кузда, тўйлар кўпайган кезларда қўли қўлига тегмасди. Қишлоқда қиз узатаман ё ўғил уйлайман деган одам борки, унинг олдига келарди: уста ака тўй бошлаб қўйдик, пишиқроқ қилиб бир сандиқ ясаб беринг. Ёки бўлмаса, қаҳратон қиш кунлари “Уста ака, қоркурагим синиб қолди, томдан тушибоқ, чопиб олдингизга келяпман”, дегичлар қанча эди? Уста бир куни ёти-иб, шуларни ўйлади. Меҳр билан ясаган тол бешиклари, марҳумнинг жуссасини ўзича чамалаб ясаган омонат тобутлари, барчаси бирма-бир кўз ўнгидан ўтди. Кўнгли беихтиёр шу дамларни қумсади. Ажабтовур ишлар бўлиб кетди, хаёлидан ўтказди. Кейинги пайтларда одамлар бешик ҳам ясатмай қўйди. Ҳу ўша, Оқ тўнли тоғларини ўзларига макон қилган қўйчивонларни айтмаса, биров устахонасига мўралай демайди. Қўйчивонлар ҳам устани аҳён-аҳёнда йўқлаб туришади.
Устанинг фикрича, шаҳар кўрган бир-икки олифта қишлоқ одамларини бузди. Шаҳардан турли матоҳлар билан безатилган бешик олиб келиб. Шундан буён отлиси ҳам, пиёдаси ҳам чақали бўлар-бўлмас шаҳарга қараб чопади. Бу даҳмаза нимага керак, уста тушунмайди. Авваллари фалончининг хотини ё келинининг кўзи ёрибди, деб эшитса, устанинг пилиги ёниб кетарди. Дарров чорбоғ оралаб, тол новдаларини қирқиб чиқар ва гудакка умр тилаганича бешик ясашга тушарди. Устанинг кўнгли шу дамларни тусайди.
Ўзи устанинг пешонаси шўр экан. Буни қарангки, бугун у ясаган тол тобутларга ҳам ҳожат йўқ. Қишлоқда фақат биргина тобут борки, аза бўлган жойда ҳозиру нозир. Олдингидек ҳар бир марҳум учун алоҳида тобут ясалмай қўйди.
“Нима бўлганида ҳам шу омонат тобутлар дуруст эди”, хаёлидан ўтказди уста. Енгил ва ўлган одамга лоппа-лойиқ бўларди. Ҳозирги якка тобутчи? Биринчидан оғир ва бесунақай. Ичига кичикроқ жуссали иккита ўлик сиғади. Тол тобутнинг яна бир афзаллиги у ҳўл ва марҳумга содиқ эди. Чунки у қабр тепасида марҳумнинг охирги улови сифатида қоларди. Ҳозирги ҳашамдор тобутчи? Кимсасиз чўлда йўловчини тушириб кетган уловдан фарқи йўқ…
Уста шуларни ўйлар экан, кўнглидан бир фикр ўтди: наҳотки одамлар шуни тушунишмаса? Ҳеч бўлмаса одамнинг охирги улови ўзига қолса, уни бошқа бировлар минмаса…
У шу тобда ҳарбий хизматда кўрган ғайридинларнинг одатини эслади. Уларда ҳар бир ўликнинг ўзига тегишли тобути бор. Унга ўзидан бошқаси эгалик қилолмайди. Устанинг беихтиёр ғайридин ҳамкасбларига ҳаваси келиб кетди…
Уста ичини ҳеч кимга ёролмади. Фақат тезроқ ўлгиси ва ўзи учун толдан алоҳида тобут ясаб қўйгиси келди. Чорбоққа кириб, тол новдаларини эринмай қирқди. Яхшилаб қиртишлаб, новдаларни пўстидан айирди. Сўнг қалин ва юмшоқ “ичак ип” билан бир-бирига маҳкамлаб боғлади. Анчадан бери тобут ясамагани ёки билакларидан куч кетгани учунми, анча уринди. У худди биринчи марта тобут ясаётгандек эди…
Уста тобутни чорбоғнинг панароқ жойига, йўнғичқапояга судраб бориб, қўйди ва анча хотиржам тортди.
Офтоб қишлоқ адоғидаги чўл қаърига имиллаб бота бошлади. Шафақ унсизгина ўлаётган кампирдек секин-аста сўна бошлади. Бироз ўтиб гунг ва кар тун борлиқни чулғади.
Эрта тонгда устанинг уйида одамлар тўпланишди. Уста уларнинг қуршовида қишлоқдаги не-не одамларни сўнгги сафарига элтиб қўйган якка тобутда боқий ҳаёт сари йўл олди. Ясаган охирги тобути эса савил қолди. Ёмғирларда намиқди, ерга ботиброқ ўрнашди. Осмон тиниқлашди, ер қизиди. Ям-яшил майсалар бош кўтарди. Тиканлар ўсиб чиқа бошлади. Тол тобут ҳам куртак чиқармоққа уринди, лекин мажоли етмади. Кун сайин яшнаётган ўтлар, тиканлар орасида аста-секин қурий бошлади.
Раимқул СУЯРОВ