“Ҳуррият” муаммоси ечими журналистларга боғлиқ

2019-01-23T13:46:01+00:0023 Yanvar, 2019|Рукнсиз, Умумий янгиликлар|

Журналист, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ходими сифатида марказий ва ҳудудий газета ва журналларни имкон даражасида ўқийман, телерадиоканаллар, веб-сайтларни, хусусан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА веб-сайтини доимий кўзатиб бораман.

Жорий йилнинг 12 январь куни ЎзА сайтида устоз Аҳмаджон Мелибоевнинг “Ҳуррият” мухлислари қаердасиз?” (Мақола “Ҳуррият” газетасининг нашр этилмаётгани ҳақида ёзилган) сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Шундан кейин сайтда мавзуга оид  материаллар “ёмғири” бошланди – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар  О. Тошбоев, М. Обидовларнинг “Ҳуррият” қуёши ботди…ми?”, “Ҳуррият”ни кутяпмиз – йиқилганни тепкиламанг ҳамкасблар!”,  филология фанлари бўйича фалсафа доктори Б. Алимовнинг “Ҳур замонга “Ҳуррият” керакмасми?”, Самарқанд вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф. Тошевнинг ““Ўзбекистон матбуотини”ни йўқотиб улгурдик, “Йўқолиш” навбати “Ҳуррият”гами?…”, “Жамият” газетаси бош муҳаррири М. Жонихоновнинг “Ҳуррият” дарди – матбуот дарди”,  Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Я. Қўчқоровнинг “Ҳуррият” олдидаги қарз”, “Қашқадарё” газетаси бўлим муҳаррири Н.Эгамовнинг “Ёнаётган газета” сарлавҳали материаллари пайдо бўлди. Шунингдек, бошқа бир қатор ОАВларида ҳам мавзуга доир материаллар эълон қилинди.

ЎзА сайтида кўтарилган ушбу масалага устоз журналистлар томонидан муносабат – тегишли фикр-мулоҳазалар билдирилгани эътиборга молик – ижобий ҳолат. Масаланинг ОАВларида бундай кенг муҳокама қилингани миллий журналистикамизнинг эркинлашиб, ривожланиб бораётганидан далолат беради. Устоз ва ҳамкасбларимизнинг севимли газетамиз “Ҳуррият”ни эртанги куни, тақдири ҳақида ўйлаётгани, куюнчаклик билан  қайғураётгани  эса таҳсинга лойиқ.

Йил бошидан бери бир қанча ҳамкасб таниш-билишларим: “Ҳуррият”  қачон чиқади, унга қанча одам обуна бўлибди, нега уни қўллаб-қувватламаяпсизлар” деган гапларни кўп айтди, бу жараён ҳануз давом этмоқда. Уларнинг гап-сўзлари, юқорида сарлавҳалари номи келтирилган мақолаларда билдирилган фикрлардан ҳам Уюшма муассис сифатида “Ҳуррият”га ёрдам, молиявий кўмак бермаяпти,  деган  қараш  англанади.

Таъкидлаш жоиз, Уюшма “Ҳуррият” чиқишини таъминлаш учун ваколати доирасида барча ишларни бажариб келмоқда. Мисол учун, 2018 йилда Уюшмамиз ва  Республика товар – хом ашё биржаси ўртасида тузилган “Дўстлар клуби” томонидан газета босмахона харажатлари учун  100 миллион 158 минг 932 сўм  ажратилди. “Ҳуррият”га 120 нафар фахрий журналистларни обуна қилинишини таъминлаш мақсадига йигирма икки миллион 421 минг 600 сўм йўналтирилди.  Таҳририят интернет тезлигини оширишга беш миллион 486 минг сарфланди. Жамоа ходимларига моддий ёрдам кўрсатишга қарийб 40 миллион, 2018 йил давомида эса жами 167 миллион 306 минг 675 сўм “Ҳуррият”га туҳфа этилди.

Мазкур материални тайёрлаш асносида бир неча марказий газеталаримиз бош муҳаррирлари билан телефон орқали суҳбатлашдим. Уларнинг аксарияти газетаси муассиси тайинли моддий-маънавий ёрдам кўрсатмаганидан нолиди.

Шундай бўлса-да, улар жон сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Қийинчиликлар эвазига бунга эришган ҳам. Бу билан “Ҳуррият” чиларни айбламоқчи эмасман. Улар тарғибот-ташвиқот, обуна ташкил этиш  ишларини кўнгилдагидек олиб борди, деб ҳам айтолмайман.

“Ҳуррият” – журналистлар газетаси. Юртимиз оммавий ахборот воситалари ижодкорларини бирлаштирган ушбу нашрда энг сара журналистик материаллар чоп этиб келинган.  Газета обуначиларининг асосий қисми журналистлар ҳисобланади. Маълумотларга кўра, 2019 йил учун “Ҳуррият”га атиги етти юз нафарга яқин газетхон обуна бўлган. Бугунги кунда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида тахминан 10 минг нафардан зиёд журналист фаолият юритади. Уларнинг 30 фоизи “Ҳуррият”га обуна бўлган тақдирда ҳам газета бундай муаммога дуч келмаган бўларди.

Ўқитувчиларнинг “Маърифат”га обуна бўлмаганини тушуниш қанчалик қийин бўлса, журналистларнинг “Ҳуррият”га ёзилмагани шунчалик ўйлантирадиган масала.

 Таниқли журналист Фармон Тошевнинг ЎзА сайтида эълон қилинган материалидаги қуйидаги жумла кўнгилни ёриштиради: “Самарқанд вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси раҳбари М.Ибодуллаев, “Пахтакор овози” (Нарпай), “Ургут садоси”, “Оқдарё овози” газеталари муҳаррирлари Т.Тошмуродов, С.Тайлонов, Й.Муҳаммадиев билан келишиб, дам олиш кунлари ҳар биримиз “Ҳуррият”га беш нусхадан обуна уюштирдик. Бу ишни эртадан бошқа муҳаррирлар ва ўзимиз ҳам давом эттирамиз.”

Ишончим комил, агар ҳар бир вилоятда, туман ва шаҳарда  шу тарзда иш олиб борилса, “Ҳуррият” нинг тиражи биз истаган нусхадан ҳам ошиб кетади. Демак, масала ечими ўз қўлимизда.

Обунаси тушиб кетган газета биргина “Ҳуррият” эмас. Аксарият газеталарга обуна ўтган йилга нисбатан кескин камайиб кетган. Бир қанча нашрлар ёпилгани, ёпилиш арафасида тургани ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳолат – коньюктура тақозоси.

Ҳозир миллий медиа майдонимизда ўзаро рақобат, синов ва ўтиш даври ҳукм сурмоқда. Таҳририятлар ҳам бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳаракатни янгича қараш ва режалар асосида изчил давом эттириши, аввалги даврлар ўтганини, бозор шароитига мослашиш зарурлигини, акс ҳолда муаммоларга дуч келиши мумкинлигини  ҳис қилиш керак.

Шунингдек, газетада нимани, қанча ҳажмда чоп этиш, газетхонлар қалбидан қандай қилиб жой олиш ҳақида кўпроқ ўйлаш муҳим аҳамиятга эга.    Устоз, “Ўзбекистон овози” – “Голос Узбекистана” газеталари бош муҳаррири Сафар Остонов таъкидлаганидек, мамлакатимизда кечаётган бугунги жараёнлар ва одамлар қизиқиши, талабидан келиб чиқиб, газеталар қиёфасини ҳам, мавзуларини ҳам ўзгартириб бориши лозим.  Одамларни қийнаб келаётган, уларга фойдаси тегадиган масалаларни, жамиятнинг оғриқли муаммоларини, маънавий озуқа берадиган мавзуларни кўпроқ ёритиш зарур. Эҳтимол шунда нашрга эътибор ошади, газета обуначилари кўпаяди.

Соҳамиз янада ривожини таъминлаш, кейинги йилларда бундай муаммолар юзага келмаслиги учун ислоҳотлар қилиш вақти келганини унутмаслик, мавжуд қонунчилигимизга, таҳририят фаолиятини молиялаштириш тартибига аниқлик киритилиши даркор.

“Ҳуррият” муаммосига қайтадиган бўлсак, Уюшма газета таҳририятига  ўз қонуний ваколати ва имконияти даражасида қўллаб-қувватлаш  борасидаги ишларни бундан буён ҳам давом эттиради.

 

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раиси ўринбосари

Шарҳ қолдириш