“Ўнта қўй нима бўлади?”

2020-01-15T09:58:32+00:0015 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Дарсдан қайтаётгандим, ногоҳон кўпқаватли уйлардан бирининг кириш эшиги ранг-баранг шарлар, ялтир-юлтур тасмалар билан безатилаётганига кўзим тушди. Атроф топ-тоза.

Болалар қувончдан бир-бирини қувлаб, рангдор шарларини ҳавода ўйнатиб югуришарди. Кўринишидан яқиндагина оила қурган бир неча янгалар атрофни безаштишарди. Қизиқишим ортиб, шу атрофдаги ўриндиқлардан бирига жойлашиб, уларни бироз кузата бошладим. Хонадон деразасига сариқ рангли ҳарфлар билан “НОИЛА”, деган сўзлар аскарчалардек тизиб қўйилган.

Ана, мультфильм қаҳрамонлари ҳам пайдо бўлишди. Англадимки, бу ерда Ноила исмли қизнинг туғулган куни нишонланяпти. Қандай бахтиёр қиз экан-а, деган фикр хаёлимдан ўтди. Аммо, ҳеч қанча вақт ўтмай, совғага олиб келинаётган бешик, велосипед, болалар краватчаси ва аравача барча тахминларимни йўққа чиқарди. Бироздан сўнг, хонадон атрофини карнай-сурнай садолари ва машиналар шовқини босиб кетди. “Байрам қаҳрамони” ҳали туғулганига бир ҳафта бўлмаган гўдак экан…

У онасининг бағрида атрофдаги шовқин-сурондан беҳаловат бўлиб, ғалати қўзғалиб қўярди. Болаларнинг, “укам келди», “синглим келди» дея ҳайқиришлари, созандаларнинг бор маҳоратини кўрсатиб, куйларни чалиши болани уйқудан уйғотди. Ҳамма тўй соҳиблари — ота-онани қутлаш билан оввора. Бир томонда эса суратчи бу лаҳзаларни тарихга муҳрламоқда.

Хўш, бу дабдабаларнинг барчаси гўдак Ноилага нима учун керак?! Одамлар йиллар давомида йиғиб-терганини мана шундай “очил дастурхон»ларга сочади. Етмаганига қарз ҳам кўтаришади. Бу каби ҳаракатларимиз билан кимга ва нимани исботламоқчимиз?

Беихтиёр эсимга ўша “Маҳаллада дув-дув гап” киносидаги тўй воқеаси тушди: “Ўнта қўй нима бўлади?..”. Чақалоқ Ноилахон бехабар, ота-онаси қанча чиқимга тушди экан? Катта бўлганида: “Гўдаклигингда қарз кўтарганмиз, энди турмушга чиқаяпсан, яна қарз кўтарамиз”, дейишса, унга оғир ботмасмикин…

Гарчи кейинги пайтда жамоатчилик, маҳалла кўй фаоллари одамларни ортиқча харажатдан сақлашга ҳаракат қилишаётган бўлса-да, афсуски, исрофгарчиликлар ҳали-ҳануз барҳам топаётгани йўқ. Олиб келинган совғалардан ташқари, тоғора-тоғора пишириқлар, сомсаю норин, қовурдоқлар ҳамёнингизни анчагина бўшатиб қўяди, шундай эмасми?!

Энди машиналар, созанда, фотосуратчи, мультфильм қаҳрамонларига кетган харажатларни ҳам қўшиб ҳисоблаб кўринг-га…Ҳали ҳеч нарсага ақли етмайдиган, тинчлигу осойишталикдан бошқа нарса керак бўлмайдиган бу гўдакка шунча даб-даба шартми? Ундан кўра, харажатларни бироз қисқартириб она-боланинг саломатлиги ҳақида ўйласак, мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

Албатта, аҳоли муҳокамасига қўйилиб, билдирилган фикр ва таклифлар инобатга олиниб, қонун чиқарувчи қўйи палата томонидан такомиллаштирилган, Сенат томонидан тасдиқланган тўй, оилавий маросим ва маракаларни тартибга келтирувчи қонун кучга кирганлигини кўплар қатори мен ҳам эшитдим. Аммо, барибир, айрим ўзига тўқ юртдошларимизнинг ақлга сиҚмас ҳолатлар ҳали ҳануз давом этаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?

Хаёллар оғушида уйимга йўл оламан. Бошқалар ҳам шундай ўйлашармикан?

Нафосат ОЛМОСОВА.

 Манба «Ҳуррият» газетаси.