Низоми2020-03-19T09:56:13+00:00
Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги томонидан

2019 йил ___  ______________

_____________  -сон билан

“ҚАЙТА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛГАН”

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг

2019 йил 17 июлдаги конференциясида

“ТАСДИҚЛАНГАН”

 

ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИ ИЖОДИЙ УЮШМАСИ УСТАВИ

(янги таҳрирда)

 

Тошкент шаҳри

 

 

  1. I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

  1. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси (бундан буён Уюшма деб юритилади) Уюшма аъзоларининг ушбу Уставда белгиланган мақсад ва вазифалариин ҳамкорликда амалга ошириш мақсадида ташкил этилган мустақил, ўзини ўзи бошқарувчи жамоат бирлашмаси шаклидаги нотижорат ташкилотидир.
  2. Уюшма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, Ўзбекистон Республикаси “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур Уставга мувофиқ амалга оширади.
  3. Уюшма унинг аъзолари томонидан ихтиёрийлик, ошкоралик, тенг ҳуқуқлилик, қонунийлик асосида тузилган бўлиб, ўзини ўзи бошқариш тамойилига кўра фаолият олиб боради.
  4. Ушбу Устав қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб Уюшма юридик шахс ҳисобланиб, ўзининг мустақил балансига, муҳр ва штампига, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган рамзига, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига ва бошқа зарур реквизитларига эга бўлади.

Уюшма Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган тартибда ўз байроғи, эмблемаси, вимпели ва бошқа рамзларига эга бўлишга ҳақли.

  1. Уюшма давлатнинг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди. Ўз навбатида, давлат Уюшма ва унинг аъзолари мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди. Шунингдек, Уюшма аъзолари Уюшманинг мажбуриятлари учун, Уюшма эса ўз аъзоларининг мажбуриятлари учун жавоб бермайди.
  2. Уюшманинг барча аъзолари тенг ҳуқуққа эга.
  3. Уюшма фаолиятидан олинган даромадлар Уставда назарда тутилган мақсадлар учун йўналтирилади, Уюшма аъзолари ўртасида тақсимланмайди.
  4. Уюшма фаолиятининг муддати чекланмаган.
  5. Уюшма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.

Уюшма ўзининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ халқаро ва хорижий журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик қилади, журналистларнинг халқаро ва бошқа уюшмаларига кириши ва улардан чиқиши мумкин.

  1. Уюшманинг тўлиқ номланиши:

ўзбек тилида кирилл алифбосида: тўлиқ номи – Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси. Қисқартмаси – ЎзЖИУ.

ўзбек тилида лотин алифбосида: тўлиқ номи – O’zbekiston Jurnalistlari ijodiy uyushmasi. Qisqartmasi – O’zJIU.

Рус тилида: тўлиқ номи – Творческий союз журналистов Узбекистана. Қисқартмаси – ТСЖУз.

Инглиз тилида: тўлиқ номи – Creative union of Uzbekistan journalists. Қисқартмаси – CUUJ.

  1. Уюшманинг доимий фаолият юритувчи раҳбар органи манзили: 100011, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй.

 

  1. Асосий йўналишлар ва вазифалар

 

  1. Уюшма фаолиятининг асосий йўналишлари:

Уюшма аъзоларининг моддий ва манънавий манфаатларини, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, газета-журналлар, телерадиоканаллар, нашриётлар, ахборот агентликлари ва  интернет нашрларида ишлаётган журналистларнинг, шунингдек,  эркин  ижодкорларнинг ижодий ҳамда муаллифлик ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қимматини, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тегишли ижодий-услубий ёрдам ва кўмак бериш, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, моддий ва маънавий рағбатлантиришга кўмаклашиш;

Уюшма аъзоларига соғлом ижодий муҳит яратишга, машаққатли меҳнатини адолатли баҳолашга кўмаклашиш;

журналистларнинг  фуқаролик масъулияти ва ижтимоий фаоллигини ошириш, мамлакатимизда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий воқеалар, бунёдкорлик жараёнлари, юртимизда мавжуд улкан иқтисодий ва тарихий-маданий салоҳиятни мамлакат аҳолиси ва бутун жаҳон аҳлига таништиришга тизимли кўмак бериш;

сўз ва ахборот эркинлиги қарор топишига, фуқароларнинг босма ва электрон нашрлар орқали холис ва ҳаққоний ахборот олишга бўлган ҳуқуқларининг  кафолатларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

жамият ҳаётида демократия ва ошкоралик тамойилларини қарор топтириш мақсадида фикрлар хилма-хиллиги, турли қараш ва ёндашувларга кенг йўл очишга кўмаклашиш;

белгиланган тартибда матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунчилик яратилишида ва ижросини таъминлаш жараёнида иштирок этиш;

матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича социологик тадқиқотлар ўтказиш, улар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган концепциялар, таклифлар, тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ҳамда нашрлар муассисларига таклифлар киритиш;

журналистиканинг умумэътироф этилган касб ахлоқ-одоби тамойиллари асосида холис ва эркин журналистика маданиятини шакллантиришга кўмаклашиш;

жамиятда барча халқлар ва элатларнинг тили, маданияти, миллий анъаналарига ҳурмат билан ёндашиш, жамиятда тинчлик-осойишталик ва  миллат яхлитлигига  раҳна солувчи, миллатлараро ва динлараро низо уйғотишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатга муросасизлик муҳити қарор топишига кўмак бериш;

жамият тараққиётига тўғаноқ бўлаётган нуқсон ва иллатлар, муаммо ва камчиликларни холис ва ҳаққоний ёритиш юзасидан оммавий ахборот воситаларида чоп этилган танқидий-таҳлилий  материаллар мониторингини олиб бориш;

журналист кадрларнинг профессионал маҳоратини оширишга қаратилган,  муайян йўналиш ва соҳалар бўйича ихтисослашган ижодий кенгашлар, клублар, марказлар ва бошқа тузилмаларни белгиланган тартибда  ташкил этиш;

республика матбуот ва оммавий ахборот воситалари ижодий ва техник ходимларининг касб маҳоратини ошириш, уларнинг ижодий-амалий тажриба алмашувига кўмаклашиш;

журналист кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш юзасидан олий ўқув юрти муассасалари, вазирлик ва идоралар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;

давлат бюджети ва “Илҳом” жамоат фонди маблағлари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан ёш ижодкорларнинг китоблари, тўпламларни чоп этишга кўмаклашиш;

журналистларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонларга тавсия этиш;

босма, электрон ва бошқа оммавий ахборот воситалари саноати ривожига кўмаклашиш;

жойларда ижодий учрашувлар ўтказиш, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш.

  1. Уюшманинг асосий вазифалари:

Уюшма аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнат, турмуш ва дам олиш шароитларини яхшилашга ёрдам бериш, кекса, кўмакка муҳтож журналистларни қўллаб-қувватлаш;

матбуот ва оммавий ахборот воситаларида тил софлиги, теранлиги, услубий ранг-баранглик қарор топишига эришиш, журналистларнинг нотиқлик ва сухандонлик маҳоратини ошириш, манфаатли ташкилотлар билан ҳамкорликда семинарлар, мулоқот ва мунозаралар, ўзаро фикр алмашувларини ташкил этиш;

долзарб мавзуларда конференциялар, симпозиумлар, семинарлар, давра суҳбатлари, ижодий танловлар ва бошқа турли тадбирлар уюштириш;

ўзига хос ижод мактабини яратган ўзбек журналистлари, етук матбуот ходимлари тажрибасини оммалаштириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини қўллаб-қувватлаш ва кенг ёйиш;

ёш журналистлар билан мунтазам иш олиб бориш, касб маҳорати ошишига кўмаклашиш, белгиланган тартибда улар иштирокида турли клублар ва тўгараклар ташкил этиш;

мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ва халқаро журналистик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

соҳага оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

назарий ва амалий журналистикага оид халқаро эътироф этилган стандартлар, янгилик ва илғор тажрибаларни ўрганиш, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг миллий ва умуминсоний стандартларини ишлаб чиқиш ва улар ижросини таъминлашга кўмаклашиш ва бошқа вазифалар.

 

III. Уюшманинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

  1. Уюшманинг ҳуқуқлари:

Уюшма аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

ўз фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига таклифлар киритиш;

Уюшма аъзоси бўлган марҳум журналистларнинг ижодий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш;

Уюшма аъзолари орасидан  давлат мукофотлари, фахрий унвонлар ва бошқа мукофотларга номзодлар кўрсатиш;

Уюшманинг мукофотларини таъсис этиш;

миллий ва хорижий валютадаги кредитлардан фойдаланиш;

ўз мол-мулкига, жумладан, асосий ва айланма воситаларига эга бўлиш;

ўз рамзига эга бўлиш;

оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

ўз номидан битимлар тузиш, мулкий ва номулкий ҳуқуқларга эга бўлиш;

судда даъвогар ва жавобгар бўлиш.

Уюшма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

  1. Уюшманинг мажбуриятлари:

рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ҳисоботларни белгиланган тартиб ва муддатларда тақдим этиш;

Уюшма фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш;

Ушбу Устав талабларига амал қилиш.

Уюшма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ўз зиммасига олади.

 

  1. Уюшма аъзолигига қабул қилиш, аъзоликнинг тўхтатилиши ва аъзоликдан чиқариш

 

  1. Уюшма Уставини тан оладиган, матбуот ва оммавий ахборот воситаларида камида уч йиллик иш стажига эга ижодий ходимлар, шунингдек юридик шахсда штатлар жадвали асосида меҳнат қилмаса ҳам журналистик фаолият билан мунтазам шуғулланиб келаётган, шу билан бирга журналистика соҳасида илмий-тадқиқотчилик, педагогик, ташкилотчилик фаолияти олиб бораётган, кириш бадалини тўлаган, ўн саккиз ёшга тўлган ва Уюшма фаолиятида шахсан иштирок этаётган шахслар Уюшма аъзоси бўлиши мумкин. Бунинг учун номзоднинг марказий матбуотда йигирмадан зиёд ёки тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида қирқдан зиёд материаллари (мақолалари) ёхуд публицистикага оид камида битта рисоласи эълон қилинган бўлиши лозим.
  2. Уюшма аъзолигига кириш ихтиёрий бўлиб, номзод ҳужжатлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилиш, аъзоликка кириш ва бадалларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади.

Уюшмага аъзолик номзоднинг Бошқарув раиси номига ёзган аризаси, Уюшма аъзоси бўлган уч нафар журналистнинг тавсифномаси, тегишлилигига кўра Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимлари тавсиясига кўра Бошқарув қарорига асосан амалга оширилади.

  1. Уюшма томонидан аъзоликка қабул қилиш бўйича тегишли ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб уч ой ичида кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилиш учун Бошқарувнинг навбатдаги йиғилишига киритилади.
  2. Муқаддам Уюшма аъзоси бўлган касбий фаолиятини тўхтатган журналистика фахрийларининг Уюшмага аъзолиги тегишли бадаллар тўланмаган ҳолда сақлаб қолинади.
  3. Кириш ва аъзолик бадали миқдори Бошқарув қарорига кўра белгиланади.
  4. Уюшма аъзоларига аъзолик билети ҳамда Уюшманинг кўкрак белгиси Уюшма бошқаруви йиғилишида топширилади.

 

  1. Уюшма аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

  1. Уюшма аъзоларининг ҳуқуқлари:

белгиланган тартибда Уюшма фаолиятига доир барча масалаларни муҳокама этиш ва қарор қабул қилишда қатнашиш;

Уставга асосан Уюшманинг сайланадиган органларига номзодлар кўрсатиш, сайлаш ва сайланиш;

касбий вазифаларини адо этишда Уюшмадан ижодий ва ҳуқуқий ёрдам олиш;

Уюшма томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш;

дам олиш, саломатлигини тиклаш, ижодий фаолиятини яхшилашга қаратилган шарт-шароитлардан фойдаланиш, ижтимоий ва моддий ёрдам олиш;

ихтиёрий равишда Уюшма аъзолигидан чиқиш.

  1. Уюшма аъзоларининг мажбуриятлари:

Уюшма Уставига риоя этиш;

мамлакатимизда Ватан равнақи, халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, одамлар онгида рўй бераётган янгича дунёқараш, миллий ўзликни англаш ва юксалиш жараёнларини, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатига оид инсонпарварлик тамойилларини, мавжуд муаммо ва камчиликларни мамлакат ичида ва ундан ташқарида холис ва ҳаққоний ёритиш;

мазкур Устав доирасида Уюшма раҳбар органлари қарорларини бажариш;

ўз ижоди ва ишлари билан Уюшма фаолияти самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиш;

Уюшма ва унинг аъзолари манфаатларини ҳимоя этишда бирдамлик кўрсатиш;

касб маҳоратини муттасил ошириб бориш;

фаолияти давомида  журналист ахлоқ-одоби меъёрларига қатъий риоя қилиш;

аъзолик бадалини тўлаш;

Уюшма фаолиятини обрўсизлантириш ёки унга моддий зарар етказишга қаратилган ножўя ҳаракатларга йўл қўймаслик;

барча халқлар ва элатларнинг  тили, маданияти, миллий анъаналарига ҳурмат билан қараш, жамиятда қарор топган тинчлик-осойишталик ва миллат яхлитлигига раҳна солувчи, миллатлараро ва динлараро низо уйғотишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатга қатъий қарши туриш.

  1. Уюшма аъзоси қуйидаги ҳолларда аъзоликдан чиқарилади:

Уюшманинг Устави талабларини қўпол равишда бузганда;

Уюшма Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларига зид фаолият олиб борганда;

журналистнинг касб этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганда;

аъзолик бадалини тўламаганда;

сабабсиз бир  йил ижодий фаолият билан шуғулланмаган тақдирда;

суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

судланганлиги олиб ташланмаган бўлса;

ўз аризасига биноан.

 

  1. Уюшманинг раҳбар органлари
  2. Уюшманинг раҳбар органлари қуйидагилар ҳисобланади:

Конференция;

Бошқарув;

Раис.

Тафтиш комиссияси.

  1. Уюшманинг олий раҳбар органи Конференция ҳисобланади. У ҳар беш йилда камида бир марта Бошқарув томонидан чақирилади. Конференциянинг чақирилиши ҳамда унинг кун тартиби бир ой олдин эълон қилинади. Конференцияга вакиллик миқдори Бошқарув томонидан белгиланади. Навбатдан ташқари Конференция Бошқарув ёки Уюшма аъзолари умумий сонининг учдан бири ёхуд рўйхатга олувчи орган талабига биноан чақирилади. Навбатдан ташқари Конференцияда вакиллик миқдори муқаддам ўтказилган Конференциядаги вакиллик миқдори каби бўлади.
  2. Агарда олий раҳбар органни чақиришга ваколатли бўлган органнинг йиғилиш ўтказилишига етарли кворуми бўлмаса ёки бошқа сабабларга кўра раҳбар органлар томонидан олий раҳбар органни чақириш имкони бўлмаса, олий раҳбар орган рўйхатга олувчи орган ташаббуси билан ҳам чақирилиши мумкин. Рўйхатга олувчи орган ташаббуси билан олий раҳбар орган чақирилганда вакиллик нормаси ва сони муқаддам ўтказилган олий раҳбар орган йиғилишидаги тартибда бўлади. Рўйхатга олувчи орган томонидан олий раҳбар орган чақирилганда рўйхатга олувчи орган нодавлат нотижорат ташкилотининг ички ишларига аралашмайди.
  3. Конференция ваколатига қуйидагилар киради:

Уюшма фаолиятига тааллуқли барча масалалар юзасидан қарор чиқариш;

Уюшма бошқаруви аъзоларини, Бошқарув раисини ҳамда Тафтиш комиссиясини беш йил муддатга сайлаш ва муддатидан олдин уларнинг ваколатларини зиммаларидан соқит қилиш;

Бошқарув ва Тафтиш комиссияси ҳисоботларини эшитиш;

Уюшма Уставини тасдиқлаш ва унга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш;

Уюшмани қайта ташкил этиш ва тугатиш ҳамда бошқа ҳуқуқлар.

  1. Конференцияда аъзолар томонидан белгиланган тартибда сайланган вакилларнинг учдан икки қисми қатнашганда Конференция ваколатли ҳисобланади. Конференцияда қатнашган вакилларнинг ярмидан кўпроғининг овози билан қарорлар қабул қилинади. Овоз бериш тартиби (очиқ ёки ёпиқ) Конференция томонидан белгиланади.
  2. Бошқарув Конференциялар оралиғида Уюшманинг раҳбар органи ҳисобланади. Бошқарув беш йил муддатга сайланади, унинг таркиби Конференция томонидан белгиланади. Бошқарув мажлислари зарурат туғилган ҳолларда, аммо йилда камида бир марта ўтказилади.
  3. Бошқарувнинг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

Конференциялар оралиғида Уюшма фаолиятига раҳбарлик қилиш;

Уюшма фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш бўйича қарорлар қабул қилиш;

Конференциялар оралиғида бошқарув аъзоларини тасдиқлаш;

раис ўринбосарларини  вазифага тасдиқлаш, улар ўртасида хизмат вазифаларини тақсимлаш  ва вазифасидан озод этиш;

навбатдаги  Конференция кун тартибини тасдиқлаш учун киритиш;

Уюшма раиси ва бошқа раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш;

Уюшмага аъзолар қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш;

Уюшма ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш ҳамда уларнинг низомларини тасдиқлаш;

Уюшма рамзи, Уюшма аъзолик билети ва Уюшма кўкрак белгисининг ягона шаклини тасдиқлаш;

Уюшманинг йиллик иш режасини тасдиқлаш;

Уюшма штатлар жадвалини тасдиқлаш;

Уюшманинг ва унинг ҳудудий бўлимларининг йиллик молиявий харажатлари сметасини тасдиқлаш;

Уюшма мол-мулкини тасарруф қилиш;

Раис ва унинг ўринбосарлари, Уюшма аппарати, хизматлари, бўлимлари ва мутахассисларининг лавозим йўриқномасини тасдиқлаш;

Уюшма қошида юридик шахс мақомига эга бўлган тузилмалар-матбуот нашрлари, ижодий марказлар, телерадиоканаллар ва бошқа оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ва тугатиш;

журналистларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Уюшма Фахрий ёрлиғи, турли номдаги мукофотлар таъсис этиш ҳамда турли йўналишларда танловлар ташкил этиш;

ўз ваколатига кирадиган бошқа турли масалаларни кўриб чиқиш.

 

  1. Уюшмага Раис раҳбарлик қилади.

Раис:

Конференция ва Бошқарув мажлисларини олиб боради;

Конференция қабул қилган қарорлар ижросини таъминлайди;

давлат органлари, жамоат ташкилотлари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан Уюшма номидан иш юритади;

Уюшманинг молиявий ва банк ҳужжатларини имзолайди;

Уюшманинг пул маблағларидан Бошқарув  тасдиқлаган бюджет доирасида фойдаланади;

Уюшманинг штатига ходимларни ишга олади ва ишдан бўшатади;

Уюшманинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Уюшманинг таркибий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Уюшма ҳудудий бўлимлари Уставларини, ходимлар лавозим йўриқномаларини тасдиқлайди;

Уюшма аппарати ва ҳудудий бўлимлар ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантиради;

Уюшма аппарати ва ҳудудий бўлимлар ходимларига қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда интизомий чора кўради;

турли идора, муассаса ва ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда Уюшманинг ваколатли вакили ҳисобланади;

Бошқарув қарорига биноан Уюшма қошида юридик шахс мақомига эга бўлган тузилмалар – матбуот нашрлари ва марказлари, телерадиоканаллар ва бошқа оммавий ахборот воситалари таъсис ҳужжатларини, шунингдек Уюшманинг ҳудудий бўлимларини тузиш ва фаолият юритишига оид ҳужжатларни имзолайди, уларнинг раҳбарларини вазифага тайинлайди ва ишдан бўшатади;

ваколати доирасида бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

  1. Раиснинг меҳнат таътилида бўлиши, вақтинча бетоблиги, хизмат сафарида юрганлиги ёки бошқа сабабларга кўра унинг ваколатлари ва вазифаси тўлиқ ёки қисман бошқа шахсга юкланиши мумкин.
  2. Раис бирон-бир сабаб туфайли ёки ишдан четлаштирилганлиги ёхуд бошқа сабабларга кўра лавозимидан озод қилинганда Бошқарув томонидан унинг вазифасини вақтинча бажарувчи тайинланиши мумкин.

 

VII. Тафтиш комиссияси

 

  1. 35. Уюшманинг Тафтиш комиссияси Конференцияда 5 йил муддатга сайланади. Тафтиш комиссияси ўз таркибидаги аъзолардан 5 йил муддатга комиссия раисини сайлайди.

Тафтиш комиссияси аъзоси Уюшманинг бошқарув органлари аъзоси бўлиш ҳуқуқига эга эмас.

  1. Тафтиш комиссияси Конференция ва Бошқарув қарорларининг бажарилишини назорат қилади.
  2. Тафтиш комиссияси Уюшманинг молиявий-хўжалик фаолиятини бир йилда камида бир маротаба тафтишдан ўтказади. Тафтиш комиссияси ўтказилган йиллик текшириш натижаси бўйича Бошқарувга (умумий текширув натижалари бўйича Конференцияга) ҳисобот беради.

 

VIII. Уюшманинг ҳудудий бўлимлари

 

  1. Уюшманинг ҳудудий бўлимларига Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бўлимлари киради. Ҳудудий бўлимлар юридик шахс мақомига эга бўлади.
  2. Ҳудудий бўлимлар ўз фаолиятини мазкур Устав ва Бошқарув томонидан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширадилар. Бўлимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби, мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари, уларнинг раҳбар органлари бўйича батафсил қоидалар бўлимлар Низомида белгилаб берилади.
  3. Уюшманинг юридик шахс мақомига эга бўлган ҳудудий бўлимлари ҳудудий адлия органларида давлат рўйхатидан ўтказилиши ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган бўлимлар эса ҳудудий адлия органларида ҳисобга қўйилиши лозим.
  4. Ҳудудий бўлимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкка эга бўлиши ва тегишли ҳудудда қонун ҳужжатларига мувофиқ Уюшманинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириши ва бошқа ҳуқуқларга эга бўлади.

Ҳудудий бўлимлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан “Илҳом” жамоат фондига ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидия) ҳисобидан қопланади.

  1. Ҳудудий бўлимларни ташкил қилиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш, уларнинг мол-мулкини тасарруф қилиш ва штатлар жадвалини тасдиқлаш Бошқарув қарорига асосан амалга оширилади.
  2. Ҳудудий бўлимлар қонун ҳужжатларига риоя қилиш, Уюшма раҳбар органлари қарорларини бажариш ва бошқа мажбуриятларга эга бўлади.
  3. Ҳудудий бўлимларнинг тегишли ҳудуддаги раҳбар органлари бўлимларнинг Умумий йиғилишидир.

Бўлимларнинг Умумий йиғилиши таркиби тегишли бўлимнинг фаолият кўрсатиш ҳудудидаги Уюшма аъзолари вакилларидан таркиб топади. Ҳудудий бўлимларнинг Умумий йиғилиши беш йилда камида бир марта Уюшманинг раҳбар органларидан бири ёки бўлим раҳбари томонидан чақирилади. Умумий йиғилишнинг ваколатига Конференцияга вакиллар сайлаш ва бошқа ваколатларни амалга ошириш киради.

 

  1. IX. Уюшманинг мол-мулки ва уларни шакллантириш манбалари

 

  1. Уюшма ўз Уставида кўзда тутилган фаолиятини моддий таъминлаш учун уй-жой фонди, маданий-маърифий ва соғломлаштириш масканлари, асбоб-ускуна, инвентарлар, транспорт воситалари, пул маблағлари, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, интеллектуал мулк объектларига эгалик қилиш, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказиш, бинолар, иншоотлар ҳамда ҳар хил кўчар ва кўчмас мулкларга эга бўлиш, уларни сотиб олиш, ижарага бериш ёки ижарага олиш, қарзга ёки ҳақ эвазига бериш ҳуқуқига эга.
  2. Уюшма маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

давлат субсидиялари, грантлари, банк кредитлари;

Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди  маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий ҳомийлик ёрдами;

кириш ва аъзолик бадаллари;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Уюшма қонунларда белгилаб қўйилган тартибда ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, Уставдаги вазифаларни бажариш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлган корхоналар ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар барпо этиш ҳуқуқига эга.
  2. Уюшманинг ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлари унинг аъзолари ўртасида қайта тақсимланмайди ва ундан фақат Устав вазифаларини бажариш учун фойдаланилади.

 

  1. Ҳисоб ва ҳисобот
  2. Уюшма ўз фаолияти юзасидан ҳисоб юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

 

  1. XI. Уюшма уставига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш

 

  1. Уюшма Уставига қўшимча ва ўзгартириш киритиш Конференция қарорига асосан амалга оширилади.
  2. Уюшма Уставига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан тегишли тартибда қайта рўйхатдан ўтказилади.

 

ХII. Қайта ташкил этиш ва тугатиш

 

  1. Уюшмани қайта ташкил этиш ва тугатиш Конференция қарорига асосан амалга оширилади.
  2. Уюшмани тугатиш Конференция қарори билан ёки қонунларда назарда тутилган ҳолларда суднинг қарори асосида амалга оширилади.
  3. Уюшма тугатилганда кредиторларнинг талаби қондирилгандан кейин қолган мол-мулк Уюшма аъзолари, бошқарув органи аъзолари ёки Уюшма ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас. Мол-мулк Уюшма Уставида кўрсатилган мақсадларда сарфланади.

 

 

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси                                             С.ҲАКИМОВ