Аъзолик тартиби2020-03-19T09:51:40+00:00

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилиш,  кириш ва аъзолик бадалларини тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 Умумий қоидалар

  1. 1. Ушбу Низом Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси (бундан буён Уюшма деб юритилади) аъзолигига қабул қилиш тартиблари, кириш ва аъзолик бадалларининг тури,  миқдори,   тўлаш муддати, тартиби ва даврийлигини белгилайди.
  2. 2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва Уюшманинг Уставига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Уюшманинг устав мақсадлари ва фаолиятига зид эмас.

 

  1. ЎзЖИУга аъзо бўлиш тартиби

2.1. ЎзЖИУ Уставини тан оладиган, матбуот ва оммавий ахборот воситаларида камида уч йиллик иш стажига эга ижодий ходимлар, шунингдек юридик шахсда штатлар жадвали асосида меҳнат қилмаса ҳам журналистик фаолият билан мунтазам шуғулланиб келаётган, шу билан бирга журналистика соҳасида илмий-тадқиқотчилик, педагогик, ташкилотчилик фаолияти олиб бораётган, кириш бадалини тўлаган, ўн саккиз ёшга тўлган ва ЎзЖИУ фаолиятида шахсан иштирок этаётган шахслар ЎзЖИУ аъзоси бўлиши мумкин.

Бунинг учун номзоднинг марказий матбуотда йигирмадан зиёд, шу билан бирга, тегишили равишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида қирқдан зиёд материаллари (мақолалари) ёхуд публицистикага оид камида битта рисоласи эълон қилинган бўлиши лозим (Уюшма Уставининг 3.1.1 банди).

2.2. ЎзЖИУга аъзолик номзоднинг Раис номига ёзган аризаси, ЎзЖИУ аъзоси бўлган икки нафар журналистнинг тавсифномаси, тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлинмалари тавсияси билан ЎзЖИУ Бошқаруви қарорига асосан амалга оширилади. ЎзЖИУ аъзоларига аъзолик билети ҳамда ЎзЖИУнинг кўкрак белгиси Республика Бошқаруви йиғилишида топширилади (Уюшма Уставининг 3.1.2 банди).

2.3. ЎзЖИУ томонидан аъзоликка қабул қилиш бўйича тегишли ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб уч ой ичида кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилиш учун навбатдаги Бошқарув йиғилишига киритилади (Уюшма Уставининг 3.1.3 банди).

2.4.Муқаддам ЎзЖИУ аъзоси бўлган касбий фаолиятини тўхтатган журналистика фахрийларининг ЎзЖИУга аъзолиги тегишли бадаллар тўланмаган ҳолда сақлаб қолинади (Уюшма Уставининг 3.1.4 банди).

2.5. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилиниши мумкин бўлган «ижодий ходимлар» тушунчасига:

а) оммавий ахборот воситалари – газета, журналлар, ахборот агентликлари, теле ва радиоканаллар, веб-сайтларда журналистик фаолият олиб бораётган ходимлар, блогерлар;

б) телерадиоканаллар режиссёрлари, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар бошловчилари;

в) нашриётлар  ходимлари;

г) журналист кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртларидаги  соҳага оид фанлар ўқитувчилари;

д) ОАВнинг фотожурналистлари,

е) мамлакатда тегишли тартибда рўйхатдан ўтган ОАВ билан  ижодий  ҳамкорлик қилувчи эркин журналистлар  киради.

2.6.Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига аъзо  бўлувчилар шахсан қуйидаги ҳужжатларни  тақдим этишлари лозим:

а) аъзоликка қабул қилиш тўғрисида ариза;

б) иш жойидан  тавсиянома; (эркин ижодкорлардан иш жойидан тавсиянома сўралмайди)

в) таржимаи ҳол;

г) 2 нафар уюшма аъзосидан ёки камида 5 йиллик иш тажрибасига эга 2 нафар журналистдан тавсиянома;

д) аъзоликка номзоднинг ижодий салоҳиятини акс эттирувчи  матбуотда чоп этилган,  телевидение ва радиода эфирга узатилган, интернет сайтларида эълон қилинган  материаллари рўйхати;

е) 3 х  4  ўлчамидаги  (4 дона) фотосурати;

2.7. Номзодлар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Устави билан танишлиги, унинг қоидалари  ва  қабул  тартибига розилиги уюшмага аъзо бўлиш учун ариза қабул қилишга асос бўлади.  Бу жиҳатлар  аризада ёзма равишда ўз аксини топиши лозим.

Тавсияномаларда номзоднинг ижоди ҳақида қисқа ва лўнда (бир қоғозда) маълумотлар акс этиши лозим. Тавсия берувчилар ўзи тавсия этаётган шахсни яхши таниши, номзод Уюшма аъзолигига ҳар жиҳатдан муносиб эканига масъул саналади. Тавсияномалар  олти ой давомида кучда бўлади.

2.8.Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Уставига мувофиқ аъзоликка қабул қилинганлик тўғрисидаги  қарор  Республика Журналистлари ижодий уюшмаси бошқарувида тасдиқлангандан кейин кучга киради. ( Уставнинг 3.1.3 банди)

2.9.Аъзоликка  қабул қилишда  масъулиятни ошириш, шунингдек,  номзоднинг касбий маҳоратини холис баҳолаш мақсадида ЎзЖИУ бошқаруви, ҳудудий бўлимлар бошқарувлари қабул қилиш ишини кўриб чиқишни  юқори  касбий даражага  жавоб берувчи  материаллар  тақдим этилгунга қадар қолдириш ҳуқуқига эга.  Бундай ҳолатларда  ҳужжатлар  аъзоликка номзодга қайтариб берилади.

2.10.Аризаси ҳудудий  бўлимлар  бошқаруви томонидан рад этилган аъзоликка  номзоднинг аппеляцияси  Республика Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви томонидан  кўриб чиқилади.

2.11.Аппеляция  ариза кўриб чиқилган  кундан  бошлаб ўн кун давомида берилиши мумкин.

2.12.ЎзЖИУ бошқаруви  ҳудудий бўлимлар  бошқарувларига  аппеляцияни  қайта кўриб чиқишни топшириши мумкин.

2.13.ЎзЖИУ аъзолари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  бошқаруви томонидан берилган  ягона намунадаги билет ва кўкрак белгисига эга бўлади. (Аъзолик билети ва кўкрак нишони  намунаси  илова қилинади)

2.14.ЎзЖИУ аъзолигидан чиқариш тартиби;

а) ЎзЖИУ мақсад ва вазифаларига зид фаолият олиб борганда;

б)ЎзЖИУ Устави талабларини қўпол равишда бузганда;

в)Журналист ахлоқ-одоб меъёрларига амал қилмаганда;

г) сабабсиз бир  йил ижодий фаолият билан шуғулланмаган тақдирда

д) ўз аризасига биноан.

 

3.КИРИШ ВА АЬЗОЛИК БАДАЛЛАРИ МИҚДОРИ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ

  1. 3. 1. ЎзЖИУ аъзолигига кириш бадали бир марта тўланади. Кириш бадали мамлакатда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи (101.365 сўм), йиллик аъзолик бадали базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи (40. 546 сўм) миқдорида белгиланади.   Ишлаётган фахрийлар учун йиллик аъзолик бадали базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида белгиланади. Уюшмага кириш ва аъзолик бадали Уюшма марказий аппарати ҳисоб рақамига ўтказилади.

3.2.Уюшманинг 2019 йил 17 июль куни бўлиб ўтган конференциясида тасдиқланган  аъзолик  бадали (белгиланган аъзолик бадали миқдори) ЎзЖИУ аъзоси томонидан ҳар йили 1 март кунига қадар тўланади.

3.3.Уюшмага аъзолик бадали қабул қилиниши, тегишли тартибда қайд этиб борилади. Аъзолик бадали тўланмаган тақдирда аъзолик билети ҳақиқий эмас, деб топилади.

3.4.Уюшма аъзоси йиллик бадалларни тўлаш мажбуриятини муддатидан олдин бажаришга ҳақли.  Бир йилдан ортиқ вақт мобайнида бадаллар муддатидан олдин тўланган тақдирда тўлов жорий йил учун белгиланган миқдорда амалга оширилади.

3.5.Кириш ва аъзолик бадалларини тўлаш Уюшма ҳисоб рақамига ўтказиш орқали амалга оширилади.

3.6.Бадалларни тўлайдиган Уюшма аъзоларига ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади, белгиланган бадал пулини тўлаганини тасдиқловчи ҳужжат – чек берилади.

3.7.Йиллик аъзолик бадали миқдорига ўзгартиришлар киритиш ЎзЖИУ конференциясида кўриб чиқилади.  ЎзЖИУ аъзолари аъзолик бадали миқдори ўзгаргани ҳақида (ўзгартишлар кучга киргунга қадар камида ўн беш кун олдин)  ёзма равишда хабардор қилиниши керак ёки хабардорлиги аниқланиши зарур.

3.8.Белгиланган муддатда аъзолик бадали тўланмаган тақдирда,  Уюшма томонидан аъзолик бадалини тўламаган аъзога Уюшма Устави бузилганлиги ҳақида огоҳлантириш берилади. Огоҳлантириш берилган куни  30 кун ичида қарзни тўлаш таклифи билдирилган хабарнома юборилади.  Агар Уюшма аъзоси огоҳлантиришда кўрсатилган муддатда қарзни тўламаган бўлса,  уни ЎзЖИУ  аъзоларидан чиқариб ташлаш масаласи Уюшма бошқаруви йиғилишига киритилади. Агар қарз икки йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳам тўланмаса,  ЎзЖИУ  бошқаруви мажлиси ўтказмай аъзоликдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиш мумкин.

3.9.  ЎзЖИУ аъзолик таркибидан чиққан ёки чиқариб юборилган Уюшма аъзолари кириш ёки аъзолик бадаллари сифатида тўланган маблағларини қайтаришни,  шунингдек,  ЎзЖИУ га аъзолик билан боғлиқ бошқа харажатлари қопланишини талаб қилишга ҳақли эмас.

 

  1. АЬЗОЛИК БАДАЛЛАРИНИ ТАҚСИМЛАШ
  2. 1. ЎзЖИУ аъзоларидан Уюшма ҳисоб рақамига тушган маблағлар ЎзЖИУ марказий аппарати томонидан аъзолик билети ва кўкрак белгиси харажатларини қоплаш, ЎзЖИУ аъзолари ва фахрий журналистлар саломатлигини тиклаш, амалдаги қонунчилик ва Уюшма уставига зид бўлмаган бошқа мақсадлар учун фойдаланилади.
  3. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
  4. 1. Ушбу Низом 2019 йилнинг 17 июлидан кучга киради.