Ўйинми бу ёки ғирромлик?!

2020-01-15T05:11:04+00:0015 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Таажжуб

Яқин-яқингача Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида иккитагина: «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» телеканали бўлар эди. Энди эса республика миқёсида йигирмадан зиёд, ҳатто вилоят ва шаҳарларнинг ҳам давлат ва хусусий телеканаллари мавжудки, бугунги томошабинга  осон эмас. Телевизори пультини қайси каналда тўхтатишни билмай босаверади, босаверади… Шунда ҳам кўнглига ёққанини тополмайди шекилли… шартта ўчириб, «сотка»сини титкилашга тушади.

Холис айтганда, телекўрсатувларнинг аксарияти бири бирини такрорлашдан, доимий телесериаллар, бадиий фильмлар намойишидан иборат. Шу билан бирга, ҳафталик график асосидаги телеўйинлар билан банд. Бундан 15-20 йиллар аввал  ниҳоятда авж олган «Бахтли воқеа» сингари ютуқли кўнгилочар кўрсатувлар яна бугунги кунларда ҳам юқори нуқтага кўтарилди, десак ёлғон бўлмас. Асосан корхона ишлаб чиқарган маҳсулоти  бозорини чаққонлаштириш ва томошабинни жалб этиш мақсадидаги бу каби ўйинларни замонавий қиморбозликнинг бир кўриниши, десак адашмаймиз. «Борига барака», «Омад шоу», «Олтин калит» сингари йирик-йирик ҳомийлар паноҳидаги капитал шоулар биринчидан, халққа урро-урро билан маҳсулотни ўтказаётган бўлса, иккинчидан, одамларни ишламай, меҳнат қилмай гардкам ўйин орқали бо-йиб кетишга, ночор умидворликка  чорламоқда.

Майли, зарарлими, зарарсизми ширинликни ё шарбатни сотиб олиб, уйига олиб бориб, кўрсатувга телефон рақамини ташлаган фуқаро унчалик куймайди.  Ҳарқалай қуруқ эмас, маҳсулотни олган, истеъмол қилган.  Омади чопиб қолса, чақиришар, бир нимали бўлиб қолар. Аммо…

Яқинда кўзимиз тушиб қолди, Андижон вилоятидаги «Тараққиёт» телеканалида шу сингари «Миллион бир қадам» деб номланган кўнгилочар ютуқли ўйин бор экан. Унинг қоидаси жуда оддий: экранда савол акс этади ва унинг жавоби нечта ҳарфдан иборатлигини билдирувчи катакчалар. Бошловчи тинимсиз  телетомошабинга студия билан боғланиш учун маълум бир рақамга қўнғироқ қилиш лозимлигини таъкидлаб турибди. Қўнғи-роқнинг дақиқаси 2105 сўм эканлигини ҳам эслатади.

Бошловчи билан боғланиб, сўзни тўғри топган мухлис орқадаги «олма дарахти»дан хоҳлаган рақамдаги «олма»ни танлайди.  Шуниси борки, «олмалар» ютуқли бўлса унга «ю» ҳарфи ёпиштирилган, ютуқсиз бўлса ҳеч нимаси йўқ бўлади. Лекин шунда ҳам саволга тўғри жавоб топганнинг қўл телефонига 50 000 сўм пул ўтказилар экан.

Қизиқиш устунлик қилиб, астойдил кузата бошлайсиз. Тавба, саволлар шунчалик жўн, шунчалик оддийки, ҳатто уни боғча боласи ҳам бемалол топа олади. Мана улардан айримлари: «Онанинг опаси ё синглиси», «Қатиқ ивитиш учун ишлатиладиган суюқлик, томизғи», «Туйиб тайёрланадиган емиш»… Лекин студияга ҳадеганда қўнғироқ бўлавермайди. Ва, ниҳоят, кимнингдир овози келади. Аммо мантиқни қарангки, қўнғироқ қилган  киши жавобни айтиш ўрнига ёрдам сўрайди. Савол туғиладики,  телефон уёғидаги томошабин шунчалик гўлми ё бефаросатми оддий нарсани – «толқон» деган сўзни айтолмаса! Ҳатто бошловчи қиз қанчалик аниқликлар киритса ҳам «ҳарф сўраб» ялиниб турибди.

Вазиятни кўриб, сиз ҳам жим ўтиролмайсиз. Рақамни терасиз. Бироқ «сеть занято» бўлаверади. Юзинчими, икки юзинчими марта рақам терганингиздан сўнг у ёқдан ёқимли овоз эшитилиб, 1 ни босишингизни буюради. Босасиз. Шундан кейин яна ўша хушмуомала ойимқиз сизнинг «Тараққиёт» телеканали билан тўғридан тўғри боғланганингизни, тармоқ бандлиги учун кутиб туришингизни таъкидлайди.

Орадан уч-тўрт дақиқа ўтади ҳамки, сиз бошловчи билан уланолмайсиз. Нафасингиз қайтиб, телефоннинг қизил тугмачасини босасиз. Шу пайт кутилмаганда сизга хабар келади: «Балансингизда маблағ қолмади, ҳисобингизни тўлдиринг…»

Ана холос! Ҳозиргина йигирма минг сўмча пул бор эди-ку! Бошловчи билан уланмай туриб, кутишнинг ўзигаёқ шунча пулни шилиб олишса-я? Бу адолатдан эмас! Ҳа, бекорга жўн саволларни қўйишмас экан-да. Телефонда пули бор, мия-си бутун ҳар қандай томошабин бунақа пайтда қўнғироқ қилишдан ўзини тийиб туролмайди. Бошловчи билан улашмаса-да, жонон қизнинг куттиришига маҳтал бўлиб, балансидаги пулларидан айрилганини билмай ўтираверади. Бу ўтакетган ғирромлик эмасми? Жонли эфирдаги кўрсатув билан уланиш бир дақиқаси учун 2105 сўм деган гап ёлғон экан-да!

Қўнғироқ қилган томошабин ҳамманинг олдида бошловчи билан сўзлашсин, керак бўлса тортишсин эди – ана ундан кейин дақиқасига пул тўласа ҳаққоний бўлар эди. Зимдан улаб қўйиб, пулини ечиш мумкинми?

Аслида, меҳнат қилинмай, эгасини рози этилмай топилган пул, буюм – ҳалол саналмайди. Жумладан, ҳар қандай лоторея ва шунга ўхшаган маблағ сарфланган ўйинлар ҳам аввалда айтганимиздай қиморбозликнинг маданий кўринишларига ўхшайди. Мукофотли ўйинлар, интеллектуал саволларга жавоб излаш ва топиш, пировардида яхшигина совғага эга бўлиш – инсонни, хусусан, ёшларни китоб варақлашга, баҳс-мунозараларга киришишга чорлайди. Халқ ичида «Ўқиган – бой бўлади» деган нақл тезроқ илдиз отишига замин яратади.

Аммо оммага эрмак учун  савол бериб қўйиб, томошабинга юзланмай туриб, ширин имо билан уни алдаб,  киссасидаги пулни шилиб олиш – қароқчиликдан бошқа нарса эмас. Бу «кўнгилочар кўрсатув»да на тафаккур сари интилиш бор, на ҳалоллик учун қадам мужассам!

Рислиқхон МАЖНУНОВА.

 Манба: «Наманган ҳақиқати» газетаси.