Уйингизда кутубхона борми?

2019-08-12T11:50:12+00:001 Iyul, 2019|Ҳафта мақоласи|

Бугунги ёшларимизнинг маънавияти, маданияти ҳақида сўз кетса, очиқ гап, ҳижолатпазликдан андак қизариб-бўзариб олишга тўғри келади. Сабаби сир эмас. Уларнинг аксарияти жамоат жойда ўзини тутишни, муомала мада­ниятини билмайди. Енгил-елпи кун кечириш, сохтагарчилик фазилатга айланиб улгурди. Хўш, бундай ёшларни муқаррар маънавий таназзулдан қандай қутқариш мумкин?

Аввало, ёшларда китобга меҳр, ўқишга чанқоқлик уйғотиш зарур. Бу фикр, албатта, неча-неча бор қайта-қайта ўртага ташланган, шу сабабдан ҳам кўпларнинг энсасини қотириши турган гап. Лекин, начора, маънавий ҳалокатдан бизни фақатгина китоблар қутқара олади, хоҳласак-хоҳламасак-да, барибир яна шу фикр пойига бош қўяверамиз.

Китоб хаёлотимизни бойитади, туйғуларимизни ўстиради, билимимизни оширади. «Китоб ўқимаганнинг куни ўтмайдими?», «Фалончи тузукроқ мактаб кўрмаган бўлса-да, қўлида жарақ-жарақ пул ўйнайди», деган «ақилли» гап-сўзларни кўп эшитамиз. Бироқ ўша тахлам-тахлам пулларни санаб, ҳузурланиш учун ҳам қандайдир савия керак! Юксак савия эса китоб ўқиш орқалигина бўлади. Бундан ташқари, кўриб ёки эшитиб, ҳидлаб ёки силаб ҳузурланиш ҳам ҳис-туйғулар ишидир. Ҳис-туйғуга бой одамнинг ҳузурланиши (азобланиши ҳам!) неча чандон ортиқ бўлади. Ҳис-туйғулар эса, таъкидлаганимиздек, китоб ўқиш орқалигина ўстирилади.

Маҳалламизда бир қиз бозорда гул сотади. Юзлари кўпчиган хамирдай, бўйи басти бақ-бақалоқ. Ўша бир куни бизникига чиқиб, узо-оқ чайналиб, ўқиш учун китоб сўради. Мен ҳайрон қолдим. Чунки у китоб кўтарганни кўрса «ўқимишли», дея киноя билан куладиган, дунёда пулнинг қудратидан бошқасини тан олмайдиган қиз эди. Қолаверса, китоб ўқиш учун саводи нечоғлик эканини ҳам билмасдим.

— Нима учун китобга қизиқиб қолдингиз? — сўрадим ундан.

Маҳалладош қиз гоҳ ерга, гоҳ осмонга қараб, минг бир хижолат ичида аранг «керак-да» деб қўйди. Сезиб турибман, у ўз фикрини айт­моқчи-ю бироқ эвини келтиролмай овора. (Худди шу ҳол ҳам китоб ўқимаганликнинг асорати). Мен ўша куни қизнинг савиясига мосроқ китоб топиб бериш учун хўб қийналдим. Охири «Чолиқуши» романини топиб берганим ҳамон эсимда.

Ўшанда қўшни қиз бир йилча муддат мендан китоблар олиб турди. Лекин кейинчалик китоб сўраб келмайдиган бўлди. Биз яқинда ногоҳ учрашиб хийла вақт суҳбатлашиб қолдик.

— Ўшанда нима учун китоб сўраб чиққанимни айтайми? — деди у.

— Ҳа, ўшанда уялиб гапирмаган эдингиз.

— Биласизми, — деди қиз ўйчан, — мен бозорда беш-олти йилдан бери гул сотаман. Тўғриси, гулларимни асосан рус тилида сўзловчилар олади. Олганда ҳам аллақандай меҳр билан кўзлари ёниб, гулларга термулишади. Ўзларича нималардир деб пичирлашади. Мен уларни узо-оқ кузатдим. Охири, миямда саволлар ғужғон ўйнай бошлади: гўзаллик нима? Хўш, гулнинг жозибаси нимада? Нега анови нодонлар мунча кўп гул сотиб олишади. Ахир, шу гулга бозордан бир дунё егулик харид қилса бўлади-ку?  Бу гул деганлари уч-тўрт кундан сўнг сўлиб қолади, уни на еб бўлади, на кийиб… Хуллас, ўйлай-ўйлай барча саволларимга китоб ўқиб жавоб топишга қарор қилдим.

— Топдингизми? — сўрадим.

— Ҳа, — деди қўшним кулиб, — ҳатто керагидан ортиқ…

— Нега кейинги пайтлар китоб сўраб чиқмаяпсиз?

— Вў-ўй, сизни қаранг-га, — деди қиз ажабланганнамо, — ҳозир ўзимнинг шахсий кутубхонам бор. Агар бирор китоб керак бўлиб қолса, ҳеч тортинмай чиқаверинг…

Ҳа, сотувчи қиз буткул ўзгарганди. У китоб билан сирдош бўлиб тамом бошқача инсонга айланганди. Лекин китоблар унинг гул савдосига зиён-заҳмат етказмади, бадном қилмади. Аксинча…

Илгари қизнинг бозордаги эркакларга монанд бақир-чақирини бутун маҳалла эшитарди. Устидаги кийимлари қимматбаҳо бўлса-да, алланечук иркитроқ кўринар, ўтган-қайтганнинг Қашини қўзғарди. Энди эса… муомаласида, ўзини тутишида қандайдир жозиба пайдо бўлганди, юз-кўзларида сирли, ёрқин хаёллар кезиниб қолганди. Бунинг барчаси қизга чинакам, шар­қона латофат баҚишларди.

Хўш, болаларда қандай қилиб китобга меҳр уйғотиш мумкин? Қандай қилиб уларни худди компьютер ўйинларига қизиққандек, китобга қизиқтириш мумкин? Аввало, уйда китобхон учун муҳит бўлиши керак. Ҳар бир оиланинг ўз кутубхонаси бў­лиши зарур. Зеро, болада энг илгари уйдаги муҳитга, уй жиҳозларига қизиқиш уйғонади. Бола ота-онасига тақлид қила бошлайди. Ана шундай пайтда болаларни китобхонликка осонгина мо­йиллаштирса бўлади. (Бунинг учун, албатта, ота-онанинг ўзлари ҳам китобхон бўлмоғи керак).

Ҳозирги пайтда аксарият оилалар уй мебелларини қимматбаҳо идиш-товоқлар билан безашга ружу қўйган. Ахир, китоблар билан ҳам чиройли безаш имконлари бор-ку? Ана шу йўл билан ҳам шахсий кутубхона ташкил этиш мумкин. Хўш, шахсий кутубхона ташкил этишда нималарга аҳамият бериш жоиз? Менимча, аввало, китоб­лар ранг-баранг (бадиий, илмий, фалсафий, диний) йиғилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Болаларнинг ёшига мос, содда, ранг-баранг суратли китоблар жавоннинг пастроқ, яъни жажжиларимизнинг қўли етадиган, қизиқиш уйғонган пайти, ҳеч қурса, варақлаб кўриш имкони бўладиган қаторга терилиши керак.

Биз узоқ тарихимизга назар ташласак-да, олис аждодларимиз шахсий кутубхоналарга катта аҳамият берганини кузатамиз. Мисол тариқасида, ҳассос шоиримиз Абдулла Ориповнинг «Ҳаким ва ажал» достонини бир эслайлик. Ўша достонда ёш табиб шахсий кутубхонаси бўлишни орзу қилади. Табибнинг катта бир хизматидан сўнг Бухоро ҳукмдори унга бўйи баробар зар бермайди, аксинча, ўз шахсий кутубхонасидан фойдаланишга рухсат этади, шу ҳукмдорнинг тахтига талабгор ёш зодагон йигит эса табибни бадном қилиб, Бухородан ҳайдатиш учун айнан, кутубхонага ўт қўйишни танлайди. Ваҳоланки, у табибга тухмат қилиш учун бошқа ҳар ҳандай жиноятга қодир эди. Демак, бу тахтпараст ҳам ҳеч бир нарса ёнган кутубхона ўрнини босмаслигини яхши англаб етган.

Ҳа, тарихдан, бобо-момолар ҳаётидан маънавиятимизни қадрлашга, хусусан, кутубхоналар яратишга доир кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бироқ аждодлар билан фахрланишгина бизга буюк келажакни яратиб беролмайди. Келажакни маънавияти баркамол бугунги авлод яратади. Баркамол маънавиятни китоб, кутубхона яратиши шубҳасиздир.

 

Луқмон БЎРИХОН,

ёзувчи.