Уйи бўлса – пропискаси йўқ, пропискаси бўлса – уйи йўқ…

2019-02-14T06:25:46+00:0014 Fevral, 2019|Ҳафта мақоласи|

Юртимизда кўпгина соҳа ходимларининг ижтимоий муҳофазаси йўлида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Яшаш шароити яхшиланган, кўнгли тўқ ҳар қандай мутахассис жамиятга кўпроқ фойда келтириши — инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Масалан, халқ таълими, суд тизими ходимлари, ҳарбийлар учун яқин икки йил давомида кўзга кўринарли ишлар қилинди, шарт-шароитлар, имтиёзлар яратилди. Уларнинг нафақат маоши кўтарилди, балки арзон уй-жой учун ипотека кредитлари ажратилди, шахсий машина ва ер участкасига эга бўлишлари учун имтиёзлар берилди.

Аммо катта қатламга эга бўлган журналистика соҳаси ходимларининг на ойлик маоши кўтарилди, на уй олишлари учун кредит берилди. Пойтахтда энг кўп ишсиз ва яшаш шароити ҳаминқадар бўлган соҳа ҳам журналистика.

Журналистларнинг шарт-шароити яхшиланиши ҳақидаги гапларга ишониб яшаётганимизга ҳам яқинда икки йил бўлади. Ҳамон ишонамизки, яхши кунлар ҳали олдинда. Ҳали ҳамон маошнинг ҳаминқадарлиги, қалам ҳақининг ўша-ўшалиги, қатор газеталар иқтисодий инқирозга учраб ёпилиб кетаётгани — барча-барчасига кўникиб бораётирмиз. Кўникиш эса лоқайдликни, беҳафсалаликни келтириб чиқаради.

Журналистнинг яна катта муаммоларидан бири унинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатга қўйилиш масаласи ҳамон ортга сурилаётгани. Ваҳоланки, пойтахтда қоладиган ва ишлайдиган энг кўп соҳа ходимлари журналистлар. Айтиш мумкин, вилоятларда ҳам журналистларга эҳтиёж бор, деб. Аммо журналистлар учун вилоятларда иш масаласи муаммо. Ўзбекистон миллий университетини битирган ҳар қандай мутахассис ўқитувчи бўлиб ишлаши мумкин, аммо журналистда бу имконият йўқ. Ўқитувчи журналистика соҳасига аралашиши мумкин, аммо журналистнинг дипломи ўз соҳасидан бошқа жойга ўтмайди. Туман газетасида узоғи билан беш, вилоят газетасида узоғи билан ўн нафар ижодий ходим ишлайди. То нафақага чиқиб кетгунича. Ҳар йили журналистика факультетини битираётган мутахассислар медиа марказ, ОАВнинг кони бўлган пойтахтга интилади. Агар Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида рўйхатда турмайдиган журналистлар ўз вилоятларига жўнатиб юборилса, бу ердаги газета, журнал, сайтларда кадрлар тақчиллиги юзага келади. Шундай экан, вилоятдан келиб ишлаётган журналистлардан прописка талаб қилиниши тўғрими?

 Бу топталиш йиллаб давом этади.

Ўн йил ижарама-ижара юргач, қарз-ҳавола қилиб, тўкилиб кетай деган икки хонали уйни шаҳардан бир ҳамқишлоғимнинг номига олиб, ўзим Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи қариндошимникида рўйхатда турганман. Ўн йил давомида ўз уйимда, бир ҳамкасбим айтганидек, ижарачидек яшаганман. Ҳар гал қайсидир байрам яқинлашганида, прописка масаласида текширув ўтказилганида жарима тўлайверардик. Болалар учун боғча ва мактабга ҳужжат тўғрилашнинг муаммоларини айтмайсизми? Ҳамқишлоғим инсофли аёл эди. Бутун бошли қарз-ҳаволага зўрға эришган уйимни биргина инсофи ушлаб турарди. Биргина мана шу умид бор эди. Аммо орамизда уйини инсофсиз одамлар номига олиб, ажраб қолаётганлар ёки «уйимни қачонлардир пропискага эришсам ўзимга қайтариб берармикан», деган ўйда тонг оттираётганлар ҳам йўқ эмас. Ҳатто йигирма йилдан ортиқ мана шундай қил устида яшаётган ҳамкасбларимиз бор. Эрталаб ишга отланаётганингда ҳам шу хаёл. Амаллаб бир қариндош, таниш топасан, кўзига мўлтираб бир йилга ёки олти ойга бир қанча ҳужжатлар тўғрилаб рўйхатга турасан, енгил тортгандек бўласан, лекин муддат ўта бошлагач, яна миянгда ўша муаммо айланаверади, энг ёмони, юзингни сидириб, истиҳолаларингни четга сургандай бўлиб, яна ўша танишингга мўлтирайсан. Бу топталиш йиллаб давом этади. Бировнинг уйида рўйхатда туриб сарғайишинг бир томон бўлса, бировнинг номига уй олиб, унга инсоф тилаб юришинг бир томон. Уйнинг ҳужжатлари, тўловлари барча-барчаси учун сенинг уйингнинг қоғоздаги эгаси бўлган ўша ҳожатбарор инсоннинг имзосига маҳтал бўласан.

Хўш, мана шунча йиллар давом этадиган муаммолар гирдобида яшаётган журналист эркин сўз айтиш даври келганида отилиб, майдонга чиқа оладими? Ўз муаммоларини ҳал қилолмаётган бир пайтда қайси мурожаатчининг дардига малҳам бўла олсин? Арзчининг муаммоси учун курашаётганда иккинчи томон ўзини суриштириб қолмасмикан, деган ҳадикда туришини тасаввур қилаяпсизми? Қолаверса, йиллаб давом этадиган бундай муаммолар ҳар қандай одамни лоқайд кимсага айлантиради.

Бугун журналистика соҳасининг тўртинчи ҳокимиятга айланишидан умидвормиз. Аммо тўртинчи ҳокимиятга айланмоқчи бўлган журналистика соҳаси ходимларининг кўпчилиги уйсиз ёки на Тошкент шаҳри, на Тошкент вилоятида рўйхати йўқ.

Ходимларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат органлари ва бошқа давлат ташкилотлари сони 75 тага етибди. Вазирликдан тортиб турли қўмиталаргача, агентликдан тортиб компанияларгача, акциядорлик жамиятларию Ёшлар иттифоқи киритилган рўйхат нима учун журналистика соҳаси ходимларига берилмаслиги керак? Ваҳоланки, журналист билан ҳамкорлик қилмайдиган ташкилотнинг ўзи йўқ. Муаммоси борми, ютуғи борми — журналист ёзади, кўтариб чиқади. Аслида рўйхатнинг бошида журналистлар туриши керак эмасми? Ушбу рўйхат орасида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳам бор. Қизиғи, бу ечим пойтахтга фақат тележурналистлар керак, деган фикрни уйғотади.

Бугун журналистнинг бошида мажбурий обуна масаласи кўндаланг, бугун яхши газеталар ёпилиш арафасида турибди, бугун қайсидир журналист пойтахтдаги узоқ саргардонликдан кейин ўз юртига равон бўлган. Аммо биладики, уни уёқда ҳеч ким бағрини очиб кутиб олмайди.

    Бугун журналистнинг уйи бўлса — пропискаси йўқ, пропискаси бўлса — уйи йўқ.

Аммо давлат, жамият журналистдан умидвор, мадад кутади. Журналистнинг жамиятимиздаги муаммоларни кўтариб чиқишини, ислоҳотларни холис кўрсатиб, уларда ижтимоий фикр уйғотишини кутади. Журналистнинг ўзи эса, барча муаммоларга кўз юмиб, ўзининг оғриқли муаммоси бўлган прописка масаласи ҳал бўлишини кутади… Ўзига енг бўлмаган бировга эн бўлганми?!

Барно Султонова, журналист

Шарҳ қолдириш