Туркиялик касбдошларимиз билан алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдормиз

Яқинда Туркия Журналистлари федерацияси юқори маслаҳат кенгаши раиси Иброҳим Эрдуғон бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюрди. Меҳмонлар ташриф давомида мамлакатимизда давлат ва нодавлат ташкилотларида учрашувлар ўтказишди.
Жумладан, Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган учрашув ҳам самимий тарзда кечди.
—Биз билан учрашиш истагини билдирганингиздан хурсандмиз, —деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов.—Туркияни Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат сифатида қадрлаймиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг чуқур инсонпарварлик, дўстлик, қардошликка асосланган сиёсати туфайли Туркия билан алоқаларимиз янада мустаҳкамланди. Туркия Президенти Ўзбекистонга ташрифида ўзбек халқининг атоқли адиби Эркин Вохидовнинг шеърини ёддан ўқиб берганда юрагимизга ўт, олов тушди. Президентларимизнинг яхши алоқалари биз журналистларга катта масъулият юклайди. Чунки журналистлар бирлашса, бутун дунё бирлашади. Давлатларимиз ўртасидаги бугунги алоқаларни тарғиб қилиш сизу бизга боғлиқ.
Медиа ташкилотларимиз алоқаларини ривожлантиришдан биз манфаатдормиз. Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси ва Туркия Журналистлари федерацияси ўртасида ҳамкорлик битимини имзолаш ана шу мақсадларга хизмат қилади. Бу ҳужжат биргаликда амалга оширадиган қўшма лойиҳаларимизни ҳаётга татбиқ этишда, ўзбекистонлик журналистларни Туркияга, туркиялик ҳамкасбларимизни Ўзбекистонга ижодий сафарларини ташкил этишда, тажриба ўрганишга, туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Журналистлари раиси томонидан билдирилган таклифлар меҳмонларга ҳам манзур бўлди.
—Менинг Ўзбекистонга иккинчи маротаба келишим. Ўзбекистонни туркияликлар ота юрт сифатида ғоят юксак қадрлашади,— деди Туркия Журналистлари федерацияси юқори маслаҳат кенгаши раиси Иброҳим Эрдуғон.— Туркияда яшаётган бутун туркий халқлар ўзбек заминини бир марта бўлсада кўришни орзу қилади. Ўз навбатида Ўзбекистонга келиш йўлларини билмайдиганлар ҳам жуда кўп. Ташкилотларимиз ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйсак, мамлакатингиз тарихи, маданияти ва санъати ҳақида Туркия ОАВда кўплаб материаллар чоп этилади. Бу ўз навбатида туркияликларнинг Ўзбекистон ҳақидаги билими ва таассуротларни оширади. Федерациямиз 2016 йилдан буён бутун дунёдаги туркий халқлар журналистлари медиа форумини ўтказиб келмоқда. Биринчи форум Анқарада ўтказилган бўлса, иккинчи форумимиз Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида ташкил этилди. 2019 йилда эса ушбу тадбирни Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича таклифимизни билдиряпмиз. Агар мазкур анжуман Тошкентда ўтказилса, биргина Туркиядан 100га яқин журналист иштирок этиш мумкин. Улар Туркиядаги турли ОАВ вакиллари бўлади. Анжуман нафақат журналистлар ўртасидаги алоқаларни, балки юртингизда туризмни тарғиб қилишга ҳам хизмат қилади. Бу йўлда биз «Ўзбектуризм» вакиллари билан ҳам учрашиб суҳбатлашиб олдик. Ўйлайманки бугунги мулоқотимиз тез орада ўзининг амалий самарасини беради.
Учрашувда икки томон вакиллари келгусида ижодий ҳамкорлик алоқаларни янада ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдилар.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси етакчи мутахассиси