Тўра БОБОЛОВ: Янгиликлардан хабардор бўлмаган раҳбар ташкилотининг келажагини қандай тасаввур қилади?

2020-01-09T11:05:57+00:009 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ижтимоий тармоқлар орқали берилган саволларга жавоб берди. Жумладан саволлардан бири мажбурий обуна ва ОАВ фаолияти билан боғлиқ бўлди.

Савол: – Сурхондарё вилояти ҳокимияти томонидан “Сурхон оқшоми” газетасига мажбурий обуна ўтказилаётганини қандай изоҳлайсиз?

 Жавоб: – Вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий ҳамда Республика газета ва журналларига обунанинг бориши бўйича мониторинг олиб борилади. Лекин мажбурий тартибда обунани ташкиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилмайди. Қолаверса, вилоятда “Сурхон оқшоми” номи билан чоп этиладиган газетанинг ўзи йўқ.

Ўтказилган мониторингларда айрим таълим муассасалари, ташкилот ва идоралар томонидан бирор бир газета, журналга умуман обуна бўлмаган ҳолатлар учради. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилмаган, амалга ошираётган ишларини ёритмаган, умуман дунёда бўлаётган янгиликлардан хабардор бўлмаган раҳбар ташкилотининг келажагини қандай тасаввур қилади?

Маълумки, ташкилот, идора ва муассасаларнинг йиллик харажатлар сметасида маҳаллий ва Республика газета, журналларига обунани ташкил этиш бўйича маблағлар режалаштирилади.

Ташкилот ва муассасалар томонидан обуна учун режалаштирилган маблағлардан тўғри фойдаланмаганлиги оқибатида раҳбарларга нисбатан жиноий жавобгарликкача бўлган жазо чоралари қўлланилмоқда.

Шу ўринда, вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти жойлашган эски таъмирталаб бино реконструкция қилиниб, замонавий жиҳозлар билан таъминлангани, барча таҳририятларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитлар яратилганини қайд этиш лозим.