Тошкентда Марказий Осиё журналистика факультетлари уюшмаси низоми тасдиқланди

2019-11-20T11:28:10+00:0020 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

20 ноябрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Барқарор тараққиёт мақсадида журналистика таълими” мавзуида Марказий Осиё халқаро семинари бўлиб ўтди.

21 ноябрь – Бутунжаҳон телевидение куни муносабати билан бу йил Тошкентда иккинчи бор ўтказилган семинар ЎзМУ журналистика факультети ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, БМТ, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда халқаро ташкилотлар вакиллари, Афғонистон, Монголия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан журналистика, оммавий коммуникациялар соҳаси мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, тадқиқотчилар, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, Марказий Осиё минтақасида давлат ва нодавлат телеканаллар фаолияти жадал такомиллашиб бормоқда. Бунга асос ҳам бор. Маълумки, телевидение соҳасидаги дастлабки қадамлар Борис Грабовский ва Иван Белянский томонидан қўйилган бўлиб, 1928 йил 26 июль куни ҳаракатланувчи тасвир илк бор Тошкент шаҳридан масофага узатилган. Ушбу тажриба Тошкент трамвай трестида ўтказилган. Шу боис Тошкент “Телевидение ватани” саналади.

Семинарда мавзуга доир, жумладан, соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг замонавий тенденциялари ҳақида маърузалар тингланди. Журналистика ва оммавий коммуникациялар бўйича Марказий Осиё журналистика факультетлари уюшмаси низоми тасдиқланди.

Кумушхон РАҲИМОВА,

ЎзМУ журналистика факультети талабаси.