Тоҳир Каримов ким бўлган?

2019-12-24T13:26:53+00:0024 Dekabr, 2019|Самарқанд вил.|

Ҳамкасбни ёд этиб

Тоҳир Каримов (1909 – 1979 й.) ибратли умрининг сўнгги йигирма  йилини «Зарафшон» газетаси фаолияти билан боғлаган эди. Тоҳир акани фақат она шаҳри – Каттақўрғонда эмас, балки Хатирчи, Нарпай, Иштихон, Пахтачида ҳам кўпчилик билар, тўғрисўз, ғоят самимий, дилкаш инсон сифатида иззат қилишарди. Боиси Т.Каримов чуқур мушоҳадали, тиниқ фикрли, юмшоқ табиатли, ҳалол инсонлардан эди. Ҳақиқатни ёзарди. Лаганбардорлар, кўзбўямачиларни ёмон кўрарди, уларни аяб ўтирмасди.

Ўтган асрнинг 60-70-йилларида матбуот саҳифаларида сохта қаҳрамонларни кўпиртириб мақташ, фельетон ва танқидий мақолаларни чуқур ўрганмай туриб, юқоридан берилган кўрсатмалар асосида ёзиш авж олган эди. Бу кўр-кўроналик қандай оқибатларга олиб келганлиги барчага маълум. Айрим масъулиятсиз журналистларнинг айби, “юқорига” сажда қилиши боисидан кўплаб бегуноҳ инсонлар азият чекдилар. Бу эса айрим газеталарнинг обрўйига путур етказди. Шуни алоҳида қайд этмоқчимизки, раҳматлик Тоҳир ака ўша йилларда ҳам фақат ҳақиқатни ёзувчи, мустақил мухбирлардан бири сифатида эътибор топган эди.

Т.Каримов ўз хабар, мақолаларининг қахрамонлари билан яқиндан, юзма-юз танишар, далилу рақамларни ипидан игнасигача ўрганиб, тафсилотларни асил ҳолича қоғозга туширарди. Сим орқали далил олувчиларни “ҳаводан олиб ёзувчилар”деб ёқтирмасди.

Тоҳир Каримов ўтган асрнинг 20-йилларида Каттақўрғон зиёкор ёшлари сафига қўшилган. Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида чоп этилган газеталарда илк хабарлари билан танилган. Ўша йиллари илк томошаларини кўрсата бошлаган Каттақўрғондаги “Кўк кўйлакчилар” драма труппасининг ҳам фаол иштирокчиси эди. Умар Раҳимов, Баҳри Жалилов каби ўнлаб санъатсевар дўстлари қатори роллар ижро этган. Ҳаваскорлар жамоасининг раҳбари, режиссёр, драматург, ҳажв устаси Абдулҳамид Мажидийнинг назари тушган истеъдодли ёшлардан бири бўлган. 1931 йилнинг сентябрь ойида “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси чиқа бошлади. Тоҳир Каримов ана шу газетанинг ташкилотчиларидан ва қалдирғоч мухбирларидан бири бўлди. Каттақўрғон шаҳридаги педагогика билим юрти 30-йилларда ўнлаб истеъдодли қаламкашларни вояга етказди. Жумладан, шу билим масканида таҳсил  кўрган Холбек Ёдгоров, Соли Отажонов, Қобилжон Узоқов, Аҳмад Исмоиловлар кейинчалик ўзбек матбуотининг фахрланишга арзигулик вакиллари сифатида назарга тушишди. Уларнинг етуклик даражасига кўтарилишларида Тоҳир Каримовнинг маслаҳатлари, қолаверса, беғараз ёрдами асқотган.

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Тоҳир Каримов ихтиёрий равишда жангга отланди. Жанггоҳларда қуролу қалам билан шижоат кўрсатди. 1943 йил охирида оғир яраланиб қайтгач, “Каттақўрғон ҳақиқати”, “Октябрь учқуни” газеталарида бўлим мудири, масъул котиб, муҳаррирлик вазифаларида ҳалол, виждонан хизмат қилди. Пишиқ, мазмундор, далилларга бой хабар, мақола, фельетонлари республика газета, журналларида ёритилиб, вилоят радиосида эшиттириб туриларди. Тоҳир Каримов беш фарзандини элга қўшди. Уларни меҳнатга, она заминга, оилага садоқат руҳида вояга етказди. Фарзандлари ота ишончини оқлашди. Тоҳир аканинг ўғил-қизлари, неваралари айни кунда турли жабҳаларда ҳалол, фидокорона меҳнат қилишаётир. 1956 йилдан умрининг сўнгги дамларигача вилоятимизнинг бош нашри – “Зарафшон” газетаси ижодкорлари сафида хизмат қилган Тоҳир ака Каримов ўзининг қадрдон дўстлари, таниқли журналистлар Файзулло Нуруллаев, Яздон Худойқулов, Раҳимжон Сатторов билан мудом ҳамкор, ҳамнафас бўлди, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони олди. Агар ҳаёт бўлганида Тоҳир Каримов 110 ёшга тўлар эди.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.

 Манба: «Зарафшон» газетаси