Тоғ гули

2019-08-12T11:49:19+00:0018 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

МАҲМУД САЪДИЙ 80 ёшда

Она заминимизнинг тоғ-адирларида латофатли бир гиёҳўсади. Нозик бўйи тиззага етар-етмас, қизларнинг сочидай тарам-тарам поялари кулранг, наштарсимон барглари пушти-пистоқи, яримшар шаклидаги тўп-тўп гуллари латиф новдалар учида талтайиб-эркаланиб соллонади. Эрта баҳор кезларида уни бахмалдай майсалардан фарқлаш қийин. Аммо, ёнига борганда шундай анбарий бўй вужудингизни чулғаб оладики, беихтиёр қошида сеҳрланиб қоласиз. Бу– тоғларнинг дилбар гиёҳи– кийикўт. Гўзаллигидан ташқари, айрича фазилатлари ҳам оз эмас бу сулувнинг: барги ва гулларини ҳидлаб тўймайсиз, ундан олинадиган эфир мойи ва ментал атир-упа саноатида, медицинада кенг ишлатилади, шифобахш малҳамлар тайёрланади…

Қадим-қадимдан буён мумтоз адабиётда қиз-жувонлар – гулга ёхуд гулдай нозик гиёҳларга, йигитлар– забардаст чинорлару улкан қояларга қиёсланади. Шу боис, ёши етмишни қоралаётган кап-катта одамни гулга ўхшатишда ўхшовсизлик бордек туюлиши мумкин. Камина шундоғ иддаоларни кўра-била туриб, ҳозир таърифламоқчи бўлаётган инсоним– Маҳмуд Саъдий билан тоғ гули ўртасидаги ботиний яқинлик нималардан иборат эканини айтиб бермоқчиман.

Ўхшашликнинг илк белгиси шуки, бир қарашда бу одамда ҳам “ялт” этиб бошқалардан ажралиб тургувчи жиҳат йўқ: ўртабўй, серҳаракат, буғдойранг, кўзлари ўйчан, кийиниши содда, камтар, камсуқум. Авваллари сергап эди, ҳар гапга суқилиб туришни яхши кўрарди, “жонқовулим” деб эркаларди “жўқчи” укаларини. Ёши улғайган сари “оғир карвон” бўлди. Энди давраларда, гап-гурунгларда бирданига диққатни тортмайди– шовқин-суронсиз, оҳиста киради, индамай ўтириб эшитади, баҳс-мунозараларга ҳуда-беҳуда аралашмайди, эшитиб бўлгач, яна ўша оҳисталик билан, бошқаларга сездирмай чиқиб, ўз юмушлари билан машғул бўлади. Аммо баҳсга қўшилгудек бўлса борми, ундаги чуқур фалсафий тафаккур, теран мулоҳазалар, баҳс ва нутқ маданияти ҳайрон қолдиради сизни. Унинг ҳар битта сўзни худди китоблардагидек жой-жойида қўллаши, гапираётганда халқона ибораларни топиши, фикрини улуғ алломаларнинг қарашлари билан тўлдириши, энг муҳими, ҳар қайси масалада аниқ-тиниқ хулосаси борлиги ҳавасингизни келтиради. Маҳмуд ака, шунчаки даврада борлигини билдириб қўйиш ёки ўзини кўз-кўз қилиш учун эмас, чин адабиёт учун, адабий ва абадий ҳақиқатлар учун баҳслашади; баҳс чоғида ўзини эркин тутади, билдирилаётган мулоҳазаларга ҳурмат билан қарайди, ўз фикрида жуда қаттиқ туради, унча-мунчага тан бермайди, унча-мунчадан енгилмайди. Бироқ, бу зўраки-зўравонлик ёки ўжарлик қилиб икки оёқни бир этикка тиқиб олиш, дегани эмас. У ўз фикрига ишонади ва ҳимоя қилади, бошқаларни ҳам ишонтиради. Шу боисдан бир карра суҳбатини олган одам ундаги самимият чашмасидан баҳра олгач, чанқоғи босилади, кўнгли кўтарилади, меҳри ияди, бир умрлик дўст-биродар, ака-ука бўлиб қолишни истайди.

Ўхшашликнинг яна бир белгиси, уларнинг табиатида мусаффо ҳавонинг мўллигидир. Маҳмуд Саъдийнинг сеҳрли “ҳабдори”си– одамгарчилик! Одамларда “одамгарчилик” деган оддий хислатлар сийраклашиб, ноёблашиб бораётган замонда, у ана шу малҳами билан дилларга дармон бўлади, улуғлар дуосию ёшларнинг раҳматига кўмилиб юради. Ҳеч қачон бировнинг орқасидан тош отмайди, аксинча, билганича мақтайди, бисотидаги энг илиқ сўзлар билан таъриф-тавсиф қилади, ғанимлик мақомида бўлган “жўра”лардан ҳам меҳрини қизғанмайди.

Ҳаётда шундай кимсалар борки, ёнингда ошнонгман, дейди-ю, аммо ютуқларингни кўрганда уйқуси қочади, хато қилишингни пойлаб ич-этини ейди, қулай фурсат келиши ҳамоно оёғингга чалим беради. Иши битиб, “эшаги” сувдан ўтиши билан на оғайни, на устозни танимай, кеккайиб кетувчи бундай кимсалар худбинлиги билан яхшиларнинг асабига тегади, шундан роҳат-фароғат олади. Маҳмуд Саъдий учун ҳам бундай башаралар бегона эмас. У безбетларни танийди. Уларнинг ичида бижғиб ётган фитналарни фаҳмлайди, сезади. Сезиб туради-ю, лекин шу сўқир дилларга ҳам эзгулик соғинади, уларни маърифатли, адолатли бўлишга ундагиси, эзгуликка чорлагиси келади.

***

…Бир ошнамиз бор. Укаларимиз “Кўппак” деб лақаб қўйган. Турқи-таровати, ҳурпайиб юриши ҳаром эт еб тўйган кўппакнинг ғирт ўзи. Қопағонликда эса ҳар қанақа қутурган итни доғда қолдиради. Ягона фарқи– итдаги ёввойи мардлик йўқ унда. Одам зотига зимдан ташланиб, зимдан “тишлаб”, зимдан азоб бериб, сўнг ошкора роҳатланувчи бу исқирт қаерда ишламасин: гезетдами, журналдами, нашриётдами, албатта, содда мижоз кишилардан гуруҳ тузди ва ўзи панада туриб, тўдага “пир”лик қилди. Тўданинг тўдалашиб кўтарган шовқинлари фойда берган пайтлар ҳам бўлди. Яратган Эгамнинг карами кенг, ундан ҳам аямади марҳаматини, бандалари қатори амал, мартаба бериб синаб кўрди. У бўлса, шукр қилиш, мижғов қилиқларни ташлаш ўрнига иғвофурушликка баттарроқ ружу қўйди. Раҳбарини ағнатиб, жойини оламан дея тиртанглади. Ҳар ибтидонинг интиҳоси бўлгандек, вақти-соати билан унинг кирди-корлари фош бўлди. Мўътабар даргоҳдан қувилди. Осмондаги юлдузни кўзлаб юрган амалпараст газеталарнинг бирига аранг жойлашди. Ҳозир судралиб ишга бориб-келиб юради. Узоқдан кўзи тушган одам елкаси бўртган, ярғоқ боши ва икки қўлини осилтирганча имиллаб кетаётган бу шарпани одамдан кўра, жуни тўкилиб, эти устихонига ёпишган қари кўппак деб ўйлайди. Эски танишлар ҳам касалванд итдан ҳазар қилгандек ундан қочади, гаплашмайди. Бир ўзи ишга келади, бир ўзи шўппайиб ўтиради, яккамохов бўлиб тушлик қилади, кечқурун яна бир ўзи уйга қараб судралади.

Яқинда десангиз, Маҳмуд Саъдийни шу ҳосуд билан Амир Темур хиёбонида кўриб қолдим. Дарров фаҳмладим: бадбахт бечорага ичи ачиган, кўнглини кўтаргиси, овутгиси, ҳаётга умид уйғотгиси келган.

– Кимлиги маълум-ку, бир вақтлар сизни кўп маломат қилувди, – дедим эртаси куни Маҳмуд акага.

– Хом сут эмган банда борки адашади, довдирайди, тўқишади. Хатоларини тушунган-тушунмаганидан, тавба-тазарру қилган-қилмаганидан қатъи назар у ҳам одам. Одам – одамга ғанимат, бир-биримиздан меҳрни қизғанмаслигим зарур, – деб жавоб берди у.

Худбинлик ичи қора кимсага чиппа ёпишиб олади, қонини сўриб, силласини қуритади ва, охир-оқибат тузалмас касалга гирифтор қилади. Бу дард саратон ёки “парранда”, “чўчқа” тумови деган балойи азимлардан юз чандон даҳшатли бўлиб, беморни ҳаш-паш дегунча инсоний туйғулардан маҳрум қилади, ваҳший ҳайвонга айлантириб ташлайди. Маҳмуд Саъдий, Оллоҳ қарғишига дучор бўлган ана шундай каслар ҳам поклансин, ичидаги кирдан қутулсин, тузалсин, тўғри йўлга тушсин, одам бўлсин, одамдек яшасин, деб орзу қилади. Яна бир гал шу мавзуда гап очилганда Маҳмуд ака пиримиз Алишер Навоийнинг иниси Дарвеш Алига айтган насиҳатини эсга олиб, бундай деди: “Навосиз улуснинг навобахши бўл, Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл”. Начора, бу устознинг ақидаси. Камина эса ҳазрат Навоийнинг:

Нокасу ножинс авлодин киши бўсун дебон,

Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами.

Ким кучук бирла хўдукка неча қилсанг тарбият,

Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами, – деган байтларига кўпроқ ишонадиган бўлиб қолганман…

***

Ўхшашликнинг яна бир жиҳати шундаки, кийикўт, лолаю бинафшалар сингари довруғли бўлмаганидек Маҳмуд Саъдийнинг номи ҳам номдор шоирлару донгдор ҳофизлар сингари машҳур эмас. Бироқ, олиму журналистлар орасида шоҳона ҳурмати борлиги ижодкор аҳлига ойнадай маълум: ҳамма танийди, ҳурмат қилади, билади, қадрлайди. Унинг дўст-биродарларига, устоз – шогирдларига бўлган меҳр-оқибати, айниқса, самимий ва чексиз. Устозлар меҳри, устозлар олдидаги бурч эса унинг учун ҳамиша муқаддас. Таниқли адабиётшунос олим ва адиб, академик Матёқуб Қўшжонов ҳаётлигида кунда-кунора кўнгил сўраб турганларнинг биттаси раҳматлик Шукур Холмирзаев бўлса, биттаси шу– Маҳмуд Саъдий эди. Академик Иззат Султон ҳам Маҳмуд акани худди туғишган инисидек ардоқлар, иззат қиларди. Шогирдликни, одамгарчиликни жой-жойига қўйгани учун ҳам устозлар эъзозига сазовор бўлди. Устозлари мангулик сафарига кетганидан сўнг биринчи бўлиб хотира- бадиҳалар ёзган ҳам Маҳмуд Саъдий бўлди.

Маҳмуд аканинг бадиҳалари, мақолалари тилининг ширинлиги ва образлилиги, халқ маталлари ва мақолларига бойлиги, фикрларнинг тиниқ ва мукаммаллиги билан ўқувчини мафтун этади. “Адабиётимизда истеъдодли шоирлар, ёзувчилар кўп, – дейди у таниқли олим ва адиб Иброҳим Ғафуров ижодига бағишланган “Фикрчан ижод” мақоласида. – Бироқ, афсуски, истеъдодли мунаққидлар, ҳатто қобилиятлилари ҳам бармоқ билан санарли даражада кам. Фикримча, ҳақиқий мунаққидлар шунинг учун кам учрайдики, бу соҳанинг масъулияти жуда катта. Танқидчи ҳам ёзувчи каби ҳаётни, одамларни, адабиётни, умуман, маданият тарихини чуқур билиши керак. Бироқ адиб фақат китобхон олдида масъулият сезса, танқидчи ҳам китобхон, ҳам ёзувчи олдида жавобгарлик ҳис қилади. Хуллас, жайдари қилиб айтсак, танқидчининг нони қаттиқ. Ана шундай масъулиятли ва нозик соҳада Иброҳим аканинг ўз ўрни бор”. “Шукруллонинг кўнгил чироғи” бадиҳасида эса мана бундай фалсафий сатрлар бор: “Дунёда инсондан қудратли зот йўқ. Инсон ҳар нарсага қодир. Агар у хоҳласа, астойдил жазм этса тоғларни талқон қилади, дарёларни тескари оқизади. Биров дардига дармон излаб келса, имкон йўқлигидан нолиш эса бир баҳона халос”. Бундай мисраларни битиш учун одамда юксак иқтидор билан бирга улкан ёзувчилик салоҳияти ҳам бўлиш керак, албатта.

Маҳмуд ака нолиш, нолиниш каби мискин туйғулардан узоқ, ҳамиша “шукур” дейди, “шукур” қилади. Бетиним ўқийди, ишлайди, ёзади: мақола, рисола, тақриз, китоб…

***

Аммо, Маҳмуд Саъдий деган фикрли журналист, кенг мушоҳадали олим, синчков ношир, тажрибали муҳаррир, бағрикенг ака ва ҳақ сўзли отанинг қиёфасини безаб турган асосий фазилат бундаям эмас. Ундаги аҳли қалам қадрлайдиган энг камёб фазилат – зукко таҳрирчилигидир. Қўлига тушган қўлёзмага (агар унда “жон” бўлса) заргарона ишлов беради, ҳар сўз, ҳар иборани эринмай ялтиратади. Бугун ўрта авлод деб аталгувчи истеъдодли ёзувчи-шоирларнинг аксарияти таҳлилни раҳматлик Ваҳоб Рўзиматов ва Маҳмуд Саъдийдан ўрганган, дейишида ҳам асло лоф йўқ. Хом-хатала китоблар дўконларда қалашиб ётганини кўрганда адабиёт учун Маҳмуд Саъдийлар етишмаётгани, уларнинг қадри, ўрни билинаётгани янаям яққолроқ сезилади.

У биронта асар таҳририга киришганда уй-рўзғор ташвишларини, режалаштирган юмушларини, ёзилажак рисола ё мақолаларини, мухтасар ифодалаганда ЎЗИни тамомила унутади. Бутун вужуди билан “мардикорлик”ка шўнғиб кетадики, бу типдаги кишиларни ҳеч иккиланмай “таҳрирчи-могиканлар” деб атаса бўлади. “Мардикор” сўзи қанчалар қўпол ва ножоиз эшитилмасин адабиёт жабҳасида бировнинг китоби учун “тер”тўкиб ишлайдиган муҳаррирлар борган сайин озайиб бораётгани, нашриётчилик соҳасида ушбу вазифани бажарувчи фидойилар етишмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Маҳмуд ака эса қайта-қайта таъкидлаш зарурки, бутун умрини, бор куч-ғайратини худди шундай машаққатли “қора иш”га бағишлаб келаётир. У, эҳтимол, ўзгалар учун тўккан пешона терини ўзига – ўз ижодига сарфлаганида халқ ёзувчиси ёки академик деган музаффар унвонларга сазовор бўлиши мумкин эди. Том-том қиссаю романларни, папка-папка илмий тадқиқоту монографияларни “қоғозли конфет”дай чиройли тарзда таҳрир қилган одамнинг қўлидан келарди бу. Эҳтимол, ўшанда тилига кучи етмаган айрим ноқобиллар беписандлик ила: “Маҳмуд Саъдий оғзакидан “беш”, ёзмадан эса…” деб ҳирингламаган бўларди. Эҳтимол, Маҳмуд ака, ўз ибораси билан айтганда “ёмон ёзгандан– ёзмаган маъқул”, ақидасига амал қилгандир. Эҳтимол… Ҳа, “эҳтимол”лар кўп. Аммо, уларнинг барчаси бизнинг тахминларимиз, халос. Ҳақиқат эса ойдай равшан: Маҳмуд Саъдий жамики “эҳтимол”лардан бохабар ҳолда ҳаётини таҳрирчиликка бағишлади ва бағишлаётир. Ҳали-ҳамон таҳрир ва таҳлил деб аталмиш соҳани кўзларининг нури билан нурлантириб яшайди. У қўл учида, алдам-қалдам ишлолмайди. Бор кучини, иқтидорини, илмини сўзларни пишитишга, томчида қуёш акс этганидек ўрни-ўрнида қўллашга – маънодорлик юқтиришга сарфлайди. Мисралардаги ранглар жилосини аниқ-тиниқ кўради, сўз товушларининг нозик оҳангларига қулоқ солади, сатрлар замиридаги ҳаётий ва фалсафий мазмуннинг нақадар чуқур ёки саёзлигини ўлчаб-тортиб кўради, руҳий ҳолат сувратларига заррин ранглар беради. Асарни пароканда руҳий ҳолатлардан, ёлғон пафосдан, жозибасиз манзаралардан, ялтироқ тасвирлардан, иярчан, нурсиз ифодалардан битта-битталаб “артиб”, тозалайди. Мижғов, илмилиқ, салқи, бетайин, жилтир, ўлармон сўзларни иқи суймайди.Оламни образли кўриш иқтидори, тагдор ва сермаъно иборалар, ҳиссиётнинг қуюқлиги, хаёлотнинг юксаклиги, ойнадай тиниқ манзаралар эса жони-дили, шундай қўлёзмалар қўлига тушганда ёш боладай яйраб-қувнаб кетади. Шу боисданми, “дарвеш”, “девонафеъл” деб эъзозлашади баъзилар устозни. Мен ҳам дафтардай биринчи китоби чиққанда ҳисобидан айрилиб, қўрқиб юрган пайтларидан буён Маҳмуд Саъдийнинг меҳр булоғидан баҳраманд бўлиб келаётганларнинг бири сифатида ҳамиша устозга қуллуқ қиламан. Қани энди, тоғларимизда кийикўтдек шифобахш гиёҳлар, ҳаётда эса Маҳмуд Саъдийдек “дарвеш”лар кўпроқ бўлса…

МАҲМУД САЪДИЙ:

1939 йил 2 февралда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. Мактабни тамомлаганидан кейин ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети филология факультетининг журналистика бўлимида таҳсил олди.

“Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, “Гулистон” журналида катта адабий ходим, бўлим мудири. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бўлим мудири, “Маърифат” газетасида махсус мухбир, шарҳловчи, бўлим муҳаррири вазифаларида фаолият кўрсатди. Айни пайтда “Маърифат” газетасида ишлаш билан бирга Жаҳон тиллари университетида ёшларга дарс бермоқда.

Маҳмуд Саъдий ўзига хос муҳаррирлик мактаби яратган тажрибали ижодкор, иқтидорли мунаққид ва кўзга кўринган таржимондир. Ўзбек адабиётининг энг долзарб муаммолари таҳлилига бағишланган кўплаб мақола ва тадқиқотлари орасида унинг адабий-танқидий мақолалар ва суҳбатларни ўз ичига олган “Теран томирлар” китоби алоҳида ажралиб туради. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабалари учун “Таҳрир санъати” ўқув дастурини яратди.

“Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил” кўкрак нишони билан мукофотланган.

ЎзА