Таниқли журналистлар ижодий имтиҳонга эксперт сифатида жалб этилди

2019-08-12T11:49:18+00:0018 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

 Бугун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ҳужжат топширган абитуриентлар учун ижодий имтиҳоннинг суҳбат босқичи бўлиб ўтди.

Унда эксперт сифатида иштирок этган журналистика соҳаси вакиллари, фахрий журналистлар, амалиётчилар, таниқли блогерлар, профессор ўқитувчилар, жамоатчилик вакиллари абитуриентларнинг соҳага оид билимлари, фикрларини суҳбат асосида баҳолади.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ – “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири:

– Матбуотнинг вазифалари, журналистиканинг жамиятдаги ўрни ҳақида биз суҳбатлашган босма ОАВ йўналишига ҳужжат топширган абитуриентлар анчайин яхши тасаввурга эга, кўпчиликнинг қалами ҳам шаклланган, фикрлаши дадил, бу яхши томонлари. Лекин, афсуски, журналистикани шунчаки ҳавас деб билган, уни фақат сайтлар ва блогерликдан иборат дея тушунаётганлар ҳам йўқ эмас. Бугун журналистикада ахборотнинг тезлиги учун кураш авжига чиқди, биз босма нашрлар бу мусобақада юта олмаслигимиз аниқ. Шу боис интернет нашрлари ахборотнинг тезкорлигига кўпроқ эътибор қаратса, босма нашрлар хабарларнинг замиридаги маъно, моҳиятни англашга, чуқур таҳлилга урғу беришлари лозим.

Ҳамза ЖУМАЕВ, “Ёшлар” телеканали муҳаррири:

– Ёшларнинг дунёқараши ва фикрлаши, матнда фикрни тўғри ифода эта олиши, хатоларсиз гапириши, ижодий ишлари салмоғига кўпроқ эътибор қаратяпмиз. Яна бир муҳим савол бизни қизиқтиряпти: улар учун журналист бўлиш муҳимми ёки университет талабаси бўлишми?

Яхши журналист бўлиш учун фақат хоҳишнинг ўзи кам, ҳаракат, изланиш, билим кабилар керак. Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, мен ўтган йилги ижодий имтиҳонни баҳолаш жараёнидан ҳам иштирок этган эдим, назаримда натижалар анча яхши бўлди. Талабаларнинг амалиёт жараёни, ижтимоий тармоқлар, умуман соҳадаги ҳаракатларидан келиб чиқиб шундай фикр билдириш мумкин. Бироқ афсус дейишга ундовчи ҳолатлар ҳам учрамоқда, баъзи абитуриентлар айрим бошловчиларни “зўр“ журналист деб билиши, радио журналистикаси соҳасини танлаб бирон-бир радио каналнинг ёки дастурнинг номи айта олишмасликлари, соҳага нисбатан жуда саёз ёки умуман маълумотга эга эмасликларини билдириб қўймоқда. Имкон даражасида улар орасидан муносиб, келажакда яхши журналист бўлишига ишонганларимизни юқори баҳолаяпмиз.

Ижодий имтиҳон ягона кўп балли баҳолаш тизими бўйича баҳоланади. Унда тўплаш мумкин бўлган максимал балл миқдори 63 бални ташкил этади.

Ижодий имтиҳоннинг биринчи босқичи, яъни оғзаки суҳбат жараёнидаги савол-жавобни баҳолаш учун ижодий имтиҳонга ажратилган максимал баллнинг 41,3 фоизи, яъни 26 балл белгиланади.

Авазбек МУСТАФОҚУЛОВ, абитуриент:

– Бу йил учинчи бор журналистика йўналишига ҳужжат топширдим. Ижодий имтиҳон балларим яхши бўлса-да, тестда билимим бироз камлик қилган эди. Ахборот хизмати йўналишига топширганим боис эксперт устозлар матбуот котибининг вазифалари, соҳадаги муаммолар ҳақидаги фикрларим, олиб келган ижодий ишларим, мақолаларим билан қизиқди. Афсуски, бугун матбуот хизматлари фаолиятида ютуқлар билан бирга қатор камчиликлар ҳам бор, биз ташкилот ҳақидаги хабарлар, янгиликларни уларнинг сайтидан эмас, биринчи бўлиб ижтимоий тармоқлар ёки ахборот сайтларидан биламиз, вилоят, туман газеталарининг ҳам аҳволи оғир. Шу боис келгусида университет талабаси бўлиб, мутахассислик дипломини олгач, вилоятимиз ҳокимлиги ахборот хизматида ишламоқчиман.

Нилуфар МИРҲАМЕДОВА, абитуриент:

– Университетнинг телерадио журналистикаси йўналишига ҳужжат топширдим. Бу синовдан илк бор ўтаётганим йўқ. Ўтган йили ҳам

айни шу йўналишга топшириб контракт асосида ўқишга қабул қилинган эдим.

Ижодий имтиҳоннинг навбатдаги иккинчи босқичи, яъни ижодий эссе ёзиш кунлари ҳам белгиланган кунларда бўлиб ўтади. Эссени баҳолаш учун имтиҳонга ажратилган максимал баллдан 58,7 фоизи, яъни 37 балл белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бакалавриат босқичига 100, сиртқи йўналишга 50 нафар талаба қабул қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич кескин ошиб, бакалавриатга 270, сиртқига 50 нафар этиб белгиланган.

Шунингдек бу йили ҳарбий журналистика йўналишида ҳам абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиниб айни дамда саралаш босқичи кетмоқда.

Инобат Аҳадова.

Манба: ЎзА