Танқидсиз газеталарга танқидий назар

2019-03-11T13:25:02+00:0011 Mart, 2019|Сурхондарё вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими газеталарни доимий мониторинг қилиб бормоқда. Шу асосда вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари, тармоқ ва хусусий газеталар саҳифаларида чоп этилаётган мақолалар уюшма вилоят бўлими эътиборидан четда қолмаяпти. Куни кеча “Сариосиё”, “Бойсун” ва “Чағониён” газеталари таҳлил қилинди.

“Чағониён” газетаси ҳуқуқий, ижтимоий, соғликни сақлаш, ёшлар ҳаёти, тарихий мавзулардаги  мақолаларга кўпроқ эътибор қаратаётган бўлса, “Сариосиё” ва “Бойсун” газеталари эса бу мавзуларни тожик тилида ҳам (бир саҳифа ҳажмида) ёритаётгани қувонарли. Ушбу нашрларни таҳлил қилар эканмиз, газета саҳифаларидаги “ННТ фаолиятидаги муаммолар”, “Китоб–маънавият хазинаси”, “Мулоқотлар инсон манфаатлари учун”, “Халқ дарди билан яшайлик”, “Аёллар муаммолари ўрганилди”, “Қишлоқлар қиёфаси ўзгармоқда”, “Деновда қанча ишсиз фуқаро бор?”, “Оиланинг тарбиядаги ўрни”, “Тараққиётимизнинг ишончли дастури”, “Газаликлар билан мулоқот”, “Муҳокамада муҳим масалалар” сарлавҳали  мақолалар  эътиборимизни тортди. “Сариосиё” газетасида “Сариосиё-тегирмон боши-ми, балки…” сарлавҳали мақоласида туман номининг келиб чиқиши манбалар асосида талқин қилингани беихтиёр газетхонни ўзига жалб этади. Бу каби ўқимишли ва инсонни ўзига торта оладиган қизиқарли  мақолалар газета саҳифаларида янада кўпроқ чоп этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Таҳлиллар олиб борилган ўтган икки ой мобайнида мазкур  газеталарда бирорта ҳам  танқидий, аҳоли мурожаати ўрганилган мақола чоп этилмагани кишини ўйлантиради. Ҳолбуки, ушбу туманларда ҳали ҳануз ечимини кутиб турган муаммолар  талайгина. Нега  журналистларимиз уларни ўрганиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилмаяпти?! Ўйлаймизки,  номлари келтирилган таҳририят жамоалари масалага жиддий эътибор қаратиб, жойлардаги муаммоларни ёритишга масъулият билан ёндашадилар.

Мастура ҲАМРОЕВА,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси.

Шарҳ қолдириш