Талабалар терроризмга қарши

2019-07-14T03:51:47+00:0016 Aprel, 2019|Умумий янгиликлар|

Дунё мамлакатларида ҳозирги даврда терроризм хавфи тобора ўсиб бораётганлиги сир эмас. Турли оқимлар билан боғлиқ тажовузкорликнинг кўпайиши баробарида уларнинг фуқароларга, айниқса ёшларга жиддий таъсирининг орта бориши энг жиддий муаммолардан ҳисобланади.

Энг аянчлиси, ёшларни ўз сафларига алдов йўллари билан чорлаш, бунда террористик гуруҳлар томонидан замонавий ахборот коммуникация тармоқларидан, хусусан ижтимоий тармоқлардан фойдаланилиши масаласи ҳам борки, уларга қарши курашда оммавий ахборот воситаларининг роли ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда..

Шу мақсадда 2019 йил март-апрель ойларида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети талабалари ҳамда Қорақалпоқ давлат университети журналистика таълим йўналиши талабалари учун “Терроризмга қарши курашда оммавий ахборот воситаларининг роли”деб номланган тренинглар бўлиб ўтди.

– “Мен ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларининг терроризмга қарши кураша олиши ёки унинг олдини олишига ҳисса қўшиши мумкинлиги тўғрисида олдин умуман эшитмаган эдим. Ўтказилган тренинг чоғида бу борада атрофлича маълумотларга эга бўлдим. Демак, ёш журналистлар тенгдошларимизни турли тармоқларда учраб турадиган ёт ғояларга алданиб қолмасликка ундашимиз даркор. Биз барчамиз, яъни Ўзбекистон талабалари терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қаршимиз. Юртимиз ҳар доим бугунгидек тинч бўлишини истаймиз” – дейди ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси Нафосат Султонова.

– “Ёшлар учун терроризмнинг асл моҳияти ва муддаосини англаш, шунингдек, унинг жирканч қиёфасини тасаввур қилиш, бу борада керакли билим ва кўникмага эга бўлиш жуда муҳим ҳисобланади, дейди Қорақалпоқ давлат университети талабаси Шаҳноза Пердебаева. Негаки биз университетда ўқиш билан бирга оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда ўзимизнинг илк ижод намуналаримиз билан қатнашишга ҳаракат қиламиз. Шу сабабдан энг муҳим ва долзарб муаммолар ҳақидаги мақолаларимиз билан фаол бўлиш ҳаракатида бўламиз. Терроризм муаммоси эса ҳозирги даврда бутун дунёда, шунингдек Марказий Осиёда энг жиддий масалалар қаторида турганлигини ўтказилган тренинглардан билиб олдик. Унга қарши тегишли ташкилотлардан ташқари кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари биргаликда кураш олиб боришлари керак, деб ўйлайман”.

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича 2017 йил 65 нафар журналист фавқулотда вазиятлар қурбони бўлган. Шундан 60 фоизи воқеа жойида тўғридан-тўғри эфир тайёрлаш жараёнида ҳалокатга учраган.

Тренингда терроризмга оид воқеа-ҳодисаларни ёритишда журналист амал қилиши керак бўлган мажбуриятлар ҳақида зарур маълумотлар берилди. Қонли саҳналарни, иложи борича, кўрсатмаслик ва хулоса бермаслик, воқеани ҳаққоний ёритиш бўйича тавсиялар берилди. Журналист ҳиссиётга берилмаслиги керак эканлиги таъкидлаб ўтилди.

ҚҚДУ Журналистика кафедраси мудири Злиха Оразымбетованинг қайд этишича, университетда бир неча йилдан буён ёш журналистлар ижодий клуби фаолият олиб бормоқда. Унда университетда бошқа йўналишларда, ҳатто табиий фанлар мутахассисликларида ўқиётган, бироқ журналистика соҳасига қизиқадиган иқтидорли талабалар ҳам бор.

 

– “Бу каби семинар-тренинглар ёшларимизни терроризмга қарши курашда оммавий ахборот воситаларининг тутган ўрин ва уларнинг аҳамиятини тушуниб олишларида жуда катта аҳамият касб этади. Бу йўналишда ижод қилишнинг ўзига хос жиҳатларини ўрганиб олишларига ёрдам беради”.

Бўлиб ўтган тренинглардан кўзланган мақсад бўлғуси журналистларнинг экстремизм ва терроризм мавзуини ёритишдаги билим ва салоҳиятини ошириш, ёшлар аудиториясини кўпроқ қамраб олиш учун илғор мультимедиа технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари ёрдамида маълум таҳдидлар, радикаллашиш ва экстремизмни ҳар қандай кўринишига нисбатан фуқароларнинг жамоатчилик назоратини кучайтиришдан иборат бўлди.

Ўзбекистонда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалалари Мамлакатни ривожлантириш ҳаракатлар стратегиясида белгиланган бўлиб, бу ўз навбатида бутун жамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини жадаллаштиришни талаб этади. Шу ўринда радикал экстремизм ва терроризмга қарши курашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Медиа бугун жамият билан мулоқот муҳитини яратиши ва бу орқали ҳар бир ёшларни ҳушёрликка чорлаши ҳамда атрофимизда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмасликка, хавфсизлик масалаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун имкон доирасидаги ёрдамини беришга ундаши лозим. – дейди, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери Беруний Алимов. – Оммавий ахборот воситалари материаллари жамоатчилик фикрини шакллантиради. Шундай экан, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, жумладан, давлатнинг радикализмнинг олдини олишга қаратилган тадбирларда аҳолини, айниқса ёшларнинг онгли иштирокини фаоллаштиришга кўмак бериш бизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.Мазкур ихтисослик бўйича ёш журналистлар томонидан тайёрланаётган мақолаларнинг сифатини ошириш ва уларни халқаро стандартларга муносиб келишини таъминлаш учун кўтарилаётган мавзуни ёритилишига оид ўзига хос жиҳатлари ўзлаштириши керак. Жумладан, замонавий мультимедия технологиялари, ахлоқ нормалари ва халқаро тажрибани ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.

Тренинглар Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари кординатори идораси кўмагида амалга оширилди.

Марказ тренерлари соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда “Оммавий ахборот воситаларида зўравон экстремизм, радикализм ва терроризм масалаларининг ёритилиши: назария ва амалиёт” номли ўқув қўлланмани нашрга тайёрладилар. Ушбу ўқув-амалий қўлланма журналистлар, соҳа тадқиқотчилари, олий таълим муассасаларининг журналистика факультетлари талабаларига мўлжалланган бўлиб, унда терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмга (ТОКТЭР) қарши кураш жараёнида оммавий ахборот воситаларининг иштироки хусусида маълумотлар ҳамда ушбу мавзуда журналистик материаллар тайёрлаш юзасидан амалий тавсиялар берилади.

ЎзА

Шарҳ қолдириш