Таҳририятлар нега йирик корхоналар каби 25 фоиздан ягона ижтимоий тўлов тўлайди?

2019-08-20T07:38:33+00:0020 Avgust, 2019|Навоий вил.|

 Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятдаги бошқармалар, банклар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда маҳаллий ва республика ОАВ журналистлари, шунингдек блогерлар иштирокида мунтазам равишда матбуот анжуманлари ташкил этиш йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳамкорликда тасдиқланган режа-жадвал асосида ҳар ойда бир маротаба шаҳар-туманларда медиа-тур ташкил этилиб, ҳудудларда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишилади.

19 август куни Вилоят давлат солиқ бошқармаси вакиллари  иштирокида “Солиқ сиёсатидаги янгиликлар, тизимдаги мавжуд муаммолар ечими” мавзусида оммавий ахборот вакилари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда  солиқ бошқармаси мутасаддилари  мамлакатимизда солиқ юки даражасини камайтириш борасида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилгани такидланди.

­— Бу ҳолат бюджет тушумларининг камайишига олиб келмайдими, деган саволни келтириб чиқариши табиий, – деди Солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Рахимов. – Жорий йилнинг 6 ойида вилоятимизнинг солиқ тушумлари 4 триллион 388 миллиард сўмни такшил этди – ўтган йилга нисбатан ўсиш қайд этилди. Қўшимча қиймат солиғи тўловчилар, тадбиркорлик субъектлари сонининг кўпайиши, қолаверса “конверт” усулида ойлик тўлаш ҳолатларининг бартараф этилиши натижасида бунга эришилди.

Очиқ мулоқотда журналистлар бир қатор саволлар билан мурожаат қилишди. Хусусан, солиқларни яшириш жинояти билан боғлиқ аниқ рақамлар, шаҳарча типидаги аммо, ҳатто табиий газ мавжуд бўлмаган аҳоли пунктларида яшовчилар бошқа ҳудудларга қараганда кўп миқдорда ер солиғи тўлаётгани, 5-6 нафар ходим ишлайдиган таҳририятлар минглаб ишчи фаолият юритадиган йирик корхоналар каби 25 фоиздан ягона ижтимоий тўлов тўлаётгани каби ҳолатлар юзасидан изоҳ сўрашди.

Оммавий ахборот васиталари вакилларининг шу мазмундаги саволларига  соҳа мутахассислари атрофлича жавоб беришди.

­—  Оммавий ахборот воситалари ходимларининг солиқ тизимидаги ўзгаришлардан тўлақонли хабардор бўлиши аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими бошқаруви раиси Отабек Аслонов. – Хусусан, ижтимоий тармоқларда ва аҳоли ўртасида кузатилаётган нотўғри талқиндаги шарҳлар ва муносабатлар ислоҳотларни тескари талқин қилишга сабаб бўлмоқда. Шу боис ОАВ вакилларининг соҳадаги янгиланишларни моҳиятан англаб, тарғиб қилиши бундай ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Матбуот анжумани якунида солиқ органлари ва таҳририятлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамалаш, журналислар билан ахборот алмашиш жараёнларини соддалаштириш, осонлаштириш юзасидан таклифлар ўртага ташланиб, ушбу масалалар ечими юзасидан ўзаро келишиб олинди.

Озод МУСТАФОЕВ.