“Таълим нашрлари ўқитувчининг биринчи маслаҳатгўйи бўлмоғи лозим”

2019-11-07T12:10:39+00:007 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

4-5-ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятида “Матбуот кунлари” ўтказилди.

Тадбир дастлаб Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёт фани чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассислари, вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази ўқитувчи ва тўгарак раҳбарлари, Қарши шаҳри, Қарши, Касби, Нишон, Миришкор, Косон, Муборак туман халқ таълими бўлими методистлари, мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, илғор фан ўқитувчилари ҳамда газетхон муштарийлар иштирок этди.

Учрашувда бугунги кунда таълим нашрларининг соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни, мавжуд камчилик ва муаммоларни ёритишдаги аҳамияти хусусида сўз борди. Тадбирда асосан иштирокчилар фикри тингланди. Муштарийлар келгусида таълимнашрлари саҳифаларида қандай мавзулардаги мақолаларни ўқишни исташи ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. ― Ўқитувчи пухта таълим бериши учун, энг аввало, ўқимишли бўлмоғи керак, ― деди қаршилик фахрий муаллим Жомурод Жиловов. ― Бугунги кунда интернет олами тезкорлик билан ривожланмоқда, албатта, ўқитувчилардан интернетдан фойдаланишда ҳам илғор бўлиш талаб этилади. Лекин бу газета ва журналлар мутолаасига таъсир қилмаслиги керак. Чунки ўқитувчилар учун матбуот саҳифаларида ёритилаётган методик тавсиялар муҳим манба ҳисобланади. Буни кўп йиллик иш тажрибасига эга фахрий педагог сифатида очиқ-ошкор айтаман. Ижтимоий тармоқ қанчалик ривожланмасин, газета ва журнал биз — педагоглар учун ҳамиша керак. Газеталаримиз саҳифаларида кўпроқ ўқитувчиларни қийнаб келаётган муаммоларни ўзимиз кўтариб чиқишимиз керак. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, газета ўқитувчининг биринчи маслаҳатдоши бўлмоғи лозим. Айниқса, севимли таълим нашрларимиз.

― Биз керакли маълумотларни таълим нашрлари саҳифаларидан топиб ўқиймиз ва педагогик фаолиятимиз давомида қўллашга ҳаракат қиламиз, ― деди яна бир фаол муаллиф, Миришкор туманидаги 22-мактаб директори Абдунаби Абдиев. ― Газеталар саҳифаларида қомусий олимларимиз ҳақида ҳам кенгроқ методик тавсиялар бериб борилса, яхши бўларди.

Шунингдек, тадбирда Китоб тумани-даги 74-мактаб ўқитувчиси Комила Оққўзиева, Шаҳрисабз туманидаги 15-махсус мактаб-интернат директори Умида Хушвақтова, Қамаши туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси Рисолат Жуманазарова, Муборак туман ХТБнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича шўба раҳбари Шерзод Қурбонов таълим нашрлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Муштарийлар фикрига кўра, жойларда, айниқса, ўқув муассасаларида газета ва журналларга обуна бўлиш ҳар бир муштарий ёки ўқувчининг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб амалга оширилиши, оммавий ёки мажбурий тарзда ташкил этилмаслиги шартлиги таъкидланди. Яккабоғ туманидаги 2-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда ҳам ўқитувчилар таълим нашрларининг бугуни ва эртаси хусусида фикрларини билдиришди.

― Она тили ва адабиётдан дарс бераман, ― деди Яккабоғ туманидаги 103-мактаб ўқитувчиси Ортиқ Беҳутов. ― Доим даврий матбуот билан танишиб бораман. Айниқса, “Маърифат” газетасини қолдирмай кузатаман. “Синаб кўринг”, “Ўқитувчи нимани ўйлайди?”, “Муштарий муҳокамаси” каби кўплаб рукнлар остида берилаётган мақола ва фикрлар бизни бефарқ қолдирмайди. Таълим нашрлари бундан кейин ҳам бизнинг ҳамроҳимиз бўлиб қолади.

― Газета ва журналларга обуна бўлиш қайсидир юқори ташкилотнинг турткиси билан ташкил этилмаслиги керак, ― дейди Китоб туман ХТБ методисти Зулхумор Раҳмонова. ― Ўтган замонларда шундай ҳам бўлди. Лекин бугунги янгиланиш даврида ҳар бир муштарий ушбу жараёнга ақл билан ёндашиб, ўзи севган газета ва журналларга обуна бўлиши шарт. Биз бу хусусида бир неча йиғинларимизда мактаб директорлари ва ўқитувчиларга керакли тушунчаларни бериб бормоқдамиз. Обуна жараёни ҳеч кимга ва ҳеч қачон мажбурий эмас.

Тадбирда “Халқ таълими”, “Ғунча”, “Гулхан”, “Тонг юлдузи”, “Тил ва адабиёти таълими” каби бир қанча даврий нашрларнинг ижодий ходимлари иштирок этди. Йиғилиш сўнгида ижодкор ўқитувчилар ҳамда ҳозиржавоб муштарийлар таҳририятларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 Ўктам МEЙЛИЕВ