«Сўз сўзлашда… андиша керак»

2019-11-08T09:43:18+00:008 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

ёхуд Абдулла Қодирий ва ўзбек адабий тили ҳақида айрим мулоҳазалар

Абдулла Қодирий номи тилга олинганда бир энтикиб, ҳайратлар билан Отабек ва Кумуш, Анвар ва Раъно тақдирини эсга олмайдиган ўзбек зиёлиси, адабиёт муҳиби топилмаса керак. Адибнинг бадиий сўзида бетакрор жозиба мужассам бўлгани боис «Ўткан кунлар»ни неча бор ўқиса ҳам, одам тўймайди, зерикмайди; қайта ўқишга зарурат сезаверади. Бу ҳол, табиийки, адибнинг образ яратиш маҳорати, инсон қалбини чуқур англаши, ­воқеа-ҳодисалар баён усулига тегишлидир. Зеро, адабиётдек сўз санъати учун бадиий тил жуда муҳим саналади; сўз воситасида образлар, манзаралар, туйғулар сувратлантирилади. Барчага аён бу ҳақиқат бадиий адабиётнинг алифбоси. Бунга исбот учун махсус кўчирмаларга ҳожат йўқ. Аммо Абдулла Қодирийнинг сўзга, бадиий тилга, ўзбек адабий тилига эътибори… Бу жиҳатларга алоҳида тўхталиш зарур, албатта. Унинг сўзида инсонни ўзига боғлаб турадиган мустаҳкам маънавий иплар, одамни ўзига оҳанрабодек тортиб турган куч-қувват бор. Буни ўқувчи сезмаслиги мумкин эмас. Айнан сўзнинг таъсири боис Кумуш ўлган саҳнада ҳўнг-ҳўнг йиғлайди китобхон. Демак, адибнинг кўнгил булоғи шу саҳифаларга тўкилган. Адибнинг адабий-эстетик дунёси, ижодкор дарди ана шундай юзлаб саҳифаларга муҳрланади…

2–

Ҳар қандай миллий тилнинг бойиши, тикланиш, юксалишида ижод аҳлининг улкан хизматлари бўлади. Жаҳон адабиётидаги алломалар биринчи навбатда миллий тилларнинг дунёда яшаб қолиши учун уларга ўз асарлари билан маънавий ёдгорликлар қўйди. Имкон топганлари ўз она тили билан бошқаларни қиёслаб илмий-назарий ­китоблар ёзди.
Адабий тилнинг шаклланиши, баланд мақоми, шева хазинасидаги сўзларнинг истеъмолга олиб кирилиши ва эсдан чиққан туб сўзларнинг қайта қўлланишида адибларнинг беназир бадиий тафаккури воситачилик қилади. Халқ ичидан олинган жонли сўзлар уларнинг ижод хумдонида тобланади, пишади, қайралиб сайқал топади. Шу зайлда халқнинг туганмас хазинасига, муомала-муносабатларида маънавий мулкига айланади.  Ўзбек тилининг тарихи узоқ. Аммо замонавий ўзбек адабий тилининг шаклланишида жадид адиб­лари, ХХ асрнинг 20-йиллари матбуот нашрлари, турли маърифий ташкилотлар айнан миллий тил истиқболи билан боғлиқ вазифаларни ўз зиммаларига олган эди. Бу давр адиблар асарлари қўлёзмасида ўзича, нашр бўлган газета ва журналларнинг ҳар бири тажрибавий йўсинда ўзича ­«адабий тил»ни қўллагани маълум. Давр матбуотида манбалар кўп ҳолларда таҳрирсиз ҳам бериб борилган эди. Зиё Саид жадидлар матбуоти тарихини ёзар экан, албатта, уларнинг тили ва услубига эътибор берди; «ўрта шевада», «тили ўзбекча дейилган бўлса ҳам, арабча, форсия кўп бўлиши устига ўша усулда жумлалар тузилар эди», «журналнинг сарфий-наҳвий хатолари ҳам йўқ эмас эди» каби муллоҳазалар билдириб, «тилидан ўрнаклар» келтирди.
Бу даврдаги ўзбек адабий тилини кузатган жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд «Чўлпоннинг тасвири соф»лигини, Фитратнинг «ўзига махсус тили» бўлиб, «ўзбекчани иккинчи қатла тиргиз»ганини айтади.
Фитрат бошқарган «Чиғатой гурунги» жамияти аъзолари адабий тилни туб туркий сўзлар ҳисобига бойитиш устида жиддий қайғуриб, ўз қарашлари, таклиф ва топилдиқларини 1920 йил баҳорида босила бошлаган «Тонг» журналида ёритиб борди. Бу журнал тил ва имло масаласига жуда катта аҳамият берди ва бу йўлда яхшигина ишлади. Баъзи бир номерлари тилимизга кириб қолган араб ва форсий сўзларига қарши жиҳод билан майдонга чиқди. «Чиғатой гурунги» жамиятининг ҳафталик йиғилишида ҳар бир аъзога эски чиғатой-ўзбек сўзларини топиб келиш юкланар ва бунинг учун кексалар, кампирлар, кўпроқ қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашиш тавсия қилинар эди». Жамият аъзолари тарафидан ўша даврда ўзбек адабий тилига киритилган «бошқарма», «билдириш», «атама» каби сўзлар ҳозир ҳам кенг ишлатилади. Ўзбек адабий тилининг тақдирига бефарқ бўлмаган, асарлари тилини халқ сўзлашув тилига яқинлаштира олган Жулқунбой ҳам ўша «гурунг»га аъзо эди.

3–

Жулқунбойнинг бошлаб ёзган асарлари тили билан «Ўткан кунлар» романи қиёсланганда табиийлик, самимийлик, халқ жонли тилига яқинлик яққол сезилади. Абдулла Қодирий асардан асарга бадиий тасвир, услуб ва поэтик тил жиҳатидан ҳам юксалиб боради. Ойбек Абдулла Қодирий романлари тили масаласи ўртага қўйилганда «Ўткан кунлар» романида ёзувчи тил устида катта маҳорат кўрсатади. Романнинг тили, ҳақиқатан бой, бўёқли, содда, ифода кучи зўр, массага англашиларли бир тилдир. Ўзбек адабий тилининг шаклланишида бу асарнинг роли, шубҳасиз катта»; «Ўткан кунлар» янги ўзбек адабий тилининг тараққиётида катта роль ўйнайди», деган теран фикрларни ёзди.
Дарҳақиқат, орадан сал кам бир аср ўтган бўлса-да, бугун ҳам Абдулла Қодирийнинг ўзбек адабий тил тараққиётига қўшган беқиёс хизматлари юрак-юракдан эътироф этишга, адибнинг маҳорати, гўзал ёзғичи – қаламига таҳсин айтишга мажбурмиз. Жулқунбой икки аср ва икки турли тузум чегарасида яшади. Умри тугаб бораётган «хон замонлари», «мусулмонобод» бўлган ўша замон одамлари турмуши билан янгиланаётган, замонавийлашаётган Туркистон аҳли ҳаётини қиёслади. Шу боис унинг асарлари тилида мумтоз наср билан янги ўзбек адабий тилининг уйғунлиги аниқ кузатилади. Энг муҳими, бу поэтик тил Абдулла Қодирий асарларига, хусусан, мозийдан сўз очган романлари моҳиятига жуда мос келади. Сунъийлик сезилмайди. Лозим ўринларда юқори табақага мансуб образлар тили ёки фармонлари матнини ҳам индивидуаллаштиради.

Халқ мақоллари ҳар қандай миллат адабий тилининг фасоҳат ва балоғатини кўрсатади. Ўрнида қўлланган мақол бадиий асарга кўрк бағишлайди. Бундай ҳол Абдулла Қодирий асарлари тилида кўп кузатилади. Хусусан, «Яхши ният – ёрти мол», «Дарди йўқ – кессак, ишқи йўқ – эшшак», «Осилсанг ҳам баланд дорға осил», «Сут билан кирган – жон билан чиқар», «Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр, «Ўрганган кўнгил ўртаса қўймас», «Қўрқоқ олдин мушт кўтарар» каби мақол ва иборалар кўп учрайди. Улардан айримлари сарлавҳага ҳам олиб чиқилган. Америкалик тадқиқотчи Христафор Майкл Мурфи «Ўткан кунлар»даги конфликт масалаларига, образлар учун танланган исм ва уларнинг талқинига, романда акс этган тарихий воқеаларга, характер ва персонажларга, «Меҳробдан чаён» романи сюжети ҳамда қаҳрамонларига эътибор берди. Адиб романларининг тилини янги, айни чоғда, ўзбек адабиёти тарихида мавжуд ҳикоя қилиш анъаналарига яқин туради, деди. Фикр исботи учун «Маҳбубул қулуб» ва «Бобурнома»ни қиёслади. Халқнинг сўзлашув тилига яқинлиги, баъзан халқ достонлари тилига хос жиҳатлар борлигини, бунда адиб ўқувчилар оммасини кўпроқ ўйлаганини таъкидлади.

4–

Абдулла Қодирий асарлари унинг беназир поэтик тафаккуридан дарак беради. Бадиий тафаккур эса нутқ ҳодисаси билан боғлиқ, албатта. Ҳар бир миллат адиби ўз миллий тилида фикр юритади, шу миллий тилнинг луғат бойлигига таяниб ижод қилади.
«Меҳробдан чаён»нинг «Қизиқлар» фаслида ўтмишдаги ўзига хос халқ театр санъатининг намунаси­­ни тасвирлайди. Саҳнага олиб чиқилган қизиқчиларнинг қочирим ва аскиялари воситасида ўзбек тилидаги сўзларнинг кўпмаънолилик жиҳатларини намойиш этади. Баъзан битта сўзнинг ички ёки кўчки маъносидан кулги пайдо бўлади.
Ҳеч шубҳасиз, Абдулла Қодирийнинг адабий мероси ўзбек адабий тилининг тарихида алоҳида босқич сифатида қаралишга муносибдир. Чунки адибнинг қўллаган сўзлари, халқ ичидан танлаб, топиб олган таъбирлари, халқона бадиий тасвир воситалари – буларнинг бари ҳозирга қадар ўзбеклар учун тиниқ фикр ифодасига хизмат қилиб келади.
Абдулла Қодирийнинг улкан ҳажмдаги романларидан тортиб, оддийгина бир нечта қатордан иборат «билдиришнома»ларигача – барча-барчасида теша тегмаган таъбирлар, ўзига хос поэтик нутқнинг бетакрор намуналари кўринади.

«Ўткан кунлар»нинг «Кумушнинг сўз ўйини» фаслида адиб Отабек, Кумуш ва Зайнабни учбурчак ҳолида ўтирғизиб тасвирлайди. Ўша «дин адолатка буюрган» ва «ота-онанинг ҳурматлари кўндаланг» бўлган муҳит баёнида адиб икки хотинли Отабекнинг Зайнабга нисбатан «мажбурияти»дан, кўнгилсизлиги ва ўқувчини зериктириб қўйишидан сўз очади. Кумуш билан муносабатлари тавсифида эса ўқувчи зерикмайди, ёзувчига завқ-шавқ билан эргашади; «чунки Отабек ва Кумуш ишқларида самимият, яна тўғриси шеърият бор эди». Романнинг бу каби мажзуб эпизодларида адиб жуда ноёб тасвирий сўз ва ибораларни топиб қўллайди.
Адиб қаҳрамонларининг ташқи қиёфаси тасвири учун ҳам энг эсда қоларлик ўхшатма сўзлар ва сўз бирикмаларидан фойдаланади. Отабек ёки Кумуш бибининг ташқи кўриниши тасвирида сўзларни маржондек ипга тизади. «Меҳробдан чаён» романидаги Солиҳ махдум табиатининг ўзига хослиги баёнида у биров билан сўзлашганда, «айниқса, бир нарсадан таажжубланганда сийрак ва лекин тўғри, бақувват ўскан соқолини тутамлаб ўнг кўзини бир оз қисиб» қараши ва ўз нутқида «ҳабба» деб қўйиши ҳам кўпчилик ўқувчиларига маълум гап, албатта. «Домланинг бу «ҳабба»си нима маънода қўлланилар, ўзидан бошқа ҳеч ким билмаганидек, ундан бу тўғрида изоҳ ҳам сўрамаған эдилар. Ҳар ҳолда, «ҳабба – ҳабали» ёки «ҳа, баракалла» бўлса керак. Чунки ул бир нарсадан хурсанд ва рози бўлғанда аксар «ҳабба» деб юборадир». Ҳар қандай вазиятда ҳам шу битта «ҳабба» сўзининг ассосиациясидан ўқувчи тасаввурида Солиҳ махдумнинг қиёфаси аниқ гавдаланади. Бадиий ижодда топилган ва ўрнида ишлатилган битта ноёб сўзнинг қуввати ҳам ёзувчи маҳоратидан дарак беради.
Абдулла Қодирийнинг асарларидаги эстетик гўзаллик бевосита маҳоратга, ёзувчининг изланишлари, ижоднинг меҳнат-машаққати, фақат санъаткоргагина хос назари билан ҳам боғлиқ. Зеро, Жулқунбойнинг ўз эътирофига кўра, у материалларни, жойларни пухта ўрганади; бу жараёнда энг майда деталларга ҳам диққат қаратади. «Ўткан кунлар»ни ёзишдан аввал адиб воқеалар кечадиган жойларни кўради, турли кўчалардан юради, қабристонда тунайди ва хон ўрдаларини синчиклаб ўрганади. Масалан, Қўқон ўрдасининг қописини шундай беради: «Айниқса, дарбозанинг икки биқинидағи «ўгирмагул» тарзи билан ишланган гулдасталар, дарбоза равоқидағи ганчдан қабартирилиб ясалған бўртма нақшлар, гуллар ҳали ўзларининг нафосатларини унчалик йўқотмаған эдилар». Жуда нафис сўзлар билан берилган бундай тасвирлар адибнинг синчковлигини англатади. Аниқ тасаввур қилинган манзаралар тиниқ тасвирланади; ўз ўрнига тушган ёрқин сўз ёлқини тафаккур пучмоқларини ёритади.
Баъзан Абдулла Қодирий ўз асарларида мумтоз насрга хос сажъ санъатидан ҳам фойдаланади. Дейлик, ўрдалик бир самоварчи девонани сўзлатиб, «…чойхонада саккиз йигит, ўртасида битта чигит; какир-кукир этар чилим, катта-кичик унга елим! Бу на бало, бу на қазо?…» деса, бошқа бир ўринда «Саломнома»да бойларга қарата «Масков бориб келибон, минглаб фойда қилибон, ҳафтада гап ейибон, томга карнай қўйибон; халқ қайғусин емайин, мактаб очай демайин; эллик-олтмиш қўй берган, саккиз кунлаб тўй берган – Туркистон савдогарларига сало-о-ом!..», деб ёзади. Бунда савдогарлар характери ўзаро зидлашиб йиғилган сўзлар воситасида очилади…

5 –

Абдулла Қодирий Кумушни қандай тасвирлайди? Жуда беғубор ва бегидир. Агар эсингизда бўлса, романнинг аввалидаёқ Кумуш руҳиятида ҳам ғалати бир паришонлик содир бўлади. У ҳам Отабекка ўхшаб аллатавур бўлиб юради. Адиб Кумуш ўша ҳолатини жуда жозибали тарзда, қуюқ образли тил билан қуйидагича чизади: «…уйнинг тўрига солинғон атлас кўрпа, пар ёстиқ қучоғида совуқдан эринибми ва ё бошқа бир сабаб биланми уйғоқ ётқан бир қизни кўрамиз. Унинг қора зулфи пар ёстиқнинг турлик томониға тартибсиз суратда тўзғиб, қуюқ жинггила кипрак остидағи тимқора кўзлари бир нуқтаға тикилган-да, нимадир бир нарсани кўрган каби… қоп-қаро камон, ўтиб кетган нафис, қийиғ қошлари чимирилган-да, нимадир бир нарсадан чўчиган каби… тўлған ойдек ғуборсиз оқ юзи бир оз қизиллиқға айланган-да, кимдандир уялған каби…». Бу кўчирмада берилган Кумушнинг ҳолатини тасвирлашда ёзувчи сўзларни маржондек тергани кўриниб турибди.

Ёки айнан ана шу қаҳрамоннинг бошқа бир эпизоддаги ҳолатини беришда ҳам ёзувчи бор бадиий маҳоратини ишга солади: «…Ариқнинг мусаффо тиниқ суви ёвошғина оқиб келар, Кумушбибининг қаршисиға етканда гўёки, унинг таъзими учун секингина бир чарх уриб қўяр, ўз устида ўлтирган соҳиранинг сиҳрига мусаҳҳар бўлған каби тағи бир каттароқ доирада айлангач, оҳистағина ­кўприк остиға оқиб кетар эди. Ариқ сувининг ниҳоятсиз ҳаракатини узоқ кўздан кечириб ўтурғач қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди. Унинг юзини ўпиб тушкан сув томчилари билан ариқ ҳаракатка келиб чайқалди, гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди… Нозик оёқлар толдилар шекиллик, садаф каби оқ тишларини бир-икки қайталаб чайди, ариқ бўйини ва унинг сувларини ташлаб кетди». Бу кўчирмадаги «соҳира»га оид бирикма сўзлари ҳам, «юзини ўпиб тушган сув томчилари» ифодаси ҳам, оёқларга қўшилган «нозик» сифатлаши ва «садаф каби оқ тишлар» ўхшатиши ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Қодирий соҳир қалами остидан чиққан аксар қаҳрамонлари жозибали, суюкли, таъсирли. Чунки адиб сўз сўзлашда узоқ андишага боради; қуруқ баён ўрнига воқеликни, инсонни ­тасвирлашни муҳим санайди.

Абдулла Қодирий фикр ифодасининг қисқа ва аниқлигини, кам сўз билан кўп маъно бериш йўсинини қадрлаб, ёзишда ортиқча сўз ва жумлаларни қисқартиришдан сабоқ беради; ёзганини одамнинг ёлғиз ўзигина тушуниб, бошқанинг англай олмаслиги адибга асло маъқул келмайди. Шу боис «Ёзғувчиларимизга» номли мақоласида «Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак, ёзғувчининг ўзигина тушуниб бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб. Асли ёзғувчилиқ, айтмакчи бўлған фикрни ҳаммага баробар онглата билишда, ораға онглашилмовчилиқ солмаслиқдадир», деб таъкидлайди. Асар матнидаги ҳар бир сўзга диққат бериб, ундан «бирон сўзни чиқариб ташлаш ёки бирон сўзни қўшиш» масаласида ҳам қатъий туради. Булар эскирмайдиган, ибратга лойиқ ҳақиқатлардир.

6 –

Мумтоз адабиётшуносликда кам сўз билан кўп маънолар баён этиш санъатига «ийжоз» дейилади. Сўзнинг ийжоз мақоми Абдулла Қодирий насри поэтикасига, қаҳрамонлари нутқига ҳам хос.

Отабекни иккинчи марта уйлантириш ҳавасида юрган Ўзбек ойим бир куни Ҳасанали билан гап талашиб айтадики: «Сандек соқоли узун, ақли қисқадан кенгаш сўраб ўлтурған мен ҳам аҳмоқ!» . Ўзбек ойимнинг гапга уста қилинганини қарангки, бу ўринда халқ орасида аёлларга нисбатан айтиб келинадиган нисбий таъбир Ҳасаналига мосланади. Шокирбекнинг Отабекка эврилиш саҳнаси остонасида Уста Алим «…ёмоннинг жанозасидан яхшининг ҳикояси фойдалик», деб сомеъликка ҳозирланади. Бундай нутқда «сен» – «мен», «узун» – «қисқа», «яхши» билан «ёмон», «жаноза» билан «ҳикоя» сўзлари зидланади. Юсуфбек ҳожи бир йиғилишда «Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил шу манфаатпарастлар таъсирида қорайди», деган гаплари семантикаси қаршилидир. Юсуфбек ҳожининг ўз нафсига назари, маломати ва эътирофидаги соқолининг оқариши ёки кўнглининг қорайиши тасаввурни тоза бир инсон умрининг йўллари томон йўллайди. Аслида вазият, характернинг контрастли-қиёсли тасвирини романнинг дастлабки саҳифаларида, яъни карвонсаройда Отабек тушган ҳужра ёки Отабек билан Ҳомид характери баёнидаёқ кўринади. Адиб бу бадиий санъатдан романда жуда кўп ва ўринли фойдаланади. Баъзан кундошларнинг маънавияти, сажияси ҳар жиҳатдан таққосланади. Ўз мақсади йўлида янги қаҳрамонларни саҳнага олиб чиқиш жараёни романи охирлаб қолганида ҳам давом этади. Адиб романнинг «Хушрўйбиби ва Зайнаб» фаслидаги «Хушрўй узун бўйли, қотмароқ ва зарча танлик эди. Зайнаб қисқа бўй, гўштдор ва оқ танлик эди. Хушрўйнинг ҳаракати енгил ва лавзи тез эди, Зайнаб лоппос ва ўнта сўзга аранг битта жавоб қайтарадирған эди», деган опа-сингиллар табиатининг қиёсидан тасаввур тўлишади.

Адиб асарларида учрайдиган «Ул турғон жойида қозиқдек қоқилиб қолғон эди», «Кечанинг қаронғлиғи устига меваларнинг қуюқ япроқлари қўшилиб, бу майдон айниқса Отабекнинг ҳозирги кўнглига яқинлашиб келар эди» каби ифодаларда «қ» товушининг такроридан, «саполлаган билан қовуқни олиб чақмоқ суртди. Шам ёқилди» каби жумлалардаги «л» ва «қ» товушининг такроридан юзага келган оҳанг, «Тана бузоқнинг турқи туқғаниға тамға» ёки «Энди кўрсам милтиқнинг ўқидек, пушти гулнинг тўқидек келиним бор экан» каби халқона иборалар бадиий матнга латиф бир жозиба бахш этади. Адибдан авлодларга гўзал романлар, кўркам сўз мерос қолди. Ўқиш ва уқиш – бу хазинани ардоқлаш саналади.

Абдулла Қодирий ўзининг бетакрор бадиий асарлари билан ўзбек адабий тилининг бойлигини исбот этди; ўрни келганида шева сўзларидан унумли фойдаланди. Адиб халқ тилида қўлланадиган «чип» сўзи учун «ғов, баррикада» маъносида, бошқа бир саҳифадаги диологда келган «эшик» сўзини «Фарғонада ҳовлини эшик дейдилар» деб изоҳлайди. Ҳомид Жаннат опага «…гузардан чиқиб бир чорак эт келтириб, шўрба қилиб берсангиз» дей­ди. Ёзувчи «бир чорак»ни «уч ярим-тўрт қадоқ чамаси тошдир» деб изоҳлайди. Бугунги ўқувчи учун бир қадоқнинг 409,512 граммга тенг оғирлик ўлчов бирлиги эканини эслатишга зарурат бор.

Бошқа бир эпизодда узоқ айрилиқдан кейин қайта учрашган Кумуш Отабекка «Сиз энди қирчиллабсиз!» деб айтади. Адиб «қирчиллаш» сўзига «Қирчиллаш – одатда қорга айтиладир. Масалан, қаттиғ совуқда ёқған қор қирчиллайдир. Шундан олиб, айни етилган йигитларни қирчиллама йигит, дейдилар» тарзида романнинг асосий контекстидан ташқарида изоҳ ёзди. Адибнинг асарларида ўзбек тилининг бетакрор жозибасини намоён қилган бундай эпизодлар, жумлалар, бирикмалари ва сўзлар изоҳи кўплаб топилади.
Абдулла Қодирий ижод аҳлини ўз она тили ва қўшни миллатлар тилини билишга чорлади: «Ёзувчи ўз халқининг тилини, фольклорини камол ўрганиши шарт ва бир неча тилларни, айниқса, яқин қўшни тилларни билиши фазилат. Шундагина тили бойийди, асари жонланади»…

7–

Абдулла Қодирий романларини ўзбек адабий тилининг замонавий кўринишда шаклланаётган бир даврда ёзди. Адабий тилнинг рутбаси, мақоми юксалишида адибнинг хизмати катта бўлди. Тил миллатни бирлаштирувчилик қудратига эга қадриятдир. Қодирийшунос олимлар фикрига эътибор берилса, Абдулла Қодирий тошкентлик бўла туриб, ўз романларида маҳаллий шева унсурларини умуман қўлламайди. Ҳатто қаҳрамонларининг нутқини индивидуаллаштиришда ҳам бошқа бадиий воситалардан фойдаланади. Демак, адиб шу зайлда бор маҳорати билан ўзбек адабий тилининг бойлигини, ўзбек тилининг кенг имкониятларини намойиш ҳам қилади.
Хуллас, ўзбек халқи турмушини, тарихини, тилини, урф-одатларини яхши билган Абдулла Қодирий улардан ўз асарларида жуда унумли ва ўринли фойдаланди. Адибдан қолган муҳташам адабий меросда ўзбек адабий тилининг гўзаллиги, нафосати, тасвир ва ифода имкониятлари ўз аксини топди. Шу билан бирга Абдулла Қодирий баъзан филолог олимларга хос қимматли адабий-назарий қарашлари билан ҳам ўзбек адабий тилининг такомилига хизмат қилди. Бу беназир адабий-илмий хизматларни ўзбек олимлари билан бирга хорижлик мутахассислар ҳам эътироф этди.

 

Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори,
профессор.

 Манба:«Ишонч»