Сурхондарёда медиаклуб иш бошлади

2019-09-13T11:39:34+00:0013 Sentabr, 2019|Сурхондарё вил.|

Ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган Ўзбектсон журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими яна бир катта лойиҳага қўл урди.

Журналистикага қизиқувчи ёшларни бирлаштирган ҳолда медиа клуб лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу лойиҳага Термиз давлат университети ҳамкорлик қилиб, таълим даргоҳида машғулот хоналари ташкил қилинди. Университетнинг ёшлар етакчиси Наврўз Омонов  талаба ёшлар орасидан иқтидорли ёшларни жамлаган ҳолда жамоа  шакллантирди. Ниҳоят эндиги қадам клуб очилиши бўлди.

Ниҳоят, Термиз давлат университети ахборот ресурс маркази учинчи қаватида ташкил этилган клуб очилиши куни кеча катта қизиқиш билан бўлиб ўтди. Ушбу клубнинг очилиш қисмида уюшма раиси М.Абдураҳмонов, “Сурхон тонги” газетаси бош муҳаррир ўринбосари С.Омон, “Сурхон ёшлари” газетаси бош муҳаррири И.Шомиров, “Давр мезони” газетаси масъул котиби Г.Турсаотова иштирок этиб, иқтидорли ёшлар билан журналистика ҳақида самимий сухбатлашди.  Шунингдек, ўз касбининг етук журналистлари  энди ижодга кириб келаётган ёшларга керакли  тавсиялар берди.

Айтиш керакки клуб учун ташкил этилган хонада ёшлар учун барча қулайликлар яратилган бўлиб, компьютер, проектор ва бир қанча техникалар билан таъминлаган. Клубнинг биринчи иштирокчилари тўрт ой давомида уюшма томонидан дастурга киритилган маҳоратли журналистлардан журналистика сирларини ва тажрибаларини ўрганиши  мумкин бўлади. Энг муҳими барча мавзулар амалий машғулотлар билан олиб борилади.

Мастура ҲАМРОЕВА,

Ўзбекстон Журналистлари ижодий уюшмаси

 вилоят бўлими мутахассиси