Сурхондарё вилояти ҳокими блогерлар билан учрашди

2019-12-12T09:51:54+00:0012 Dekabr, 2019|Сурхондарё вил.|

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган блогерлар ва вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарлари билан учрашиб, улар билан самимий суҳбат қилди. Вилоятда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Аграр воҳа сифатида шуҳрат қозонган вилоятда замонавий ишлаб чиқариш корхоналарининг барпо этилаётгани хом ашёни ҳудуднинг ўзида қайта ишлаб, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, бундан уч йил муқаддам вилоятда етиштирилган пахтанинг атиги 12 фоизи маҳаллий корхоналарда қайта ишланган бўлса, ҳозир тўлиқ қайта ишлаб, ип-калава тайёрлаш имконияти мавжуд. Цемент, гранит каби қурилиш учун зарур материаллар, тайёр трикотаж буюмлари ишлаб чиқаришнинг ўзлаштирилгани ҳам кейинги йилларда воҳа бойликларидан оқилона фойдаланишга, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, қулай ишбилармонлик муҳити яратишга қаратилаётган эътибор натижасидир.

Хусусан, жорий йилда фойдаланишга топширилган “ZIF Textile” масъулияти чекланган жамиятининг хориж дастгоҳлари билан жиҳозланган корхонасида 704 ишчи меҳнат қилиб, катталар ва болалар учун бежирим кийим-кечаклар ишлаб чиқармоқда. Тайёр маҳсулотларни мамлакатимиз ҳудудидаги 12 савдо дўконида харидорларга етказиб бераётир. Келгусида 4 мингдан ортиқ хотин-қизни иш билан таъминлашни мўлжаллаётган тадбиркор жорий йилнинг ўтган даврида хорижга 123 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди.

Ўтган йилгача пойтахтимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган Ж.Пардаев яратилган қулай ишбилармонлик муҳитидан фойдаланиб, ўз бизнесини юритиш учун Термиз шаҳрига келди ва қатор замонавий хизмат кўрсатиш шохобчаларини қуриб, ишга туширди. Давлат-хусусий шериклик асосида давлат хизматлари агентлигининг Термиз шаҳар бўлими учун муҳташам бино бунёд этди.

Вилоятда сўнгги икки йилда 123 та кўп қаватли уй-жой барпо этилгани, келгуси йил яна 83 та 5-12 қаватли уй қурилиши режалаштирилаётгани ҳам воҳа янги босқичдаги юксалиш йўлида дадил одимлаётганига яққол далилдир.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда халқаро, маҳаллий ва ички йўлларда олиб борилаётган ишлар, таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳа иншоотлари қурилиши, аҳолини тоза ичимлик суви, газ ва электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, воҳанинг Боботоғ, Мачай, Тангимуш, Кенгдала сингари узоқ ва тоғли қишлоқлари аҳолисига яратилаётган шароитлар, “Обод маҳалла“, “Обод қишлоқ“, “Обод марказ“ каби давлат дастурлари ижроси, ерлардан ноқонуний фойдаланишга чек қўйиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва бошқа муҳим масалалар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

– Амалга оширилаётган бундай улкан ишлар халқимиз турмуш даражасини оширмоқда, – деди вилоят раҳбари. – Ижтимоий тармоқларда жамиятда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларга фаол муносабат билдираётганингизни қизиқиш билан кузатиб бораман. Сизларнинг жойларда жамоатчилик назорати ўрнатишдаги фаоллигингизни қадрлайман. Ўрни келганда бир нарсани очиқ айтишим керакки, ҳафтада икки кун эрта тонгда Термиз шаҳрини айланишни одат қилганман. Воҳа марказида ҳали бажарадиган ишларимиз кўп. Лекин, буларнинг барчаси маблағ талаб этади. Шу боис мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этаяпмиз. Мамлакатимизда шу йилнинг 22 декабрь куни парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга ҳозирлик ишлари якунланмоқда. Ўйлайманки, муҳим кампанияни умумэътироф этилган мезонлар асосида очиқ, ошкора ўтказишга ҳам яқиндан кўмаклашасизлар.

Самимий руҳда ўтган тадбирда вилоят ҳокими иштирокчиларнинг муаммоларини эшитиб, таклиф ва тавсияларини тинглади. Ўртага ташланган масалаларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат)

  Манба:ЎзА