Султон суягини хўрламас ёки “тарих йўқолиши мумкин эмас”

2019-11-28T11:47:36+00:0028 Noyabr, 2019|Наманган вил.|

 Куни кеча Наманган шаҳридаги 2-тиббиёт коллежида ишлайдиган газетамиз ихлосмандларидан бири, директор ўринбосари Абдурасул ака Мамажонов телеграм каналимизга кенг форматли лавҳанинг суратини юборибди : “Газета  бу – тарих. Тарих эса бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин эмас.” Рости, бу сўзлардан, бу эътибордан бошимиз кўкка етди. +ани энди шу ҳикматни “обуна” деганда лабига учуқ тошадиган мутасаддилар, фойда билан зарарнинг фарқига етмаётган айрим фуқаролар ҳам англаб етса…

Халқимизда: “Бир куни келиб қоғоз (“ҳужжат” дейилмоқчи – муаллиф) гапиради. Мингта оғзаки гап-сўзнинг аҳамияти йўқ”, – деган ибратли ўгит бор. Шунга амал қилган кишилар расмий, норасмий ҳужжат борми, керакли хат-ёзувларми – ҳаммасини авайлаб-асраб, йиғиб қўядилар. Вақти келганда далил-исботлари тайёр туради.

Шу ҳақда фикрлаётиб, яқин ўтмишда бўлган бир воқеа ёдга тушади. Бундан чамаси етти-саккиз йил аввал  мўйсафид киши таҳририятга кириб келди. Эмишки, у ёшга доир нафақага чиқаётган экан. Аммо даврлар, тузумлар ўзгариб, у меҳнат қилган корхона аллақачонлар ёпилиб кетган, архивлар ҳам эҳтиётсизлик қилганми ё собиқ корхона кадрлар бўлимининг айби биланми, ишқилиб, ўша ташкилот билан боғлиқ бир неча йиллик  меҳнат иш стажига кирмай қолган.

Дафъатан, у одамнинг  80-йилларда “Наманган ҳақиқати”да ўша корхонада иш устида тушган сурати чоп этилгани ёдига тушиб қолади. Шу важдан, ўша суратдан нусха кўчириб олишни илтимос қилиб келибди. Бу сўралаётган идорага ҳужжат сифатида ўтиб, анча-мунча ёрдами тегар экан.

Таҳририятнинг холис хизмат ходимлари оз-моз овора бўлиб,  архивдан  ўша йиллар тахламларини қидиришга тушдилар. Ва ниҳоят топдилар. Ўша инсоннинг дастгоҳ олдида кулиб турган сурати остидаги  яхшигина тагсўз бир неча йиллик меҳнатини куйиб қолишдан сақлади. Бу – “Хатга тушдинг – ўтга тушдинг” деган гапнинг ижобий ижроси бўлиб чиқди.

Ҳаммамиз яхши биламиз: бир қарич варақадан туғилиб вужудга келган газета – катта ғоявий куч, қудратли қурол бўлган, тузумларни йиқитиб, инқилобларни амалга оширган. Халқларни бирлаштириб, эзгулик йўлида интилишга ундаган. Адолат тарозуси, холислик макони, ҳақиқат элчиси бўлган. Фуқароларнинг саводини чиқаришга хизмат қилган. Ахир яқиндагина эмасмиди, одамлар имло хатосини газета матнига қараб тўғирлар эди. Ўқитувчилар ўқувчиларига кўпинча газета матнидан диктант ёздирардилар.

Эндиликда  техника фавқулодда ривожланди. Ақл бовар қилмас мўъжизалар яратиляптики, бирини “ҳазм қилиб” – ўрганиб улгурмасингиздан янгиси пайдо бўляпти. Виртуал оламдаги ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайган сайтлар, каналлар, электрон газеталарни санаб саноғига етолмайсиз. Яхшилаб разм солсангиз,  уларнинг ҳаммаси бир биридан кўчирилган хабарлар, маълумотлар. Талатўп ахборот дунёсида ёлғон-яшиқлар, одамларни ваҳимага солувчи шов-шувлар, жирканч манфаатни кўзловчи лавҳалар, имло ва мантиқ қоидаларидан йироқ матнлар, шахснинг обрў-эътиборини туширувчи, аниқроғи, бадном қилувчи “янгиликлар” урчиб, бижғиб ётибди.

…Ёз кунлари эди. Якшанба кечга яқин ёмғир ёғиб ўтди. Эртаси душанбада ишга келдим. Бўшаганда “Дарё” ижтимоий тармоғига кирдим. “Наманган сув остида қолди…” деган суратли хабарни ўқидиму “Батафсилни кейинроқ ўқирман, шаҳар марказида каттароқ жала бўлибди шекилли”, дея ўчирдим. Ярим соатлар чамаси ўтиб, яна “Дарё”ни очсам, ҳалиги хабарни олиб ташлашибди. Ваҳоланки, Наманганда унақа ваҳимали ёмғир ҳам ёғмаган, сув ҳам тошмаган. Сарлавҳани кўринг: “Наманган сув остида қолди”, – эмиш. “Ҳе, нафасингни ел олсин…” –дегингиз келадими?!

Бизнинг талабалигимизда  домлалар нимани ёзиш кераклигу нимани ёзмаслик кераклигини ҳам пухта ўргатишган. Журналистика мактабида тузукроқ ўқимаган айни замондош ёш ҳамкасбларимиз эса ёзилмаса кўпроқ манфаат берадиган нарсалар ҳақида чунонам кўпиртириб бонг уряптиларки, бу билан шунақа салбий ҳолатлар жамиятда янада кўпайишига ҳисса қўшяптилар. Ижтимоий тармоқлар ана шундай “думбул журналистлар” учун марди майдон бўлиб қолди.

Газетанинг тезкорлиги ижтимоий тармоқларчалик  эмаслигини инкор қилмаймиз. Аммо у – қўл билан ушланадиган, хатосини-ю ютуғини кўрсатиб турадиган, муайян воқеликни тарихга муҳрлайдиган восита ва келажакда кимларгадир тайёр материал бўладиган “масаллиқ”дир.

  • Мен номзодлик диссертациясини ёқлаётганимда ана шу ҳақиқатга амин бўлганман, – дейди маънавият ва маърифат ишлари бўйича Наманган Давлат университети проректори Алишер Исоқбоев. – Илмий ишимни ёзиш жараёнида ойлаб кутубхоналарда ўтириб, “Иштирокиюн” газетасининг сарғайган тахламларини варақлаб, ўқиб чиқишимга тўғри келган. Биз – тарихчи олимлар босма нашрларнинг жамият ривожидаги ўрнини, мафкуравий куч ўчоғи эканлигини  яхши биламиз ва қадрлаймиз…

Аввалда айтганимиздек, газетани тайёр ҳолига келгунча озмунча меҳнат, озмунча харажат кетмайди. Ана шулар обуна ҳисобидан қопланиши кўпчиликка аён. Бироқ ғалати манзара: ҳамма газетада мақола чиқаришни, газетага чиқишни хоҳлайди. Чунки, бунинг ўзига, фаолиятига чиройли таъсири борлигини яхши билади. Лекин ҳамма ҳам чўнтагидан пул тўлаб, газетага дангал ёзилишни истайвермайди. Обуна нархини кўриб, кўзлари косасидан чиқаёзади. Бу худди ҳамма жаннатга киришни хоҳлайди-ю ҳеч ким ўлишни хоҳламайди, дегандек.

Энди оддий арифметикага мурожаат қиламиз. Масалан, бизнинг “Наманган ҳақиқати” бир йил мобайнида  хонадонга кириб бориши учун 240 000 сўм кифоя. Бу билан бутун оила аъзолари – улар тўрт кишими, ўн беш кишими –  дунё, мамлакат, вилоят, шаҳар ва туманлардаги муҳим янгиликлардан хабардор бўлади. Яна энг асосийси, одамнинг қонини қайнатмайдиган, асабини бузмайдиган, таълимий-тарбиявий аҳамиятга эга, фильтрланган материаллар билан таъминланади. Газетанинг маънавий-маърифий миссияси тўхтагач ҳам у асло чиқитга чиқмайди: бекажонларимиз токчага, бўлмаса саватга соладилар, охирги нуқтада эса ўтқичга айлантириб, қозон қайнатадилар.

Ўзларича газетани сиқиб чиқармоқчи бўлган ижтимоий тармоқлардаги мақолалар-чи? Уларга бир марта кўз югуртирганингиздан сўнг нигоҳдан ҳам, хотирадан ҳам ўчади. Гўёки ҳаводаги гап ҳавога учиб кетгандай. Ваҳоланки, бир оилада йўқ деганда тўрт киши камида 50 000 дан ойлик тўлов қилганда ойига 200 000, йилига оз эмас 2 400 000 (!) сўм маблағ елга совурилади. Бундан ташқари, кичик экранга “михланган” дан сўнгги кўз оғриқлари, ўзимиз сезмаган ҳолда ўз вужудимизни радиация тўлқинлари билан “сийлаётганимиз-чи?!” Билмадик, уяли телефонларга бу кетишда ружу қўяверсак, инсоният саломатлиги масалан, ўн, йигирма йилдан сўнг яна қанақа муаммоларга гирифтор бўлар экан?..

Президентимиз томонидан китобга эътибор, китобхонликка рағбат – маънавият оламидаги  буюк бир жасорат бўлди. Унутилаёзган китобга муҳаббат тирилтирилди. Аммо ҳар қандай китобнинг онаси ГАЗЕТА эканлигини ҳам ёддан чиқариш ақлга тўғри келмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг: қайси бир олимнинг илмий мақоласи ёки шоиру адибнинг шеъру ҳикояси бирданига китоб бўлиб чоп этилади? У аввал газета-журналларда босилади, ўнлаб таҳрирлар, нигоҳлар назаридан ўтади. Кейин йиғилиб-йиғилиб КИТОБ ҳолига келади ва китобхон қўлига етиб боради.

Биз яшаб турган жамият улкан бир тана бўлса, оммавий ахборот воситаларининг оқсоқоли – матбуот, газета шу тананинг бош мияни озуқа билан таъминловчи қон томири ёки тутиб турувчи мустаҳкам тиргакларидан бири. Эгасиз буюм бўлмаганидек, буни қарангки, ҳар қандай босма нашрнинг қоқ пешонасига унинг эгаси, ҳомийси, муассиси қайд этиб қўйилган. Муассислар эса жамиятнинг раҳнамоси, етакчи кучи. У ҳокимлик даражасидами ё кичик ташкилот миқёсидами – ўша нашр ҳаёти, тақдири учун қайғурувчи валинеъматлардир.

“Султон суягини хўрламас” дейдилар. “Султон” ўзининг ҳар бир сўзини, сиёсатини ҳар бир ташкилот, муассаса ва корхонага, қолаверса, ҳар бир хонадонга, фуқарога бехато етиб бориши учун жон томирларидан  бўлмиш матбуотига ғамхўрлик қилса,  кўнгил одамлари саналмиш қора қаламга суянган беминнат дастёрлари -ижодкорларини қўллаб-қувватласа  – фақат ва фақат олға интилишини, ғалабасини таъминлаган бўлади. Ана шунда мамлакат, вилоят солномасини яратаётган қаламкашлар ҳам эътибордан руҳланиб, тарих зарварақларини янада илҳом, жўшқинлик, шижоат билан битишда чарчамайдилар.

Рислиқхон МАЖНУНОВА,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист.