СИРДАРЁСАН, ВАТАН ИЧРА ВАТАНИМСАМ, ОЛАМ АРО ТЕНГИ ЙЎҚ БИР ЧАМАНИМСАН

2019-08-12T11:47:53+00:009 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

Биз йўлга тушдик. Вақт ҳам кўнглимиз билан қўл ушлашгандек. Бир соат  оралиғида  кўзлаган манзилимизга  етдик ҳисоб!   Чўл аллақачон Гулистонга айланган  шаҳар! Ўтган йилларда  вилоятнинг  боғча мактабларида кўп бор  учрашувлар ўтказганмиз. Ҳар қадами  эмас, ҳар  гўшаси таниш ва қадрдон! Бугун… бугун эса тамоман бошқа!  Ҳар манзилга элтар йўлнинг овози эшитилади. Сиз йўлнинг овозини эшитганмисиз?!  Тарихнинг ҳар бир воқеасига шоҳидлик унинг қатларига  сингиб кетган. Кўтарилаётган ҳовурнинг,  кўпчиб ётган дала йўлларининг тупроқли  ифорларида  сир-синоат яширинган… Унда ўтмиш билан келажакнинг   туташ чизиқлари бирлашгандек…

Бугун Сирдарё вилоятини қайта кашф қилдим. Бу сўзлар куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Сирдарёда ташкил этилган медиа-тур иштирокчилари томонидан янгради. Чиндан ҳам  вилоятда муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек «Сирдарё намунаси, садоқат намунаси ташаббуси» аллақачон бошлаб юборилганига гувоҳ бўлдик.

Бугунги ўзгаришлар  ҳеч муболағасиз  мислсиз аҳамият касб этган. Улкан бунёдкорлик, яратувчанлик, ижодкорлик – вилоят аҳлининг қон-қонига сингиб улгурган.Уларнинг ҳар бири ҳақида сўз айтиш учун вақтнинг қўлидан тутиш кифоя.

Йўлдамиз, Сирдарё туманидаги “Мега люкс” ва ”Фармсаноат”, “Пенг шенг” Ўзбекистон -Хитой  қўшма  корхоналарида  саноатимиз учун  ишлаб чиқарилаётган  маҳсулотларни кўриб, кўзларимизга ишонмадик. Унинг ортида меҳнаткаш халқнинг қудрати  намоён эди.  Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида 30 нафар  кичкинтой учун яратилган шароит ҳар қанча мақтовга  муносиб. Мактабгача таълим муассасасида машғулотлар ўзбек, рус, хитой ва инглиз тилларида олиб борилади.

Йўлда  давом этамиз. Сайхунобод туманидаги “Сайхун планет” ёшлар маркази ва  Мирзаобод  туманидаги беш ташаббус бўйича  ташкил қилинган “IТ”(АЙТИ) марказларида    бепул ташкил этилган   машғулотларда ёшларнинг кўплиги ва фаоллиги кишини қувонтиради. Сайхунобод туманида барпо этилаётган китобхонлар хиёбони ҳақида туман хокими Ботиржон Мирзақулов завқланиб гапирар экан, бу хиёбон шундоққина хокимият билан қўшилиб кетишини, кундузи яшил майдон бўлса, кечқурун чироқлари ёниб турадиган хиёбон бўлишини, бу ерда кутубхона, китоблар дўкони қад ростлашини, умуман бу хиёбон ўғил-қизларнинг севимли масканига айланишига ишора қилди. Бугунги кунда туманда 40 та мактаб фаолият юритмоқда. Шу кунга қадар туманда 12 та мактабгача таълим муассасаси бўлиб, болажонларнинг 25 фоизи  қамраб олинган эди. Ҳозирда эса туманда 21 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда, яъни 67 фоиз болажонлар жалб қилинган. Туман хокимининг айтишича, 2021 йилда 100 фоиз мактабгача ёшдаги болалар боғчага қамраб олиниши кўзда тутилган экан.

Айниқса,  фермер Гавхар опа таътил давомида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида беш ташаббусни ўз ичига олган Мумтоз мажмуасини ишга туширгани, қувонарлиси, ўқувчилар бу ерда ҳар бир йўналиш бўйича бепул сабоқ олаётганларини эшитиб жуда севиндик.

Яратувчанликнинг яққол – бетакрор  ифодаси – “Ховос сити” қад ростлаётган туманга ҳам етиб келдик. Бир бири билан бўйлашган қатор -қатор кўп қаватли иморатлар бу юрт учун кўрк. Ишлар қизғин.  Қўллари меҳнатдан қабарган қурувчилар  чеҳрасида ўз касбидан мамнунлик – шундай бунёдкорликка ҳисса қўшаётганларидан ифтихор туяди. Уларнинг чеҳрасидаги табассум бизнинг  дилимизга кўчди. Яхшиликнинг қаноти ҳам, оёғи ҳам бор, деб шуни айтса керак-да…

Ховос туман хокими Райимжон Бобоев бизга Ховос тарихи ҳақида сўзлаб берди. Бундан ўттиз йиллар аввал Ўзбекистон Респубрликаси ФА Археология институтининг олимлари Ховос тепалигида археологик қазилмалар ўтказиб, унда қадимий қатламлар мавжудлигини аниқлади. Ўша пайтда экспедиция олдида ёдгорликларнинг қадимий жойини аниқлаш, унинг карвон йўллари, мозор ва қўрғонларини тадқиқ этиши каби ўта муҳим вазифалар турарди. Аммо у даврда бунга етарлича аҳамият берилмади. Мустақиллик шарофати билан Кўҳна Ховос шаҳри харобасида ўтказилаётган археологик тадқиқотларда унинг камида икки минг йиллик тарихга эгалиги вилоят ҳудудидаги энг қадимги шаҳар харобаси қолдиғи эканлиги исботланди. Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти ходимлари бу жараёнда мингдан ортиқ турли  қадимий ашёлар топишга эришди. Эрамиздан аввалги Х-Х1  асрларга оид тангалар, махсус симоб идишчаси, ХП асрга оид Хумо қуши тасвири туширилган чироқ дастаси  ва яна кўплаб нақшли идишлар, хурмача кўзалар, хумлар шулар жумласидандир. Демак, бундан 2500 йил илгари ҳам, ХХ асрда ҳам бу жойларда одамлар яшаган, деган хулоса  бериш мумкин. Ховостепа 2018 йилда ЮНЕСКО рўйхатига киритилди.

Ховос туман Нуроний жамғармаси раиси Жумабой ота Суюновнинг айтишича, подшохнинг бетоб қизи табибга кетатуриб шу ерда бироз дам олибди. Бу ернинг хавоси қизнинг дардига шифо бўлибди ва табибга боришига хожат ҳам қолмаган экан.  Демак,  туман номи  ховоси тоза, хавас қиладиган юрт деган сўзлардан келиб чиққан бўлса ажабмас.

Бугун чин маънода хавас қиладиган туман бўлаётганига гувоҳ бўлдик. Қизиғи,  Ховосда охирги эллик йил мобайнида бирорта кўп қаватли уйлар қурилмади. Одамлар  ўтган йиллар давомида эски, зах ва тор уйларда турмуш кечириб келишаётганди. Энди эса буткул бошқача. Ҳадемай,  ховосликларга хавас қилишади, чунки улар обод ва барча қулайликлар яратилган замонавий шаҳарча эгасига айланадилар.

Айлана йўл Гулистон шаҳрида  қад  тиклаётган “Ҳалима Худойбердиева” номидаги ижод мактаби қурилишига олиб келди.  Яқиндагина устозни йўқотиб, озор топган  кўнглимиз  ёришиб  кетди.  Бу мактаб 150 нафар  ўқувчига мўлжалланган. Энг замонавий усулда жиҳозланиши  кўзланган бу даргоҳга 33 миллиард сўм ажратилган.  Сараланган  ўқувчиларни ушбу ўқув йили  истеьдодлар мактабига  етаклаб киришидан жуда мамнун бўлдик. Ва ўшанда биз ҳам қатнашишни ният қилиб қайтдик.

Пойтахт томон  йўл олар эканмиз, ҳар қадамда Сирдарёнинг мардонавор меҳнаткашларини олқишладик. Айниқса, иқтидорли, изланувчан ўқувчиларнинг орзуларини тинглаб, ҳаёлимиздан бир фикр ўтди: Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу ғамҳурликларга жавобан сирдарёлик  ёшлар келгусида  ўз она юртини шарафлайдиган, ота-онасини, устозларини, юртдошларини рози қиладиган ўғил-қизлар бўлиши шубҳасиз.

 

Феруза АДИЛОВА,

Дилфуза ШОМАЛИКОВА.

Манба:«Тонг юлдузи» газетаси