Сирдарёлик журналистлар Ўриклисойда

2019-08-12T11:50:28+00:0010 Iyun, 2019|Умумий янгиликлар|

Ижодкор учун ёзнинг жазирама кунларида сершовқин шаҳардан узоқроқда, сўлим табиат қўйнида  ҳордиқ чиқариш, янги ижодий  режаларни амалга ошириш учун куч — ғайрат тўплаш, янги мақолаларга мавзу топиш учун жуда яхши имкон яратади десак, адашмаган бўламиз.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими  ҳудуд оммавий ахбоорот воситалари вакилларини гўзал табиати билан ном қозонган Жиззах вилояти Зомин туманининг Зомин миллий қўриқхонаси ҳудудидаги  Ўриклисой массиви (қишлоғи)га ҳордиқ чиқариш ҳамда ижодий режалар хусусида бафуржа суҳбатлашиш учун  жамлади.

Эрталаб 60 нафарга  яқин саёҳатчи-журналистлар Гулистон шаҳридан енгил автомашиналарда йўлга тушишди. Сафарга отланар эканмиз, ушбу  тадбир ташкилотчиси Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими  раҳбари Бойжигит Абдуллаевни суҳбатга  чорладик.

-Тадбир ўтказишдан мақсад фахрий  ҳамда айни пайтда фаолият кўрсатаётган журналистларга бардамлик, аъло кайфият ва илҳом бағишлаш,  касбий маҳоратни ошириш, Журналистлар ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими билан ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, ҳамкасблар билан яна бир карра учрашиб, олдиндаги режалар ҳақида  кенгашиб олишдан иборат  эди,  – деди суҳбатдошимиз.

Ҳали  ўт – ўланлар сарғайиб улгурмаган Зоминнинг қир – адирлари бошланиши, кейин эса ям-яшил арчалар қоплаган тоғларга яқинлашишимиз билан салқин ҳаво кайфиятимизни кўтариб юборди. Айниқса, мовий осмонда сузиб юрган  парқу булутлар, оппоқ қорли тоғларга қараб,  юртимизнинг шундай гўзал, бетакрор гўшалари борлигидан ҳаяжонга тушиб, дилдан қувонамиз, фахрланамиз.

Манзилга яқинлашар эканмиз,  йўлимиздаги манзарадан ҳайратга тушдик. Бир неча кун аввал бу ерда рўй берган табиий офат – кучли сел (ерлик аҳолининг айтишига қараганда 70- йилларнинг ўрталарида шундай  ҳол рўй берган экан) келиши туфайли йўлнинг бир неча жойини  тоғлардан  шиддат билан оқиб келган тоғ жисмлари  кўчкиси тўсиб қўйган. Махсус техника воситалари тинмай йўлни тозалаш ишлари билан машғул эди. Орадан бир неча кун ўтган бўлса ҳам  атроф лой аралаш тошлар билан тўла эди. Селдан кейинги бу ҳолатни кўришнинг ўзи ҳам  қизиқарли, ҳам бироз ваҳимали эди.

Манзилда бизни мезбонлар (ҳамда ташкилотчилар) иззат – ҳурмат билан кутиб олишди. Бир пиёла чойдан сўнг, ушбу ташрифдан кўзда тутилган асосий мақсадга кўчдик, яъни кўчма семинар кун тартибидаги масалалар ҳақида сўз юритиш учун даврага жамландик.

Анжуманда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  раиси Саъдулла Ҳакимов ҳам иштирок этиб, ўз фикрларини билдирди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда барча соҳалар қатори  оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, — деди С. Ҳакимов. — Хусусан, давлатимиз раҳбари  ташаббуси билан  ташкил этилган маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигидаги “Дўстлар клублари” ижодий тузилмалар, жумладан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва «Ўзбекистон республика товар хомашё биржаси» ўртасида  тузилган «Дўстлар клуби» томонидан республикамизнинг турли ҳудудларидаги соҳа фахрийларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, кўплаб кекса ва эҳтиёжманд журналистларга моддий ёрдам берилмоқда. Ўнлаб журналистлар сиҳатгоҳда дам олиб, саломатликларини тикладилар. Бундан ташқари, журналистлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор  қаратилди,  соҳа ходимлари билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ва бир қатор  долзарб мавзулардаги тадбирлар ўтказилди. “Дўстлар клуби”  шунингдек,  ёрдамга муҳтаж, эҳтиёжманд ҳудудий оммавий ахборот воситаларининг  моддий-техник аҳволини яхшилаш борасида ҳам фаол иш олиб бориб, улар учун зарур бўлган  компьютер билан таъминлади. Бу каби ибратли ва хайрли ишлар  мунтазам давом эттирилмоқда. Уюшманинг  вилоят бўлимлари, жумладан, Сирдарё вилояти бўлими томонидан ҳам бир қатор ибратли  ишлар амалга оширилди. Долзарб мавзуларда, Юртбошимиз томонидан қабул   қилинган  фармон ва қарорлар, шунингдек, соҳага тегишли бўлган  ҳужжатларни тарғиб этиш, юртимизда бўлаётган ислоҳотларнинг амалий натижасини, улкан ўзгаришларни, бунёдкорлик ишларини кенг қамровда ёритиш, мавжуд муаммоларга холисона муносабатда бўлиб, танқидий-таҳлилий чиқишларни кўпайтириш, журналистларнинг касб маҳоратларини ошириш ва бошқа  мавзуларга қаратилган тадбирлар шулар жумласидандир. Мана бугунги кўчма  семинар ҳам  фикримизнинг далилидир. Ушбу тадбирда журналистлар ижодий  уюшмасининг кейинги режалари хусусида суҳбатлашиб, ҳаммамиз учун фойдали ва самарали бўлган мавзуларда  фикрлашиб, кенгашиб оламиз.

Шунингдек, маърузачи  ижод масъулияти ва журналист этикаси хусусида ҳам тўхталди.

Тадбирда  сўз олган бошқа маърузачилар ҳам “ Жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўрни, “Сирдарё намунаси  кенг қулоч  ёзмоқда”, “Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий  ҳаётини, халқимиз эришаётган  ютуқларни тараннум этиш – бурчимиз” “Ижод – илоҳий неъмат” ва бошқа мавзуларда  сўз юритдилар..

Шу билан бирга  семинар иштирокчилари  айни пайтда журналистлар муҳокамасига  қўйилган “Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси” хусусида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирдилар.

Тадбирда  “Гулистон янгиликлари” ва “Гулистанские новости” газеталари чиқа бошлаганига  30  йил  тўлганлиги муносабат билан газета таҳририяти ҳамда  унинг биринчи бош муҳаррири—Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият  ходими Ҳаётхон Ортиқбоева,   “Давр ёшлари” газетаси бош муҳаррири Норинисо Қосимова ҳамда бир гуруҳ фахрий журналистларга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг  диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Анжумандан кейинг сирдарёлик журналистлар Зомин тоғларининг “Шаршара” ва “Шербулоқ” масканларига сайр уюштирилди.  Кейинги  йилларда ушбу манзилларни ободонлаштириш, ички туризмни ривожлантириш борасида қилинаётган ибратли ва хайрли ишлар билан танишган ҳамкасбларимизнинг қалбларида ҳайрат ва шодлик, юртимизга, унинг шу каби  бетакрор гўзал гўшаларига янада  қизиқиш ва меҳр уйғонганини,  тадбир барчага манзур бўлганини  ижодкорларнинг фикрларидан ҳам билса бўлади.

—“Сирдарё ҳақиқати” ва “Сирдарьинская правда” газеталари таҳририятида 55 йилдан зиёд фаолият  кўрсатдим , — деди кекса журналист,  меҳнат фахрийси “Шуҳрат” медали  соҳиби Элмурод Мавлонов. —  Ўтган давр мобанида вилоятимиз ҳаётини ёритишга, Сирдарё журналистикасини яратишга  баҳоли  қудрат ўз улушимни  қўшганимдан, шогирдлар етиштирганимдан беҳад бахтиёрман.  –  Сўнги пайтларда вилоятимиз ҳаётида  бўлаётган ўзгаришлар, жумладан,  шаҳару  қишлоқларнинг янгича қиёфа касб этгани, “Обод  қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури асосида  олиб борилаётган катта бунёдкорлик ишлари,  улкан иншоотлар қурилаётгани, қўшма корхоналар ташкил этилаётганини кўриб яна ижод қилгим келади.  Ёшариб, янада ғайрат ва  шижоат билан ишлаб, сирдарёликларнинг ютуқларини, қувончларини газета саҳифаларида яна  кўпроқ ёритсам, дейман. Бугун журналистларни, устозу шогирдларни  бир жойга жамлагани учун тадбир ташкилотчилари ва ҳомийларга ўз миннатдоричилигимни билдираман.

 

Холида ПАРДАБОЕВА.