Сифатли ахборотга ҳеч қачон талаб ўзгармайди

2019-09-23T11:24:07+00:0023 Sentabr, 2019|Фарғона вил.|

Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган даврий босма нашрларнинг бугунги ҳолати қандай, юзага келган муаммоларнинг илдизи қаерда? Томонлар: муассис, таҳририят ва обуна қилувчи ташкилотлар нега бир-бирини айблайди? Халқимиз газета ўқимай қўйдими? “Фарғона пресс-клуб”ининг навбатдаги сессиясида ана шу масалалар хусусида сўз юритилди.

Дунё шиддат билан ўзгариб, ҳар қандай ахборот тезлик билан тарқамоқда. Ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида ҳам рақобат кескин тус олмоқда. Жамиятимизда босма нашрга бўлган эҳтиёж пасайиб, турли ижтимоий тармоқлар, интернет тобора тараққий этаётгани ҳам сир эмас. Бундай мураккаб шароитда даврий босма нашрларнинг олдида ҳам муҳим вазифалар турганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Хусусан, мажбурий обунага барҳам берилгани газета ва журналлар ададининг кескин пасайиб кетиши ва иқтисодий танг ҳолатга тушиб қолишига сабаб бўлди.

Ҳар бир шаҳар ва туманда маҳаллий ҳокимликлар муассислигидаги газеталар мавжуд. Улар ана шу ҳудуд аҳолиси ҳаётини ёритиш, муаммолари ечимига кўмаклашишда бевосита иштирок этади. Бироқ, бошқа газеталарга нисбатан айнан ана шу маҳаллий ҳокимликлар муассислигидаги газеталарнинг адади жуда кам. “Қўқон садоси” – 600, “Бағдод ҳаёти” -700, “Яйпан овози” – 560, Фурқат тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Навбаҳор” газетаси эса атиги 260 нусхада чоп этилмоқда. Бу газеталар энг кўпи билан ойда икки марта чиқади. Муассис ўзининг зиммасидаги вазифаларни умуман бажармаяпти. Шунингдек, бугунги кунда матбуот тарқатиш корхоналарининг фаолияти ҳам талаб даржасида эмас. Газета ва журналлар обуначига ўз вақтида етказиб берилмаяпти. “Фарғона Пресс-клуб”и ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратди.

Сессияда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи У.Жабборов, “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири Г.Саидғаниева, “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятининг Фарғона филиали бошлиғи А.Ибрагимов ва бошқалар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Юртдошларимизнинг газета, мажбурий обуна ҳақидаги фикрлари асосида тайёрланган видеолаҳва намойиш этилди.

“Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомованинг АҚШдаги даврий босма нашрлар фаолияти ҳақидаги видеолавҳаси баҳс –муҳокамаларга сабаб бўлди.

– Бу мамлакатда оммавий ахборот воситалари кучли, қудратли ва катта таъсир эга, – дейди Н.Имомова. – “USA Today”, “The New York Times”, “The wall street journal” каби газеталарни кўриб, мақолалар билан танишиб, бу жамиятда босма матбуот ҳамон ҳаёт, барқарор ва фаоллигининг гувоҳи бўласиз. Аслида эса босма оммавий ахборот воситаси ҳаёт учун, яшаб қолиш учун бир неча йиллардан бери курашмоқда. Масалан, “The New York Times”дек гигант медиа компаниянинг даромади ўн йил ичида 50 фоизга камайган, ўқувчилари ҳам шундай. Бу газеталар ҳаёт ва келажак ахборот технологияларида эканлигини инобатга олиб, фаолият олиб бормоқда. Сифатли ахборотга ҳеч қачон талаб ўзгармайди. Бугун ахборотни ўқувчига хоҳлаган вақт ва шаклда етказиб бериш босма нашрнинг ҳам муҳим вазифасига айланган.

Шаҳар ва туман ҳокимлиги муаассислигидаги газеталарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналистлар учун шароитлар яратиш, обуна ва тарғибот борасида замонавий шакллардан фойдаланиш каби масалаларда фикр-мулоҳазалар алмашилди.

М.СУЛАЙМОНОВ.

Манба: ЎзА ​