Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖАЕВ: “Иқтидорли журналист осмондан тушмайди. Тарбияланади”

2019-08-12T11:49:26+00:0010 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 27 июнь куни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табригида: “Маълумки, ҳозирги кунда тобора тезкор ва кп тармоқли  соҳага айланиб бораётган оммавий ахборот воситалари учун глобал медиа маконда кескин рақобатга дош бера оладиган, фаол гражданлик позициясига эга замонавий кадрлар тайёрлаш олдимизда турган энг муҳим вазифадир, — деб алоҳида таъкидлади. — Ана шу заруратни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган збекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети анъанавий билим ва кникмалар билан бирга, инновацион тафаккур, соҳага оид технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган кадрлар тайёрлаш бйича республикамиздаги етакчи олий таълим муассасасига айланади, деб ишонамиз”.

Мухбирмиз Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс клуб раиси Шерзодхон Қудратхжаев билан  ана шу вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.

—Жорий йил Сиз ва жамоангизга омадли келиб “Олтин қалам” миллий мукофотига лойиқ деб топилдингиз ва 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни Президентимизнинг фармонига биноан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландингиз. Қўшалоқ мукофотларни қабул қилган кунларда хаёлингиздан қандай ўйлар кечди?

—Аввало тушундимки, биз тўғри йўлдамиз. Яъни, биз қилаётган иш бугун нафақат халқимизга, балки ҳукуматимизга ҳам маъқул келмоқда. “Олтин қалам” ҳам, “Меҳнат шуҳрати” ордени ҳам пресс клуб ва менга Президентимиз томонидан жамиятдаги долзарб мавзуларни ёритганимиз учун, таҳлил, холис танқид учун берилди. Бундай баҳонинг берилиши Ўзбекистонда эркин журналистиканинг ривожланиши, соҳанинг шундай йўналишдаги, очиқ, шаффоф ҳолати қўллаб-қувватланаётганини билдиради. Яна шуни айтишни истардимки, мен неча йиллардан бери журналистикада фаолият олиб бораётган бўлсам, шунча вақт ичида фақат тажриба тўплаган эканман. Бу берилган мукофотни эса фаолиятимнинг сўнгги 3 йили учун берилган баҳо дея, айтган бўлардим.

— Шерзодхон ака, журналист кадрларни тайёрлайдиган ва фаолият бошлаганига ҳали унча кўп бўлмаган олий ўқув даргоҳининг раҳбарисиз. Университет қабулнинг иккинчи йилини бошидан ўтказиш арафасида. Бу йил ушбу жараёнда қандай янгиликлар бор?

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бу йилги қабул ва синов имтиҳонлари ҳақиқат мезонларини алоҳида инобатга олган ҳолда ташкил этилмоқда. Ушбу мақсад йўлида абитуриентларга қатор қулайлик ва янгиликлар яратилди. Жумладан, бошқа олий ўқув юртларидан фарқли равишда, ўтказиладиган қўшимча синовлар: суҳбат ва ёзма эссе жараёнига катта масъулият билан ёндашилмоқда. Абитуриентлардан суҳбат олиш жараёнига амалиётчи журналистларнинг жалб этилгани ҳам имтиҳонларга бўлган ўзгача ёндошувимиздан дарак беради. Зеро, суҳбат давомида талабаликка номзоднинг ички олами, кечинмалари, дунёқараши, нутқининг равонлиги каби ОАВ ходими учун энг муҳим ва асосийси, тест орқали аниқлаш имкони мавжуд бўлмаган жиҳатлари синовдан ўтади. Яна бир муҳим жиҳат, суҳбат чоғида ёшлар муайян воқеа ёки ҳодисага оид кутилмаган саволларга жавоб бериш билан бирга, фавқулотда фикрлаш қобилиятини ҳам намойиш этишлари мумкин.

Яна бир муҳим синов, ёзма эссе билан боғлиқ. Чунки, ушбу синов давомида бўлғуси ижодкорларнинг лексик, синтактик, грамматик саводхонлиги ва энг асосийси, фикрини ёзма равишда баён қилиш қобилияти юзага чиқади. Шу ўринда савол туғилиши табиий, яъни бўлғуси мутахассисларга қўйиладиган бу каби талаблар ўта мушкул эмасми?

Дарҳақиқат, санаб ўтилган синовлар эндигина катта ҳаёт йўлланмасини қўлига олган ёшлар учун мураккабдек кўринади, бироқ номзодга қўйиладиган талаб даражаси унинг келгусидаги фаолияти ва умуман, базавий имконияти, салоҳиятини аниқлаш учун мезонгина холос. Айтайлик, муайян абитуриент ўта қобилиятли ва фикрлаш доираси кенг, аммо имлосида камчилик бор. Бу эса, тузатса бўладиган камчилик. Ўқиш давомида оладиган билимлари бунга имкон беради. Муҳими, асос ва интилиш борлиги. Шу боис айтган бўлардимки, ижодий имтиҳон бу абитуриентларни қайсидир маънода саралаш, мажозий айтганда эса, улар билан яқиндан танишиш имкониятидир.

Бу йилги абитуриентлар учун ижодий имтиҳонлар доирасида катта янгиликка қўл урилди. У ҳам бўлса, ижодий имтиҳонларга тайёргарлик кўриш учун алоҳида абитуриентлар учун ижодий имтиҳон қўлланмаси яратилганидир. Унда суҳбатга тайёргарлик кўришда нималарга эътибор қаратиш, ёзма ишга қўйиладиган талаблар каби ўта муҳим маълумотлар батафсил келтирилган. Авваллари бу саволларга ҳеч бир аниқ жавоб бўлмаган, барча маълумотлар умумий бўлган. Лекин ҳозирги замон биздан барча соҳада аниқликни талаб этмоқда.

Аммо қўлланма университетнинг ёшларга тайёрлаган ягона янгилиги эмас.

Шу ўринда бу йилги қабул ҳақида  яна айтиб ўтиш керакки, олдинги йили Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бакалавр босқичига 100 нафар талаба қабул қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич кескин ошиб, 270 нафар белгиланди. Жорий йил университетимизда 9 йўналиш бўйича бакалавр босқичига ҳужжатлар қабул қилинмоқда, улар:

– босма оммавий ахборот воситалари журналистикаси;

– теле-радио журналистикаси;

– ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар;

– халқаро журналистика;

– интернет журналистика;

– спорт журналистикаси;

– медиамаркетинг ва реклама;

-медиадизайн ва янги йўналиш — ҳарбий журналистика ташкил этилган. Бу йўналиш журналистика соҳасида мутлақ янгилик бўлди дея оламиз.

Асосий масалалардан яна бири топшириладиган ҳужжатлар бўйича енгиллик бўлгани: ҳозир биз қабул комиссиямизда фақат шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) ва диплом ёки аттестатнигина талаб қиляпмиз ҳолос. Ва, албатта, абитуриентнинг фанлар кесими бўйича 3 та йўналишни танлаш имконияти ҳам бу йилги муҳим янгиликлардан бўлди.

  • Ажойиб! Бу янгиликларни эшитиб, рости, хурсанд бўлдим. Демак, журналист кадрларни тайёрлашда университетнинг ўрни юқори бўлиши шубҳасиз. Лекин ҳар тарафлама муносиб талабаларни қабул қилиш барибир, қийин жараён бўлса керак? Нима деб ўйлайсиз, абитуриентлар орасида Сиз кутганингиздан ҳам салоҳияти юқори ёшлар кўпми?
  • Университет ташкил этилганига бир йилдан ошган бўлса, мен қабулнинг илк кунлариданоқ бизнинг университетимизда таҳсил олишни истаган абитуриентлар билан шахсан суҳбатлашишга ҳаракат қилиб келаман. Бу мен учун аввало жуда қизиқ ва дорилфунунимиз учун жуда муҳим. Чунки университетга ким келаётганини ўзим учун қайсидир маънода таҳлил ва тасаввур қилишим керак. Биласизми, келаётган ёшларнинг аксарияти, шубҳасиз зининг қатъий мақсади, юксак билимига эга ёшлар. Аммо орасида журналистика соҳасига оид оддий саволлар берсам жавоб бера олишмайдиганлари ҳам бор. Хусусан, веб сайтларнинг номланиши, мавжуд жанрлар, ёки Ўзбекистондаги кўзга кўринган журналистлар 10 талиги, телевидение соҳасидаги машҳурлар борасида саёз тасаввурда. Ва бу ҳолат мени ҳақиқатда ташвишга солади. Айримлари  хаёлида университетга келса бўлди, таълим даргоҳида талабага журналистика ўргатилади деган тасаввур бор. Бу қисман тўғри, лекин инсоннинг ўзида худо юқтирган иқтидор, қизиқиш, истеъдод бўлмаса ҳаммаси бекор. Ундан ташқари инсон танлаётган соҳасига мактаб давридан қизиқиши керак, телевизор кўриши, газета ва китоблар ўқиши шарт, интернетда соҳага оид материаллар ўқиб ўрганиши керак, хуллас журналистикани таҳлил қила олиши керак. Журналистика турларига ва унинг жамиятимиздаги ўрнига нисбатан ўз мезонлари, алоҳида дунёқараши бўлиши керак. Шу маънода мени бугунги абитуриентларнинг савияси жуда ташвишга солади. Ва мен дунёқараши кенг, ички “мен”и шаклланган, мотивацияси кучли ёшлар янада кпайишини, шаклланиб келишини жуда-жуда истайман.

Яна бир гап: шубҳасиз, иқтидорли  журналист осмондан тушмайди. Тарбияланади.

  • Ҳа, журналистикага қабул қилинган талабаларнинг ҳаммаси ҳам ўқишни битиргач, шу соҳада фаолият олиб бормайди. Буни ЎзМУ ва Жаҳон тиллари университетининг журналистика факультетлари мисолида биламиз. Шу боис, бўлажак журналистларни ўқишга қабул қилишда иқтидорига қараб саралаб олиш керакмикан? Айтмоқчиманки, бу даргоҳларда, ҳақиқаттан ҳам, журналист бўлиб фаолият олиб боришни ният қилганларни маълум меъзонлар асосида танлаб олиш пайти келмадими? Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
  • Биз ҳам ҳаракат қиламизки, тест саволларини кўр-кўрона ечиб ўқишга кириб қолишмасин. Шу учун тестдан ташқари ижодий имтиҳон ўтказиб, имтиҳонларга ижодкорларни эксперт сифатида таклиф этиб, кулранг омма (масса) ичидан кўзлари ёниб, ялт этиб ажралиб турган ёшларни танлаб олишга, уларга иложи борича имтиёзлар беришга ҳаракат қилиб келяпмиз. Шунинг учун ҳам синов жараёнларимизга 2- блок сифатида ижодий имтиҳонларни киритганмиз. Бу имтиҳон 2 босқичда: оғзаки-суҳбат ва ёзма-эссе тарзида ўтказилади. Суҳбат бу абутуриентнинг дунёқарашини билиш учун, соҳа ҳақида сўзлаганда кўзлари ёнаяптими йўқми, асли қизиқиши борми, йўқми? Жараёнга нисбатан эмоциялари қандай эканига қараб, у ҳақида тасаввур уйғонади бизда. Кейингиси — эссе. Эсседа ҳам блажак талабанинг  фикрлаши, фикрларини қоғозда ифода эта билиши, саводи бўйича анча хулосалар чиқариш мумкин. Чунки биламиз кўпчилик савол берсангиз истаганича тўхтамай гапириши мумкин, лекин ёзишга келганда оқсайди. Ёки гаплари қуруқ ва юзаки гап, бўш бўлади, қоғозга туширганда шу гапларининг мазмуни бошқача намоён бўлади. Шу боис, бу босқичларнинг ҳар иккиси ҳам абитуриентлар орасидан айнан соҳага керакли кадрларни танлаб олиш учун жуда муҳим жараён деб биламан. Лекин кўп нарсани афсуски, тест ҳал этади, энг кўп балл йиғиш имконияти, албатта, тестда қолади. Бунинг нимаси ачинарли биласизми, баъзи йигит – қизлар илмли бўлмайди, шунчаки тест ечиш бўйича мутахассис бўлиб кетган, улар тестни кўр-кўрона ишлаб чиқиб кетадилар. Мана шундай ёшлар ўқишга кирса, биз жуда қийналамиз. Уларни ўқитиш, соҳага қизиқтириш, журналистика оламига олиб кириш учун биз анча тер тўкишимизга тўғри келади. Яна бир нарсани айтиш керакки, бизга келаётган ёшлар бу — жамиятимизнинг бир қисми. Таълим, билим даражаси жамиятда қандай бўлса ёшлар ҳам, келаётган абитуриентларнинг савияси ҳам шу даражада бўлади. Бизга жуда зўр ҳам, жуда бш ёшлар ҳам бошқа жойлардан “адашиб” келаётгани йўқ, бу қайсидир маънода жамиятимизга кўзгу. Шунинг учун ўйлайманки, ҳақиқатдан ҳам, журналистикага қизиққан, шу соҳада фаолият олиб боришни ният қилганлар келса ва энг иқтидорлилари ўқишга қабул қилинса, мана шу соҳамиз учун катта фойда беради.
  • Сир эмаски, журналистика факулътетларида Озод Шараффидинов, Умарали Норматов, Ғайбулла Ас-Салом, Абдуғафур Расулов, Очил Тоғаев каби кўплаб атоқли устозлар, педагоглар дарс беришган. Ҳақиқий ватанпарвар ва соҳадаги кучли кадрларни тайёрлаш учун салоҳияти юқори ўқитувчиларнинг, устозларнинг ўрни албатта катта. Бу борада кадрлар масаласида ҳал этилиши керак бўлган қандай муаммолар бор? Талабани уйғота оладиган, фикр берадиган ўқитувчилар ҳақида гапирсангиз?
  • Бугунги кунда Журналистика университети ёки журналистика факультетлари олдида иқтидорли, истеъдодли ўқитувчилар қаторлашиб тургани йўқ. Буни очиқ-ойдин тан олиш керак. Бу соҳада йиллар давомида ўзгаришлар бўлмагани, таьлим даражасининг пасайиб кетиши, сўз эркинлигида муаммолар бўлгани, кўп вақт давомида журналистикага фақат дастёр, югурдакдек қаралгани учун соҳада сиз айтганингиздек, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов каби устозлар кам. Тўғри, ҳозир бизнинг орамизда ҳам саводли, малакали устозлар йўқ эмас. Аммо уларга ҳозир баҳо беришнинг иложи йўқ, бунга йиллар ўтгандан кейин уларнинг шогирдлари, берган дарслари, ёзган дарсликлари, қолдирган китоблари орқали баҳо бериш мумкин бўлади. Бизда ҳам малакали муаллимлар бор, университет жамоасида фаолият олиб борувчи устозлардан мен — Муқимжон Қирғизбоев, Қудрат Эрназаров, Гулнора Нишонова, Нозима Муратова, Муқаддас Исроил, Латофат Тошмухаммедова, Назира Тошпўлатова ва бошқа каби устозларни бир нечталарини келтириб ўтишим мумкин. Ўз соҳаларида яхши дарс бера оладиган амалиётчиларимиз – Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Илмира Раҳматуллаева, Беруний Алимов, Перхан Алламбергенова, Гулмира Шукуроваларни ҳам университет таълим жараёнига жалб қилганмиз. Келгусида яна бошқа амалиётчи журналистларни университетга чақириш ниятимиз бор. Лекин улардан дарсга кирганда талабалар билан масофани унутган ҳолда мулоқотга киришишларини, креатив усуллар билан, бамисоли ўзига тенг суҳбатдош каби бўлишларини истаб қолардик. Талабаларнинг ичидаги оловни уйғота олиш, бошқача айтганда, талабаларга билимни чайнаб бериш эмас, уларнинг ўзларини фикрлашга ундаш, талабаларнинг ичида ухлаб ётган мақсадларни, орзуларни уйғотишга ёрдам беришса жуда яхши бўларди. Биз амалиётчи устозларимиздан очиғи шуни кутамиз.
  • Билишимча, журналистик фаолиятингизни телевиденияда бошлагансиз. Ҳукумат ва давлат идоралари матбуот хизматларида самарали меҳнат қилгансиз. Педагоглик фаолиятингизни эса Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида давом эттирдингиз. Мумкин бўлса, ушбун босқичлар ҳақида гапириб берсангиз…
  • Менинг ҳаётимда илк сиёсий мактаб сифатида катта рол ўйнаган даргоҳ бу — Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази. У вақтда биз чекланган, кам сонли инсон капитали билан жуда катта сайлов компанияларини ўтказганмиз. Сайлов компаниясини кўпчилик ёритган, ҳам маҳаллий, ҳам хорижий журналистлар билан ишлаганмиз. Оғир ва қалтис жараёнлар бўлган. Ўзбекистонда демократик сайловларни ўтказиш ва ёритишга илк уринишлар эди бу давр.

Ўша вақтлар Ўзбекистон Давлат телевидениесида 4 та канал бўлар эди, мен учун яна бир мактаб бу менга 4-халқаро канал директорлигини ишониб топширилиши бўлган. Ўшанда 24 ёшда эдим. Телеканал жамоаси эса 130 киши, турли миллатлар таҳририятларидан иборат бўлимлардан ташкил топганди. Катта бир телеканал раҳбарлигининг ишониб топширилиши елкамга оғир, аммо бу менинг севимли ишим бўлгани боис, қайсидир маънода ёқимли масъулиятни юклаган. Канал ҳар куни 12-13 соат эфирга чиқар, уни қандай тўлдириш, бошқа каналлар билан қандай рақобат қилиш, ходимларни фаоллик ишлашга ундаш, жалб қилиш мен учун ечимини топиши керак бўлган масалалар эди, ўшанда. Чунки ўша вақтдаги кўп ходимларимиз собиқ совет даврининг ёшлари етмишдан ошган одамлари эди. Канал раҳбари бўлиб жуда қисқа муддат ишлаган бўлсам-да, кечалари елкамдаги масъулиятдан ухлолмай, амалга оширишим керак бўлган вазифаларни ўйлаб чиққан кунларим ҳозиргидек эсимда. Ундан ташқари “Ахборот”нинг таҳлилий ва расмий қисмига ҳам жавоб берардим, “Таҳлилнома”ни олиб борар эдим. Оғир дамлар бўлган, лекин ҳозир ўша вақтларни мазза қилиб, хурсандчилик билан эслайман. Биласизми, ўша кунлар, ўша жараёнлар мени тоблаган. Ижодкор соҳанинг қийинчилиги, муаммоли вазиятларидан қанча кўп ўтса, бу уни шунча чиниқтиради. Араблар ибораси билан айтсам: “Чўлда яшаб, унинг қийинчилигини кўрган одам шаҳарда бутун умр яшай олади, шаҳарда бутун умр яшаган одам эса саҳро қийинчилиларига асло дош бера олмайди”. Шу боис мен ёшларимизга ҳам танлаган йўлларида мураккабликларга дуч келсалар ҳам асло оғишмай, йўлда сабот ила давом этишларини маслаҳат берардим. Қийинчиликлар доимий эмас, уларни енгиб ўтиш, мақсадингиз маррасини янада тотли қилади.

  • Ректорликдан ташқари, Халқаро пресс клуб раисисиз. Ташкилот ташкил бўлганидан бери ундаги мавзуларни қай тарзда ишлаб чиқасиз, шакллантирасиз?

Халқаро пресс клуб раиси сифатида мавзуларни ўзим ишлаб чиқмайман, уларни шакллантирмайман. Очиғи, уларни ҳаёт, вазиятлар, ислоҳотлар шиддати шакллантиради. Аниқроқ айтсам, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари, уларнинг кўп фикрлари халққа қизиқ бўлади, лекин биламанки, бу нарсаларнинг барини одамларга кенгроқ, атрофлича тушунтириш, маҚзини очиб бериш керак. Шунинг учун биз Халқаро пресс клубнинг кун тартибини Ўзбекистондаги ўзгаришлар, янгиликлар, янги қарорлар, янги йўналишлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирамиз. Демак, кун тартибимизни ҳаётимиз белгилайди.

Халқаро пресс клуб томонидан ҳақиқатдан ҳам жуда муҳим вазифалар мавзу сифатида танланади. Ҳар сафар турли хил долзарб мавзулар муҳокама марказига олиб чиқилади. Бу таҳсинга лойиқ, албатта. Бироқ, айрим мавзулар эса яна шу мавзуга қайтишни талаб қилади, тўғрими? Бугунги кунгача, қайси муҳим масалаларга ечим топилди?

Биласизми, Халқаро пресс клуб бу бир муаммони бошидан охирига қадар ечиб берадиган ташкилот десак, нотўғри бўлади. Жамиятимизда шундай носоғлом қараш бор, муаммоларни барча ўзидан соқит қилишга уринади. Кимдир муаммоларимни келиб ҳал қилиб беради, деган кайфиятда яшаш асли нотўғри. Жамиятдаги муаммоларни, оғриқли масалаларни барча иложи борича биргаликда, бирдам бўлиб ҳал қилишга уриниши керак. У тиббиёт соҳасими, балиқчиликми, ижтимоий-иқтисодий масалаларми барини пресс клуб бир майдон сифатида ўртага олиб чиқади, муаммоларга ойдинлик киритади, яна ташхис қўяди, муҳокамага ташлайди ва йиҚилганлар билан биргаликда ўша масалаларни ҳал этишга уринади. Шу боис пресс клубдан масалалар ечимини, муаммолар учун чораларни кутиш нотўғри. Биз ҳар бир муаммонинг ечимига қайтиб, қайтадан кўриб чиқишимиз тўғри бўлмайди. Бу учун масъул ташкилотлар бор, айнан ўша ташкилотлар сессиялар давомида кўтарилган масалалар учун масьулиятни ўз бўйнига олади. Лекин биз учун устувор бўлган баьзи мавзулар бор – бу инсон капитали, узлуксиз таълим, фуқаролик жамияти мавзулари. Хабарингиз бор, пресс клуб 24 кун давомида бутун Ўзбекистон вилоятларини айланиб чиқди, таҳлиллар олиб борди, таълимга қаратилаётган эътибор, ислоҳотларни халққа тўғридан тўғри тушунтиришга ҳаракат қилди. Учинчи мавзу бу — Мўйноқ. Мўйноқдаги ислоҳотлар, ўзгаришлар, у ердаги Орол тубига саксовул экиш, дарахтзор барпо қилиш, ўрмонлар яратиш ёки яна шунга ўхшаш юртимиздаги катта ўзгаришлар борасидаги мавзуларга биз яна қайтамиз, натижаларни кўрамиз, кузатамиз ва халқимизга намойиш этамиз.

—Халқаро пресс клуб кўпроқ мамлакатимиз ичидаги ҳаёт — вазирликлар, корхоналар, ҳокимликлар атрофида бўлаётган мавзуларни ёритиб, атрофлича ўрганиб келмоқда. Лекин ўз номига монанд биринчи навбатда халқаро масалаларга ҳам кўпроқ эътибор қаратиш жоиз эмасми? Бунга ўзингизнинг имкониятингиз етишига ҳам ишонамиз?

Халқаро пресс клубни ташкил этаётганимизда биринчидан мақсадимиз, халқаро аренага чиқиш бўлган, ҳозир ҳам шу ниятдамиз. Истардимки, Халқаро пресс клубнинг дунёнинг камида беш нуқтасида кичкина бўлса-да, ваколатхонаси бўлса, вакиллар билан интернет орқали боҚлансак, ҳалқаро эфирларни шакллантирсак. Лекин биз энди оёққа турмоқдамиз, бу жараён йўлга қўйилиши катта маблаҚни талаб этади. Очиғи, ниятимизга эришмаганимиз фақат бизнинг айбимиз эмас. Чунки кўп сессиялардан кейин ёнимизга келиб, елкамизга қоқиб, “Пресс клуб яхши чиқди, яхши гапирдинглар, дадилсизлар, қўрқмай танқид қилинглар, ўзгаришлар бўлсин!”, дейишади. Хорижда эса бундай эмас, сиз бирор нодавлат ташкилоти сифатида фаолият юритсангиз, жамиятнинг демократлашувида ҳиссангиз бўлса, қилаётган ишларингиз кўпчиликка манзур бўлаётган бўлса, тадбиркорлар ёнингизга келиб, “Мен сўз эркинлигини, сиздаги ғояларни қўллаб — қувватлайман, бу жараёнларга менинг ҳам ҳиссам қўшилсин” деб, янада ривожланишингиз ва жамоангиз иштиёқ билан ишлаши учун қонуний тарзда ҳисобингизга маблағ ўтказиб беради. Ўзимизда эса шунчаки келиб елкага қоқиб кетилади холос… Шу боис мен пресс клуб ҳали ҳам халқаро даражага чиқа олмаётганида нафақат биз, балки бизни қўллаб- қувватлашни истамаётган, сармоясини сўз эркинлиги, янги ғояларга сарф қилишни истамайдиган ҳомийларга ҳам боғлиқ деб биламан. Чунки бу жараён — сўз эркинлиги, журналистика ривожи бутун мамлакатимиз учун муҳим ва керакли жараён.

Шерзодхон Қудратхўжаев ўзбек журналистикасининг кечаги, бугуни ва эртасини қандай таҳлил қилади?

— Оҳ-ҳо, (кулади). Энди бу алоҳида, катта мавзу. Келинг, бу саволингизга жавобни кейинги суҳбатларимизга қолдирамиз.

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

 

Феруза РАҲИМОВА

 суҳбатлашди.