Шавкат Мирзиёев эски уйларда яшаётган одамларга муносиб шароитлар яратиш бўйича топшириқ берди

2019-05-17T11:00:08+00:0017 May, 2019|Умумий янгиликлар|

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида Андижон шаҳридаги эски маҳаллага кириб, одамларнинг турмуш шароитларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати маълум қилди.

Шаҳар марказида жойлашган бу маҳаллада уйлар ичма-ич, тартибсиз қуриб ташланган. Муҳандислик тармоқлари йўқлиги сабаб деворлар нураб, санитария ҳолати ёмонлашиб қолган эди.

Давлатимиз раҳбари бу аҳвол билан бевосита танишиб, одамлар билан суҳбатлашди. Бундай шароит халқимизга ярашмаслигини, маҳалла аҳолиси янги қурилаётган замонавий уйларга кўчирилиб, муносиб шароитлар билан таъминланишини таъкидлади.

Одамлар халқнинг дардини ҳис қилгани, турмуш шароитларини яхшилашга эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Шу ерда Андижон шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик ишлари муҳокама қилинди. Жумладан, мазкур эски маҳалла ҳудудида 9 қаватли 70 та та турар жой барпо этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Давлатимиз раҳбарига «Andijаn сity» ишбилармонлик шаҳарчаси қурилиш лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Қарийб 70 гектар майдонда бунёд этилиши мўлжалланган ушбу шаҳарча беш юлдузли меҳмонхона, конгресс холл, офислар, соғломлаштириш ва кўнгилочар жойлар, ресторанлар, 7, 9 ва 12 қаватли турар жойлардан иборат бўлади.

Президентимиз бу шаҳарча узоқни ўйлаб, комплекс ёндашув асосида қурилиши, у Андижон учун намуна, андоза бўлиши кераклигини таъкидлади. Шу бўйича мутасаддиларга кўрсатма ва тавсиялар берди.

Шарҳ қолдириш