«Саволингиз мавзуга оид эмас…» ёхуд фақат «хўжакўрсин»га ўтказилаётган матбуот анжуманлари ҳақида

2019-09-23T06:36:06+00:0023 Sentabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Яқинда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони ижроси ва моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Назаримда, матбуот анжуманида қониқарсиз жавоб берилган, «очиқ қолган» саволлар етарли бўлди. Журналист Аброр Зоҳидовнинг «Дунё тажрибасида иқтисодий кўрсаткичлар АҚШ долларида кўрсатилади. Бизда охирги икки ойда долларнинг қиймати 10 фоизга ўсди. Бу ўсишнинг иқтисодиётимизга таъсири қандай? Агар миллий валютамиз сўмда кўрсатилган иқтисодий кўрсаткичлар доллар билан ҳисобланса, қандай кўриниш ҳосил бўлади? Хуфёна иқтисодиётни бартараф этиш борасида қандай натижаларга эришилди?» каби саволларга «тўлиқ, батафсил» жавоб берилди. Айрим саволлар «қаршисида» эса ­масъуллар мулзам бўлишди. На изоҳ бор, на жавоб!

Жумладан, мен ҳам «товар ва хизмат кўрсатишдаги нархларнинг ошиб бориши, оширилиши, инфляцияга қанчалик таъсир қилади-ю, инфляцияни қанчага оширади? «Прогноз» белгиланганда бу жиҳатлар ҳам эътиборга олинадими?» деган мазмундаги биринчи ҳамда талабаларнинг контракт тўлови ҳақидаги иккинчи саволимга ҳам «жавобсиз» жавоб олдим.

Маълумки, матбуот анжуманларидан бирида Иқтисодиёт ва саноат вазири Ўзбекистондаги инфляцияни Венесула билан солиштирган, бу эса кенг жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган, ижтимоий тармоқ «портлаган эди». Аммо вазир шу пайтгача жамоатчилик норозилигига ҳеч қандай фикр-муносабат билдирмади. «Бу жамоатчилик фикрини писанд қилмаслик эмасми?», деган мазмунда берилган учинчи саволимдан сўнг мен ҳам «огоҳлантирилдим» .

Ўқувчиларга яхши маълумки, кейинги вақтда «Ishonch» газетасида Молия ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирликларига тааллуқли бўлган муаммоли, таҳлилий мақолалар тез-тез эълон қилиб борилмоқда. Масалан, ҳуқуқшунос Абдураҳмон Ҳамидовнинг бир ­нечта мақоласи шов-шув бўлди. Биз мана шу мақолалар юзасидан газетхонлардан почта ва ижтимоий тармоқ орқали келган саволларни ҳам бермоқчи эдик. Афсуски, «чегарадан чиқиш» имкони бўлмади.

Давлат идоралари оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқда берилаётган ва билдирилаётган фикр-мулоҳазаларга, саволларга жавоб беришдан, муносабат билдиришдан қачонгача қочишади?

Давлатимиз раҳбарининг ўзи ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган муаммолардан хабардор бўлиб, улар ҳақида фикр-муносабат билдираётган бир пайтда давлат идоралари масъулларининг «мавзудан четга чиқмаслиги»ни қандай тушуниш керак? Матубот анжуманларида «савол мавзуга оид эмас», «бу ерда саволга жавоб берадиган мутахассис йўқ», «саволингизни ёзиб олдик, сизга алоҳида жавоб берамиз» қабилидаги «айлантириш»лар қачонгача давом этади?

Агар матбуот анжуманида ҳамма саволларга жавоб берилмайдиган, тадбир фақат мавзуга оид саволлар билан чегараланадиган бўлса, унда мавзу бўйича қисқача маълумотни ташкилот ўз сайтида эълон қилиб қўя қолмайдими.

Шу жойда мақолага нуқта қўйсак бўлар эди. Аммо…17 сентябрь куни Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги яна матбуот анжумани ўтказиши ҳақида хабар келди. Унда иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизими ҳамда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир Президент қарор ва фармонлари ижроси юзасидан маълумотлар берилиши, савол-жавоблар бўлиши керак эди. Аммо тадбирга ташкилочилар келмади. Сабаб – улар йиғилишда экан. Бир кун олдин эълон қилинган тадбирга ташкилотчилардан лоақал бирон киши келиб, «ҳа» деб турмади. Кутишдан чарчаган журналистлар бундай ҳурматсизликка кетиш билан жавоб беришди. Ва тўғри қилишди ҳам…

Бу ҳали ҳаммаси эмас.  19 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжумани ниҳоятда «қизиқарли ва сермазмун» ўтди. Инвестиция­лар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этган ушбу тадбирда ҳам саволларга берилган жавоблар «аниқ маълумотлар йўқлиги, улар сайтда мавжудлиги»дан иборат бўлди.
«Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони мазмун-моҳияти билан таништиришга бағишланган матбуот анжуманига «пухта тайёргарлик кўрилган экан». Тарқатилган «пресс-релиз»ни умуман пресс-релиз деб бўлмайди. Мавзу ҳам кўрсатилмаган бир варақ бу «қоғоз»да «эга-кесим» йўқ. Тадбирда вазирликдан икки киши – бош юристконсульт Ферузбек Қурбонов ва етакчи мутахассис Азизхон Мусахоний иштирок этди, холос. (Ваколатли масъул шахслар банд бўлса керак, ҳойнаҳой…) Тадбир сўнггида улар жуда «зўр» гап айтишди: «Биз мавзу бўйича яъни, фақат фармон ҳақида суҳбатлашгани келган эдик»…
Яна ўша гап: «мавзу бўйи­­ча»… Шу ўринда саволлар туғилади: Ахборот ва оммавий коммуникация­лар агентлиги барча давлат идоралари ва бошқа ташкилотларга ўз фаолиятларини жонлантириш ҳамда тарғиб этиш учун кенг икониятлар яратиб бермоқда. Аммо бундан ҳамма ҳам тўғри фойдаланмаяпти, шекилли… Йўқса, жорий йилнинг 28 январида қабул қилинган Президент фармонини орадан саккиз ой ўтиб таништириш қанчалик мантиққа мос? Агар фармон ижроси бўйича шу пайтгача амалга оширилган ишлар, чора-тадбирлар ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар берилмас экан, матбуот анжуманини ўтказишдан не наф? Қизиқ, жудаям қизиқ…

Алижон АБДУРАҲМОНОВ.

 Манба:«Ishonch»