Саодат бекати

2019-08-12T11:49:26+00:0010 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

1999  йилнинг 21 марти  Холида опанинг, вилоятимиздаги кўпчилик журналистларнинг ҳам ёдидан чиқмайди. Вилоят миқиёсида ўтказиладиган Наврўз умумхалқ байрами тантанали тадбирини ёритиш “Сирдарё ҳақиқати” газетасининг маънавият бўлими мудири Х. Пардабоевага юклатилган эди.

У тушгача байрам тантаналарида қатнашиб, байрам иштирокчиларидан интерьвюлар, югириб-елиб чиройли суратлар олди. Таассуротларини тезроқ  қоғозга тушириш мақсадида уйга шошилди.

Тақдир ишини қаранг, уйда эрталаб унга оқ йўл тилаб, байрамга йўллаб қолган отажони бандаликни бажо қилган, қариндош – уруғлар йиғила бошлаган эди.

Эшонқул Пардабоев иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийси,  урушдан кейинги даврларда маъсулиятли вазифаларда меҳнат қилган, эл-эрт ҳурматига сазовор бўлган, ўз даврининг маънавиятли  кишиларидан эди.

– Эртанги сонга бериладиган мақоладан хавотир олманг, бир амаллаймиз,- дейишди ҳамкасблар.

-Йўқ,  материални ўзим ёзиб, эрталаб таҳририятга етказаман!..

Дарҳақиқат, Холида опанинг жияни эртаси куни тонгда репортаж қўлёзмасини ва фотоаппаратни ишхононамизга олиб келди. Ўз касбига садоқат, меҳр, маъсулият дегани шунча бўлар. Отасидан айрилган, таъзияли инсон юрагига мақола ёзиш қандай  сиғвди? Кимдир буни тушунади, кимдир йўқ…

Таҳририятнинг навбатдаги ижодий муҳокамасида журналистнинг бу мақоласи ҳам,  ҳар доимгидай пишиқ, ўқишли ёзилганлиги эътироф этилди.

– Юртимизда меҳнат қилганлар албатта эъзоз топади , Холида қизимиз сўнгсиз меҳнатларининг натижасини кўрди. Мен уни “Сирдарё ҳаққиқати” газетаси таҳририятига мақолалар кўтариб келиб юрган қизалоқлик давридан биламан,-дейди Иккинчи жаҳон  уруши ва меҳнат фахрийси Бектурсун Пирматов.-  Бугун вилоятимиздаги энг ғайратли, фаол журналистлардан.

У қарийб 42 йилдан бери  матбуот соҳасида узлуксиз, самарали меҳнат қилиб келади.

Мустақилликнинг халқимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги беқиёс аҳамиятини тарғиб этиш Х. Пардабаева ижодининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунончи, у ўз фаолияти давомида Сирдарё хотин-қизлари ҳаёти, фаолияти, ёшлар тарбияси, вилоятимизнинг маънавий–маданий ҳаётини, миллий қадриятлар, ҳарбий ватанпарварлик мавзуларини мунтазам ёритиб келмоқда. Айниқса, ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларга, ёшларга ва болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, яратилаётган имкониятларни матбуот саҳифаларида ёритишга, маданият ва санъат соҳаларидаги ислоҳотлар, бу борада қабул қилинаётган фармон ва қарорларни кенг тарғиб этишга ўз ҳиссасини  қўшган. Бу мавзуларда юзлаб мақолалари чоп этилган.

Журналист қатор йиллардан бери фотожурналист сифатида ҳам ўз маҳоратини намойиш этиб келмоқда.  Интернент орқали дунёнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқади. Жаҳон

Холида опанинг ўнлаб шогирдлари ҳозирда  ОАВ да хизмат қилмоқда.

—Устозимизнинг  йўлларидан юргимиз келади,— дейди шогирларидан бири  Намуна Норқулова. —Саришта аёл, ибратли уй бекаси сифатида ҳам уларга ҳавас қиламиз.  

   Холида опа тақдир ҳукмига кўра  икки нафар фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаб, олий маълумотли қилди, элга қўшди. “Яхши фарзанд тўрга чиқаради”, деганларидек унинг обрўсига обрў қўшди.

Ўғли Умиджон Абдуллаев вилоят хорижий тилларга ихтисослашган мактаб- интернатни имтиёзли шаҳодатнома билан тугатди. 2004 йили Канаданинг Эдмонтон шаҳридаги халқаро Алберто университетига халқаро грант билан ўқишга қабул қилинди. Амалиётларни Германияда ўтади. 2009 йили университетни дизайн интерьери муҳандислиги бўйича имтиёзли тугатиб, бир неча йил архитектура компанияси филиалида ишлади, сўнг лойиҳа гуруҳи раҳбари бўлди. 2015 йил Канаданинг Виннипег шаҳридаги Манитоба университети магистурасини имтиёзли равишда архитектор-дизайнер муҳандиси йўналиши бўйича имтиёзли тамомлаб, Эдмонтон архитектура компаниясида ишни давом эттирди. Ҳозир Канаданинг Калгари шаҳрида архитектура компаниясида гуруҳ раҳбари  бўлиб ишлайда.

Қизи Манзурахон ҳам олий маълумотли иқтисодчи. Ташқи иқтисодий алоқа Миллий банки Сирдарё вилояти бўлимида бош мутахассис.

—Ҳар куни  дастурхон атрофида оила аъзоларимизнинг барчаси ўзларининг энг яхши ниятларини сўрашарди. Онажоним кўпинча  «Шу қизим меҳнатларининг роҳатини, фарзандларининг камолини кўрсин!»  деб дуо қилардилар, — дейди Холида опа. — Орзуларининг барчаси амалга ошяпти. Умиджоним ишлай бошлагач, мени кўп мамлакатларга саёҳатга таклиф этди. Эрта-индин дийдорлашиш учун Канадага  учиб кетаяпман. Сафар олдидан Прездентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мени Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвони билан  тақдирлаганларидан  бошим осмонга етди. Тақдирлаш маросимидан сўнг бу ҳақда ўғлимга ёздим. Ҳаяжонни, хурсандчилигимни журналист бўлсамда, сўз билан ифода этолмай қолдим. Ўғлимнинг ҳам, қизимнинг ҳам, ҳамкасбларимизнинг, арча яқинларимизнинг  бу хушхабардан кўнгиллари тоғдай кўтарилди. Бу унвон  фақат менга эмас,  вилоятимиздаги барча  журналистларга берилган  юксак мукофотдир. Байрам тадбирида муҳтарам Юртбошимизнинг  соҳа ходимларига табригини тинглаб, бизга билдилдирилган катта ишонч,  кўрсатилган юксак ҳурмат ва эҳтиромдан қалбим ғурурга, қувончга тўлди. Шу касбни танлаганим, тақдримни у билан боғланганига минг-минг шукрона келтирдим. Чунки касбимни яхши кўраман. Ҳаётимдаги барча қувончларим, яхши кунларим у билан боғлиқ. Аслини олганда, бахт деганлари шу эмасми?!

Ҳа, ўз касбига юксак меҳри, заҳматли меҳнатлари Холида Пардабоевани саодат бекатига етказди.

 

Дилором ИСМАДИЁРОВА,

Журналист.

Сирдарё вилояти.

Манба: «Ҳуррият» газетаси