“Российская газета“ – дунё Ўзбекистон мисолида Осиё мўъжизасини кашф этмоқда

2019-11-26T05:13:33+00:0026 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар халқаро ҳамжамият, шу жумладан, хорижий матбуот нашрлари диққат марказида бўлиб келмоқда.

Куни кеча “Российская газета” нашри Ўзбекистонда кечаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар минтақа ҳаётига янги нафас олиб кираётгани ҳақида мақола чоп этди. Нашр мухбири ўз мақоласида сиёсий-иқтисодий соҳада кечаётган ўзгаришларни туризм мисолида таҳлил қилади.

Мақолага “Шарқ экспресси” дея сарлавҳа танланган, унда муаллиф Тошкент ва Самарқанд дунё учун ўз эшикларини очаётгани, жаҳон эса ушбу шаҳарлар мисолида ўзи учун Осиё мўъжизасини кашф этаётгани ҳақида ҳикоя қилади. Муаллиф қуйидагиларни қайд этади: “Ўзбекистон тамаддун бешикларидан бири, бу заминда дунё илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган олимлар камол топган. Бугунги кунда ушбу диёрдаги меъморчилик обидалари, осори-атиқалар етти иқлимдан сайёҳларни жалб қилмоқда. Юксак маданият, урф-одат, меҳмондўстлик – бу мамлакат халқи табиатидаги сифатлар.

Бундан уч йил олдин Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда очиқ сиёсат юритилишини, демократик қадриятларга содиқ ҳолда йирик иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилишини эълон қилди.

Бундай улкан вазифаларни рўёбга чиқаришда, аввало замонавий қараш ва билимга, ҳаётий қарашга эга, мустақил фикрлайдиган етук кадрлар керак, албатта. Шу боис ҳам расмий Тошкент илк қадамларни бир вақтлар у ёки бу сабаб билан мамлакатни тарк этган, хорижий давлатларда таълим олган мустақил, интилувчан ёшларни Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига жалб қилишдан бошлади”.

Муаллиф фойдаланишга топширилган “Ҳумо арена” спорт саройи, унинг очилишида россиялик спортчилар иштирок этганига эътибор қаратар экан, мамлакатнинг улкан қурилиш майонига айланганини таъкидлайди. Мамлакатимизга келаётган сайёҳлар сони тобора ортиб бораётгани ҳақида сўзлайди.

Муаллиф Ўзбекистоннинг фестиваллар юртига айланиб бораётганини мамнуният билан қайд этади. Халқаро турнирлар, фольклор байрамлар, ҳунармандчилик кўргазмалари, конференциялар, санъат вакилларининг учрашувлари, ярмаркалар, танловлар ўтказиш одат тусига кирганини россиялик сайёҳлар учун эслатиб ўтади.

Мақола муаллифи Ўзбекистонда виза тартибининг соддалаштирилгани, туризм ривожи учун зарур шароитлар яратилаётганини маълум қилиб, 2023 йилга келиб мамлакатимизга ташриф буюрувчи туристлар сонини 10 миллионга етказиш режалаштирилганини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, мақолада меҳмонхона қурилиши учун яратилаётган имтиёзлар, улар натижаларига тўхталиб, Ўзбекистондаги меҳмонхоналар сиғими 44 мингга етгани, яна 600 та янги меҳмонхона қурилиши режаси борлиги бўйича маълумот берилади.

Соҳада замонавий кадрлар тайёрлаш сиёсати, Самарқандда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ташкил этилгани, Туркия, Япония, Жанубий Корея, Испания, Франция билан ҳамкорлик кенгайгани, ушбу жараёндаги интилишлар ва саъй-ҳаракатлар истиқболи таҳлил қилинади.

Шунингдек, мақолада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан афғонистонлик ёшларнинг таълим олиши учун яратилаётган шароитлар, чегара олдида ўзаро савдо ҳудудлари, ўзига хос ярмаркалар ташкил этилаётганини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг яқин ва қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлари ёдга олинади.

Мақола сўнгида нашр муштарийларини Ўзбекистонга саёҳат қилишга таклиф этилади.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА