Радиожурналистлар етишмайди

2019-02-08T04:21:12+00:008 Fevral, 2019|Сурхондарё вил.|

Ўн беш йилдан буён вилоятимиз аҳолисига ғойибона ҳамроҳ бўлиб келаётган “Янги аср” радиоси ўзининг дилтортар эшиттиришлари билан кўп минг сонли мухлисларига эга.
Ҳар тонг 7:00 дан 23:00 гача бўлган вақт мобайнида ижодий жамоа информацион, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий, бадиий ҳамда кўнгилочар, мусиқий дам олиш дастурларини тайёрлаб, эфирга узатмоқда. Айни пайтда вилоятимиз, Афғонистоннинг шимолий қисми, Тожикистон ва Туркманистоннинг чегарадош қисмлари аҳолиси ФМ 102,1 ва 101,0 тўлқинлари орқали ушбу радиони тинглашади.
“Янги аср” радиоси Термиз шаҳрида радио эшиттиришларини 1940 йилда йўлга қўйган. Дастлабки эшиттиришларни фақат Термиз шаҳри аҳолиси тинглаш имконига эга бўлган бўлса, 1954 йилдан радио эфири тоғли Бойсун туманидан ташқари, вилоятнинг барча туманларини қамраб олди. 1960–1970 йилларда Сурхондарё радиоси эшиттиришлари ҳажми кунига 1 соатни ташкил этган. Қарийб 40 йиллик фаолияти давомида ўз биносига эга бўлмаган Сурхондарё радиоси учун 1986 йилга келиб алоҳида бино ажратилди.
1988 йилдан эса эфирга узатиладиган радиодастурларнинг қамрови кенгайиб, тожик тилида ҳам эшиттиришлар тайёрлаш йўлга қўйилди. 2003 йил 1 ноябрдан вилоят радиоканалига “Янги аср” деб ном берилди. Куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими ходимлари ушбу канал жамоаси ва ижодий фаолияти билан танишди.
—Айтиш керакки, вилоятимизда ёш журналистларга бўлган талаб юқорилигича қолмоқда, —дейди радио бош муҳаррири Сарвар Тўраев. —Бизда ҳам радиожурналист кадрлар етишмайди. Агар ёш журналистларга иш керак бўлса ва шу соҳага қизиқса, уларни ишга таклиф қиламиз. Барча шароитларни яратиб беришга ҳаракат қиламиз. Чунки сифатли радиоэшиттиришлар тайёрлаш учун малакали мутахассислар зарур. Шунга қарамай жамоамиз тингловчиларга “Ассалом Сурхондарё”, “Яхши кайфият”, “Файзли оқшом” каби мавзуларда кунлик лойиҳалар, эшиттиришлар, дастурлар тайёрлаб эфирга узатишмоқда.

Мастура ҲАМРОЕВА,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси

Шарҳ қолдириш