Рағбат — янги марралар сари илҳомлантиради

2020-01-15T05:07:34+00:0015 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Юртимизда меҳнат қилган, ўз соҳасининг ривожи учун ҳисса қўшган инсонлар ҳамиша рағбатлантириб келинган. Айниқса, қалам аҳлига эътибор ўзгача. Шу маънода бугунги кунда ҳукуматимиз ҳамда турли вазирлик ва ташкилотлар томонидан ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилаётган мукофотлар уларнинг янада сермаҳсул натижаларга эришишига замин яратмоқда.

Уч йилдан буён энг фаол ижодкорларга берилаётган “Эҳтиром” мукофоти ҳам шундай эътибор маҳсули десак янглиш бўлмайди. Бу йилги танловнинг “Маданият соҳасининг фаол оммавий ахборот ходими” номинациясида ғолиб бўлганим зиммамга жуда катта масъулият юклади. Аслида санъат ва маданият соҳасини ёритиш, унинг моҳиятини очиб бериш кўп изланиш талаб этади. Унинг ичига кириб борганингиз сари жилвакор қирралари билан ўзига жалб этаверади. Йил давомида “Маҳалла” газетаси саҳифаларида эълон қилинган мақолаларимизда мана шу жиҳатларга алоҳида урғу беришга ҳаракат қилдик. Санъаткорларнинг ютуқлари билан бирга соҳа ривожи учун билдирган танқидий фикрларини ҳам бердик.

Инсоннинг бирор эътирофга лойиқ деб топилиши замирида фақатгина унинг эмас, балки атрофдагиларнинг ҳам меҳнати ётади. Менинг ғолиблар қаторида бўлишимда таҳририятимизнинг устоз журналистлари берган ўгитлар, кўрсатган йўл-йўриқларнинг ўрни катта бўлди. Қолаверса, тадбир ташкилотчиларига ҳамда  Ўзбекистон журналистлар уюшмасига чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.

 Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

“Эҳтиром -2019  танлови

 “Маданият соҳасининг фаол оммавий ахборот ходими”

 номинацияси ғолиби.