Осмонга отилган тош кимнинг бошини кўзламоқда?

2019-09-04T05:59:28+00:004 Sentabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

ёхуд виртуал майдонлардаги ўйинларнинг асл қиёфаси

«Мен бу ерда ўт ёқсам,

Фарғонада тутуни…»

Машҳур халқ қўшиқларидан бири – «Сунбула»да шундай мисралар бор. Бу қўшиқни кўпчилик эшитган, яхши билади. Лекин «бу ерда ёқилган ўт»нинг тутуни мутлақо бошқа жойда – «Фарғонада» нима қилиб юрганига ақл бовар қилмайди.
Табиатда «ёруғлик тезлиги» ҳодисасига модданинг энг тез ҳаракати сифатида қаралади. Бошқа нарсалар шунга қиёсан тушунтирилади. Назаримда, бугун ундан ҳам тезроқ воситалар бордай. Масалан, бугун дунёнинг бир бурчагида юз берган воқеадан бир зумда бутун дунё хабар топади. Бу пайтда ёруғлик манбаи ҳисобланган Қуёшнинг нури Ер шарининг иккинчи бўлагини ҳали ёритиб улгурмаган бўлади. Айниқса, ўша хабар бирон негатив ҳодиса ҳақида бўлса-ку, ҳар қандай тезликни доғда қолдириб тарқалади. Бир дақиқа ичида миллионлаб ўқувчисини топадиган бундай хабарларнинг воқеликка қанчалик уйғунлиги, омма учун қай даражада муҳимлиги, халққа нима бериши, шунча инсоннинг вақти ва маблағи эвазига тақдим этилган хабар бирон фойда бера олиш-олмаслиги кўпда ўйлаб ўтирилмайди. Одатда бир шўрпешонанинг бошига тушган мусибат ҳақидаги машъум хабар тарқатилади ва кенг миқёсда ёйилиб бораверади.

«Йигирма бир яшар келин турмуш ўртоғини пичоқлаб қўйди», каби виртуал ахборот оламида жуда бозоргир хабарлар аслида ўқувчига нима беради? Бундай хабарни тарқатишдан кўзланган мақсад не? Аёлларни эрга бўш келмасликка тарғиб этиш, ўрни келганда шундай усулдан ҳам фойдаланса бўлиши ҳақида тавсия беришми? Ёки эркакларга ўз рафиқасидан ҳайиқиб, ишонч­сизлик билан кун кечиришга ўргатишми?

Одатда, бундай хабарларда келиннинг қаерданлиги, миллати, ижтимоий мансублиги, дини каби бир қанча жиҳатлар ҳам аниқ таъкидланган ҳолда кўрсатиб ўтилади. Қарабсизки, ўша ҳудудда яшайдиган ҳамма аёллар ҳақида омма орасида негатив фикр пайдо бўлади.

Шу зайл инсоннинг шаъни беҳурмат қилинади. Ҳатто баъзи бир оғзига кучи етмайдиганлар бу хабарни янада ўзгартириб, бўрттириб: «фалон жойда аёллар эркакларни сўйиб кетаётган экан», қабилидаги асоссиз, бўҳтон ва уйдирма хабарларни ҳам тарқатишга киришиб кетади. Улардан «сиз кўрсатган манбада ундай дейилмаган-ку, нега бўҳтон тарқатяпсиз?» дейилса, «биз ўқувчига қизиқарлироқ бўлиши, унинг эътиборини жалб қилиш учун хабарнинг шаклини озгина ўзгартирдик, холос», деб жавоб беришади. Бундай кимсаларнинг мақсади аниқ: шов-шувли, олди-қочди гаплар билан омманинг эътиборини ўзига жалб этиш, ваҳима тарқатиш.

«Қўрқса, ҳурмат қилади», деган нохолис ёндашув бундайлар фаолиятида асосий ўринда туради. Улар ўқувчига ижтимоий фойдали маълумотни етказишни эмас, оммани ўзларига тобе қилиб туришни кўзлашади. Тарқатилаётган маълумотлар нотўғрилиги исботлаб берилса, бирпасда виртуал майдондаги ўша хабарнинг баҳридан ўтиш, уни лентадан осонгина олиб ташлаш мумкин. Лекин уни рост деб қабул қилган, алданиб қолган ва саросимага тушган минг-минглаб ўқувчининг ҳоли нима кечади? Унинг етказган руҳий-психологик зарари-чи?

Бундай ҳолатларни интернет сайтлари, блогерларнинг саҳифалари, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар ёки шахсий саҳифаларда ҳам истаганча учратиш мумкин. Халқнинг назаридаги бирон эътиборли шахснинг юзига лой чаплаб, ёмонотли қилиш, унинг «қилмишлари»ни ўзларича «фош этиш» орқали «қаҳрамонлик» кўрсатиш бемаза қовуннинг уруғидай анча палак отиб кетмоқда. Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар, дейилганидек, орқа-олдига қарамасдан «фош этиш эстафетаси» бошланди. Бу ишлардан кимга қандай наф борлигига биров бош қотириб ўтирмайди. Ҳатто бировни бадном қилувчи, шов-шувларга сабаб бўлувчи, кўпроқ оммани жалб этувчи хабарларни тарқатиш ишлари қуруқ бўлмаслиги ҳам ҳаммага кундай равшан. Ўз оиласи, маҳалласи, юрти, Ватани, миллати шаънини сотиш эвазига бўлса-да, ўз мақсадига эришаётган кимсаларнинг югургани сомонхонагача бўлиши ҳам маълум аслида. Аммо уларнинг ёнида кўр-кўрона тақлид ортидан чопиб, «сўз эркинлиги шу экан-да», деб алданиб қолаётганлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Аввалига, шунчаки, майда-чуйда кундалик маиший ҳолатлар билан бошланган фаолият кейинчалик ҳатто жиноят даражасидаги тажовузкор ҳаракатга айланиши мумкинлигини содда фуқаро баъзан чуқурроқ ўйлаб кўрмайди.

Бу ўринда яна бир нозик масала бор. Юқоридаги каби бўлмағур хабарларни бўяб-бежаб тарқатаётганлар бир нарсани иддао қилишади: «Бор ҳақиқатни нега яширишимиз керак? Қачонгача элнинг оғзига элак тутиб яшаймиз? Бундай хабарларни биз айтмасак ҳам ҳамма кўриб-билиб юрибди-ку?»…

Бир қарашда бу иддаода жон бордай. Лекин…

Шукрки, бизнинг ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган юксак ҳаётий тутумларимиз, миллий ҳаёт тарзимиз бор. Унда нуроний ёшдаги онамизнинг қўлига оғир юк ушлатиб қўйиб, телефонга видеога олиш, кейин онамиз мувозанатни йўқотиб йиқилиб тушса, устидан хандон отиб кулиш каби ишлар инсонгарчиликка зид ва бемаъни ҳаракат ҳисобланади. Бор нарсани боридай кўрсатиш ҳамиша ҳам тўғри бўлавермаслигига инсоннинг ўз фаросати етиши керак. Бу ҳақда миллатимизнинг маънавий раҳнамоларидан бири – Алишер Навоий ҳазратлари «Маҳбуб-ул-қулуб» асарида шундай деганлар:

«Оқил чиндин ўзга демас, аммо барча чинни ҳам демак оқил иши эмас…»

«Хирадманд чин сўздин ўзга демас,

Вале бари чин ҳам дегулик эмас.

Киши чин сўз деса зебо дурур,

Неча мухтасар бўлса, авло дурур».

Навоийнинг бу сўзлари шунчаки сўзлар эмас. Одам боласининг сўз айтиш, хабар бериш ва маълумот етказишда аслида қайси йўлдан бориши кераклиги ҳақидаги энг тугал ҳаётий кўрсатмадир.

Бугун ҳамма ҳам ўзининг ҳаётида, маҳаллаю қишлоғи, қолаверса шу юртда нимадир ўзгариш бўлиши, кечагидан кўра яхшироқ кун кечириш умидида меҳнат қилади, тирашиб-тирмашади. Тараққий этиш илинжида бел боғлаган. Барча соҳаларда қилинаётган ислоҳотлар ҳам айни шу мақсадга қаратилган. Дунёнинг Ватанимизга бўлган ижобий муносабатини ўстириш, юртимизга илғор сармоядор, ишбилармон ва сайёҳларни фаол жалб қилиш энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Шундай бир пайтда миллат учун ҳам, давлат учун ҳам ёки бирон шахс учун ҳам ҳеч қандай фойдаси бўлмаган, лекин беҳуда шов-шувга сабаб бўладиган маълумотларни ёйиш бизга нима беради? Бу ўзимизни ўзимиз бадном қилиш эмасми? Ҳамманинг кўзи олдида ўзимизни ўзимиз бадном қилишдан бирон мақсад ҳосил бўладими?

Йўқ! Бу билан дунё аҳлида ўзимиз ҳақимизда бадбин таассуротлар қолдирамиз холос.

Ўзликни намойиш этиш ўз айбимизни оммага эълон қилиш билан эмас, хато-камчилигимизни тўғри англаб етиб, уни бегона кўзлардан пана қилиб, тезлик билан тузатишга киришиш, шу йўлда амалий фаолиятга ўтиш билан бўлади. Ҳозирда юртдошларимизнинг виртуал майдонлардаги кўпчилик ҳатти-ҳаракатлари, аввало, аниқ бир мақсадни кўзламасдан, шунчаки вақт ўтказишга қаратилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу вақтни, маблағни ва эътиборни завол қилишдир. Виртуал оламдаги бошқаларнинг ҳаётини томошабин сифатида кузатиш алал-оқибатда ўз ҳаётига, ўз тақдири ва келажагига ҳам лоқайд томошабин қиёфасига солиб қўяди. Бу эса куни келиб инсонни манқуртликка олиб бориши мумкин.
Яна айрим виртуал майдонларда қизиқарли маълумотлар пайдар-пай бериб борилади. Улар чиндан ҳам қизиқарли. Лекин фойдали эмаслигини ҳам эътибордан соқит қилмаслик зарур. Масалан, узоққа тупириш бўйича дунё биринчилигини қўлга киритган бир нодон кимса ҳақидаги хабар бизга, оиламизга ва фарзандларимизга нима беради? Ундан кўра, ўз ҳаётимизда қилишимиз шарт бўлган юзлаб муҳим ишларимиз билан машғул бўлганимиз минг карра афзал эмасми?

Баъзи бир мансабдорларнинг қонунга хилоф айрим қилиқларини тасвирга олиб, интернет орқали тарқатиш билан бирон яхшиликка эришиб бўлмайди. Агар имкони бўлса, жамоатчилик назорати асосида ўша амалдорга танбеҳ бериб қўйиш самара бериши мумкин. Аммо интернетга чиқиб «ноғора қоқиш»га айримларда аллақачон иммунитет шаклланиб бўлган. Мансабдорнинг қонунни бузиши бир муаммо бўлса, уни яширинча тасвирга тушириб интернетга жойлаган кимсанинг иши ҳам қонунга мувофиқ эмас. Қолаверса, ким бўлишидан қатъи назар ҳар бир инсоннинг шаъни ва инсон сифатидаги обрўсини омма олдида поймол қилиш ҳуқуқи ҳеч кимга берил­ган эмас.

 * * *

Бир киши боласини буюк бир нотиқнинг ҳузурига олиб бориб: «Ўғлим ҳам худди сиздай буюк нотиқ бўлиши учун нима қилишим керак?» деб сўраса, «Қандай қилиб зўр гапиришни ўрганиш унчалик муҳим эмас. Сиз, яхшиси, фарзандингизга қачон ва қандай ўринларда жим туриш кераклигини пухталаб ўргатинг. Гапиришни эса, ўз-ўзидан ўрганиб кетаверади», деган экан…

Ёши улуғ нуроний инсонлар сал бечакки сўз айтган кишига: «Оғзим бор деб ҳамма нарсани гапираверасанми», деб танбеҳ беришади. Демак, оғиз деган боғичсиз ангишвона нимани гапириш, нимани гапирмас­ликни ҳам яхши билиши керак экан. Ота-оналаримизнинг бу танбеҳи бизнинг асрлар ошиб келаётган юксак маънавиятимиз, оилавий қадриятларимиз силсиласидаги бир олтин ҳалқа вазифасини ўтайди.

Мустақиллик бир қадар маънавий тушунча, бироқ у мавҳум ҳодиса эмас. Ватан мустақиллиги фуқарога барча соҳаларда мустақил фаолият имконини берди. Бу ўз навбатида фуқаронинг ҳуқуқини кафолатлаши билан бирга мажбуриятини ҳам белгилаб беради. Мустақилликни ўзбошимчалик деб тушуниш бу – маънавий маҳдудликка олиб боради. Ҳуқуқ ва мажбурият эгиз тушунча. Ўз ҳуқуқига эга инсон ўзгалар ҳуқуқини ҳам ҳурмат қилиши, уларга дахл қилмаслиги шарт. Кейинги йилларда инсон ҳуқуқларининг кафолатини акс эттирувчи бир қанча имкониятлар яратилдики, бундай имкониятлар уммонида баъзан нима қилаётганини билмай қолганлар ҳам йўқ эмас.

Аслида интернет ресурслари инсонга дастёр бўлиши, билимини бойитиш, ўқиб-изланиб ўрганиш, ҳаёт ва мутахассислиги учун энг муҳим маълумотлар, янгиликлар билан танишиб бориш, хуллас, оғирини енгил, узоғини яқин қилиши учун зарурий омилга айланиши керак. Акс ҳолда, осмонга тупирсанг, юзингга тушади, нақлидагидай бўлиб қолиш ҳеч гап эмас.

 * * *

«Мен бу ерда ўт ёқсам, Фарғонада тутуни…»

Бугун биз қайсидир хилватларда ёқаётган ўтлар аччиқ тутунни бурқситиб, одамларнинг кўзларини ёшлатиши эмас, кимнингдир қоронғи йўлини ёритадиган маёқ бўлиши керак аслида.

 

 Анвар ХУДОЙНАЗАРОВ.

 Манба: «Оила даврасида»