ОШИНГ ҲАЛОЛ БЎЛСА, КЎЧАДА ИЧ! Аммо…

2019-06-24T07:59:22+00:0012 Iyun, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси лойиҳаси (“Hurriyat”, 2019 йил 22 май) ҳамксбларимиз муҳокамасида

Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси лойиҳаси бугун нафақат мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ОАВ вакиллари ва медиа экспертлар, балки кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокмасида турибди.

Ҳозир медиа майдонда исталган ҳудуд ёки давлатга оид маълумотларни олиш унчалик катта муаммо эмас. Лекин ўша маълумотлар қай тариқа тарқатилмоқла? Кимлар томонидан тарқатилмоқда? Энг муҳими, хоҳ у ривожланган давлат бўлсин, хоҳ энди тараққиёт йўлига тушган ва тушаётган ёш мустақил мамлакат бўлсин, тарқатилаётган маълумотлар нечоғли холислик билан оммавий нашрлар орқали ёйилмоқда?

Саволлар кўплиги табиий. Зеро, ҳозирги замонда инсоният ахборот дунёси, оммавий коммуникация тушунчалари мутлақо янги воқеликка айланиб улгурган бир паллада яшамоқда.

Холислик – журналист этикасининг бош талабларидан ҳисобланар экан, шиддатли ўзгаришлар шароитида мазкур масалага мумкин қадар ойдинлик киритиш зарурати ҳам мавжуд. Чунки реал ҳаётимиз мутахассислар олдига қўяётган ғоят долзарб муаммолар ўз вақтида ўрганилмас, ечилмас экан, бундай сусткашлик ҳам амалиётда, ҳам журналистика фанида жиддий асоратлар қолдириши ҳеч гап эмас.

Хусусан, хорижий медиа майдонида тарқатилаётган ҳар бир катта-кичик хабар, янгилик, мулоҳаза мустақил давлат тақдири учун таҳдидга айланиши хавфи йўқ эмас. Оммавий ахборот воситалари, ахборотни оммалаштириш ҳамда оммавий коммуникация воситалари шу қадар хилма-хиллашиб кетдики, мавжуд ҳолатлар ва муаммолар юзасидан махсус тадқиқотлар яратиш ва шу орқали умумий хулосалар чиқаришга тўғри келади.

Тўғри, журналистика ва журналистлар учун оммавий ахборот тарқатиш, мулоқотга киришиш каби ҳолатларда ахборот тарқатиш одоби мезонлари азал-азалдан мавжуд. Жумладан, журналистикада ҳаққонийлик тушунчаси ҳеч бир замонда, ҳеч бир мамлакатда ва ҳолатда ўзгармайди. Журналист юксак савияда ижод қилиши мумкин, лекин ҳаққонийликка хилоф йўл тутса, унинг барча саъй-ҳаракати чиппакка чиқиши муқаррар.

Кези келганда, нимани очиқ айтиш ва нимани ошкор этишга шошилмаслик ҳам журналистдан муайян тажриба, вазминликни тақозо этади. Айтайлик, жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни жамоатчиликка етказаётган журналист маълум маънода сиёсий куч ҳисобланади. Унинг талқинида ёритилаётган воқеа кенг омма томонидан қабул қилинар экан, ўша воқеага бевосита гувоҳ бўлмаган кишилар журналистнинг ахбороти орқали маълум тушунча оладилар, унга ишонадилар. Журналист қандай мақсадлардан келиб чиқиб ахборот тарқатмасин, энг аввало мазкур ишончни оқламоғи зарур.

Шу жиҳатдан, интернет имкониятлари туфайли вужудга келган ва тобора оммалашиб бораётган «Фуқаролик журналистикаси» ҳақида тўхталиб ўтиш даркор. Унинг афзалликлари алоҳида мавзу, лекин ахборот этикаси нуқтаи назаридан қаралса, «фуқаролик журналистикаси» жиддий ташвиш туғдиради. Истаган шахс исталган мавзуда ва исталган вақтда ахборот тарқатиш воситаларига эга бўлиши бутун дунёда фавқулодда эркин муҳитни яратмоқда. Бироқ, бу ахборот тарқатган ҳар қандай шахс журналист дегани эмас, журналистикани соҳа, касб сифатида обрўсизлантиришга йўл қўйиш мумкин дегани ҳам эмас.

Ижтимоий тармоқлар ёки мобиль телефонлар орқали тарқатилган ҳар бир хабар ёки рақамни журналистикага тааллуқли деб тан олиш кам деганда профессионал даражадаги ижодий жараён маҳсулини камситиш бўлар эди. Зеро, олимлар тўғри таъкидлашаётганидек, “нтернетнинг вужудга келиши туфайли оммавий ахборот билан ишловчи анъанавий ва профессионал субъектлар – журналистлар қаторига ушбу машҚулотнинг минглаб ва миллионлаб ишқибозлари келиб қўшилдилар. Уларнинг жуда кўпчилиги журналист касбининг анъаналари ва нормалари ҳақида заррача ҳам тасаввурга эга эмас».

Касб-корнинг сир-асрорларидан бехабар одамни қандай қилиб профессионал дея оламиз ёки у тарқатган ахборотнинг тўлақонли ишончли эканига умид боғлаймиз? Гап муайян давлатдаги ажабтовур воқеалар ҳақида бўлса-чи? Давлат ёки халқ тақдири, имижига таъсир кўрсатувчи янгиликни ҳаваскорлик даражасидаги ахборотлардан олишнинг оқибати нималарга олиб келиши эса маълум.

Онлайн нашрларнинг ахборот тарқатишдаги тезкорлиги замон ва давр талабига мос. Бироқ бундай тезкор режимда фаолият юритиш айни электрон нашрлар журналистларидан юқори профессионалликни талаб қилади. Афсуски, улардаги барча материаллар ҳам матннинг ишланиши тил ва услуб жиҳатдан профессионал даражада тайёрланмоқда дея олмаймиз.

Шу ўринда жаҳон журналистикасида холислик категорияси мустаҳкам кучга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоиз. 1983 йил 20 ноябрь куни Парижда профессионал журналистларнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлари аъзолари томонидан қабул қилинган Журналистларнинг халқаро этика принципларининг иккинчи тамойилида журналистнинг объектив реалликка содиқлиги, яъни, воқеа-ҳодисаларни ёритишда холислик принципини бузмаслиги кераклиги қатъий белгилаб қўйилган. Демак, ҳозирги даврда ҳам халқаро медиа маконда ўзини профессионал мухбир деб биладиган ҳар қандай шахс холислик категориясига бўйсуниши шарт.

Қайд этилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, “Ҳуррият” газетасида муҳокамага қўйилган Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси лойиҳаси бўйича қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:

  • “Миллийлик ва миллий маънавият” номли 6-моддага “журналист мамлакатнинг ахборот макондаги нуфузига, унинг медиа имижига путур етказмайди” деб қўшиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди;
  • Кодекснинг 8-бўлимида Плагиат каби долзарб масалага алоҳида эътибор қаратилгани яхши албатта. Бас шундай экан, айни пайтда кўчирмакашликка қарши курашишнинг техник томонларини ҳам ўйлашимиз лозим. Яъни ўзбек тилидаги журналистик матнларни плагиатга текширувчи дастурларни янада такомиллаштириш ва уларни очиқ интернет каналларига жойлаштиришимиз зарур;
  • Кўпчиликка таниқли мухбирми, оддий журналистми – турли ижтимоий тармоқларда маълум бир воқеага ўз фикрини билдирар экан, буни ўзи меҳнат қилаётган ОАВ таҳририят позицияси билан чалкаштирмаслиги керак. Франс-Пресс ва Рейтерс сингари етакчи ОАВ мухбирлари ижтимоий тармоқларда айнан шундай принципга амал қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, ғарб журналистларининг аксарияти ижтимоий тармоқларда қайси таҳририятда ишлашини очиқ айтмайди ҳам;
  • Назаримизда, Кодекснинг тегишли қисмига “асоссиз баландпарвоз сўзларни ишлатиш, ҳаддан зиёд мақтовларга берилиш, маддоҳлик ва ялтоқлик элементларига чек қўйиш керак”лигини ҳам киритиш фойдадан ҳоли бўлмас эди;
  • Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси мамлакатимизда журналистика таълими йўналиши бўйича фаолият олиб бораётган барча олий таълим муассасалари ўқув дастурларида тўлиқ қамраб олиниши ҳамда талабалар, яъни бўлғуси журналистлар томонидан атрофлича ўрганилиши керак;
  • Журналист касбининг ўзига хослиги, бир қарашда илғаш қийин бўлган нозик талаб ҳамда тамойиллари борки, биз ўзимиз айтаётган сўзнинг ҳаққонийлиги ва еяётган ошимизнинг ҳалол эканлигига ҳар доим юксак ишонч билан яшашимиз зарур.

Шунда, халқимиз топиб айтганидек, ҳалол ошимизни кўчада ичсак арзийди.

 

Беруний АЛИМОВ,

Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари

халқаро журналистика факультети доценти,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

Шарҳ қолдириш