Орзуга айб йўқ

2019-04-15T11:36:08+00:0015 Aprel, 2019|Умумий янгиликлар|

Дипломли журналист бўлишни ният қилгандим. Муайян шароит сабаб университетда ўқиш насиб этмади. Лекин тинмай ўқиб, ўргандим. Ёздим. Орзуйим сари биринчи қадам қўйишимга «Маънавият гулшани» газетаси таянч бўлди. Мени мухбир сифатида таҳририятга ишга таклиф этишди ва  ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди. Ғайрат билан ишлашга киришдим.

Орадан беш йил ўтди. Бу орада ўқув машғулотлари, семинарлар, маҳорат сабоқлари…  Қўйингки, мухбирнинг қалами чархланиши учун неки зарур бўлса, ҳаммасини ўрганишга тиришдим. Интилишларим зое кетмади. Таҳририятимиз жамоаси газетада чоп этилган бир туркум битикларимни «Инсон ҳуқуқлари – журналист нигоҳида» республика танловига тақдим этишни лозим топди. Буни қарангки, мен пойтахтимиздан она шаҳрим Термизга мазкур ижодий мусобақанинг диплому эсталик совғалари билан теримга сиғмай қайтдим. Ижодкорни, умуман, инсонни меҳнат қилиш, ўқиш, ўрганиш, изланиш сари рағбатлантиришдан улуғроқ савоб иш борми! Мамлакатимизда ушбу масалага давлат сиёсати даражасида доимий эътибор қаратилаётгани, бундай ғамхўрликнинг муҳим йўналишида минглаб ижодкорларни ўз сафига бирлаштирган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси собит турганлиги нақадар қувончли.

Яшириб нима қилдим, куни келиб чекка ҳудудда  яшовчи мендек оддий газетачига ҳам «Олтин қалам» Миллий мукофотини олиш ва бундай улкан рағбатдан боши осмонларга етиб юриш, умрини ўзи севган касби-корига, ижодига бағишлаш насиб этар. Айтадилар-ку, генерал бўлишни орзу қилмайдиган аскарнинг лойи хом, деб.

Мастура ҲАМРОЕВА,

журналист.

Шарҳ қолдириш