Орол денгизининг сувсиз ҳудуди ўрмонзорга айланади

2019-02-26T07:25:27+00:0026 Fevral, 2019|Ҳафта мақоласи|

Ўтган асрнинг 60 йиллари ўрталаридан бошлаб Орол денгизининг суви чекина бошлаганлиги маълум бўлди. Сўнг сувдан қуриб бораётган майдонлар, тупроғининг устки қатлами тузли қумдан иборат “Оролқум” деб номланган янги чўлга айланиб, жуда оғир экологик муаммо юзага кела бошлади. Ҳудуднинг иқлим шароити ўзгарди, кўпчилик жойларда тупроқ, табиий ўрмонзорлар ва яйловлар деградация (доимий ёроқсизлик, ўзига хос жиҳатларини ва сифатини йўқотиш)га учради. Ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсининг хилма-хиллиги камайди, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи пасайиб кетди. Шу йиллардан бошлаб мазкур муаммони бартараф қилиш ишлари олиб борилганида, балки аҳвол бугунги даражага етмасмиди?!
Ушбу масала бўйича ва Оролбўйи ҳудудида ҳозирги кунда юз бераётган жараёнлар, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар тўғрисида қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, сўнгги ўн йиллик ичида бир неча марта Орол денгизи атрофида дала тадқиқотларини олиб борган таниқли профессор Мақсуд Ибрагимовнинг бу борадаги фикри билан ўртоқлашдик.
-Оролнинг қуришидан энг жабр кўрган ҳудудлар Ўзбекистон Республикасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти, Туркманистон Республикасининг Тошҳавуз ва Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда вилояти бўлиб, айниқса, фожиа энг кўп Мўйноқ туманига салбий таъсир кўрсатди. Денгиз суви чекина бошлаган вақтда туманда 32 минг аҳоли истиқомат қилар эди. Улар боболаридан мерос бўлиб қолган балиқчилик касбидан айрилганлиги боис, балиқчиликнинг махсус асбоб-ускуналаридан фойдаланмай қўйди.
Денгиз сувининг чекиниб бораётганлиги ва бу ҳолат ҳудудда катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги тўғрисидаги фикрларни биринчилардан бўлиб қорақалпоқ олимлари илгари сурган эди. 70 йилларнинг бошларида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Қорақалпоғистон филиалида Орол муаммосига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференцияда “Оролшунослик” лабораториясини ташкил этиш таклиф қилинди ва 1976 йили филиалнинг “Ҳисоблаш маркази” қошида лаборатория ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси-қуриб бораёт¬ган Орол денгизи ҳудудида юз бераётган иқлимдаги ва фитоценоз ўзгаришлар, ўсимликларнинг динамикаси, тупроқ қатлами бўйича тадқиқотлар олиб боришдан иборат бўлди. Шунингдек, Нукус шаҳрида 1980 йил 2-3 декабрь кунлари “Орол денгизи ва Амударё дельтаси муаммолари” мавзусида Ўзбекистон Фанлар Академияси Президиумининг сайёр мажлиси ўтказилиб, унда олимлар ўз фикрларини билдиришди. Шоир ва ёзувчилар ўз асарларида Оролни мадҳ этди. Айниқса, севимли шоиримиз Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибрайим Юсуповнинг “Оролни қайтариб беринглар…” деб ёзган мунгли шеъри одамларнинг юрагини ларзага солди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлепберген Қайипбергеновнинг аввалги иттифоқ давридаги сессия-лар мажлисларидаги маърузалари, Орол тўғрисида куйиб-ёниб гапириши жамоатчиликнинг ҳали ҳамон ёдида. Шу орада Иттифоқ ҳукумати томонидан Оролбўйи ҳудудида бўлаётган салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича давлат қарорлари қабул қилинди, бир қанча илмий-амалий анжуманлар ўтказилди, илмий мақолалар ва лойиҳалар жорий этилди. 1990 йил Оролбўйида пайдо бўлган экологик фожианинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди ҳамда ушбу муаммога тегишли лойиҳалар танлови эълон қилинди. Танловга 473 нафар муаллифдан 219 та лойиҳа келиб тушган. Лойиҳаларнинг ичида денгизга Сибирь дарёларининг бир бўлагидан сув қуйдириш масаласи ҳам бор эди. Бу лойиҳа узоқ йиллар давомида ўрганилиб чиқилди ва унинг ҳисоб-китоб ишлари олиб борилди. Лойиҳа Орол денгизи бўйида истиқомат қилувчи аҳолида денгизга сув келади, деган умидни уйғотган эди. Лекин бу ва бош¬қа лойиҳалардан ҳам ҳеч қандай натижа чиқмади.
— Сизнинг фикрингизча, йиллар давомида тўпланган тажрибангизга асосланадиган бўлсак, Оролнинг бугунги ҳолатида муаммони ҳал қилишга қандай услуб ёрдам бериши мумкин?

Яқинда kun.uz сайтида иккита лойиҳа эълон қилинди. “Биз 60- йиллардаги сув миқдорини қайтарамиз, — деди биринчи лойиҳанинг муаллифи Олимжон Юсупов.
— Дунёда бундай техноло¬гиялар кўп эмас. Бизнинг технологиямиз замонавий, сайёр ва ҳаммаси ўзимизда тайёрланади. Тизим атмосферага тўлиқ таъсир этади. Энг аҳамиятлиси, Оролбўйида тенг мувозанатни сақлайди”.
Хитойлик олим Чен Си “Илмий гуруҳимиз билан Тарим ¬дарёсида олиб борган тажрибаларимизни янада кенгайтириб ҳамда инновацион ғоялар билан бойитиб, Оролда синовдан ўтказмоқчимиз. Таримни тикладик. Оролни ҳам қайтарамиз” дейди. Мен уларнинг фикри нотўғри деб айтишдан йироқман. Уларга ушбу эзгу ишларида муваффақият тилайман. Менинг фикримча, энди Оролни сув билан тўлдириб бўлмайди. Унинг энг тўғри йўли Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидек, сувсиз қолган денгиз ҳудудига чўлга чидамли ўсимликларни экиб, яшил яйловларни барпо этишдир.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий томондан қайта тиклаш бўйича олиб борилаётган ишлар мўйноқликларнинг ҳаётга, ёрқин келажакка бўлган ишончини янада оширмоқда.
Президентимизнинг ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавф¬сизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди тузилди. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш фонднинг иш бошлашига бағишланган тадбирда “Жабрланган ҳудудлар тарихида янги саҳифа очилмоқда”, дея таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон Республикаси ¬Президенти Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, Оролбўйи минтақасида экологик муаммоларни бартараф этиш ҳамда денгизнинг сувсиз ҳудудида яшил ўрмонзорлар барпо этиш кераклигини таъкидлади. Президентимизнинг бу ерлар келажакда катта ўрмонзорларга айланиши тўғрисидаги фикрини С.Кабулов, В.Духовний, Н.Завялов, З.Новицкий, С.Шеримбетов каби олимлар ҳам ўзларининг илмий ишларида тасдиқлашган. Денгизнинг сувсиз ҳудудидаги тупроқнинг агрофизикавий, агрохимик ва механик таркибини, ўсимликлар флорасини, ҳудуддаги чўлга чидамли ўсимликларни экиб кўпайтириш технологиясини кўп йиллар давомида спутник орқали ва ҳудудни ўрганган олимлар бу ҳудудда, албатта, ўсимлик ўсади ва шу ерлардан чорва моллари учун яйлов сифатида фойдаланиш мумкин, деб ¬айтган. Ушбу тадқиқотлар денгизнинг сувсиз ҳудудида ўсимликларни қўлда экиб, табиий услубда кўпайтириш мумкинлигини исботлаган.
Оролнинг сувсиз ҳудуди чўлга чидамли ўсимликлар билан қопланса, заҳарли тузли чанг¬ларнинг атмосферага кўтарилиши ҳамда қумларнинг кўчиши камаяди. Ўсимликлар ўз танасида сувни буғлантириб, ҳаво ва тупроқ намлигини орттиради. Ўсимлик ва ҳайвонларнинг янада кўпайиши учун қулай шароитлар яратилиб, ҳудуднинг экотизимига ижобий таъсир кўрсатади. Ушбу майдонларда ясама ёки табиий услубда ўсимликларни кўпайтириш янги катта кўламдаги яйловларнинг пайдо бўлишига хизмат қилади. Менинг таклифим, денгизнинг сувсиз ҳудуди физикогеографик томондан турли хил ландшафт тузилишидан иборат бўлиб, уларнинг геоморфологик қурилиши, ўсимликлар билан қопланиш даражаси бирдек эмас. Шу боис, янгидан ўрмонзорларни барпо этиш ва яйловларнинг майдони билан уларнинг ўт-емга яроқлилик даражасини аниқлаш учун ҳозирдан-оқ, Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими ва Бухородаги Ўзбекистон қоракўл¬чилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда узвий равишда илмий изланишлар олиб бориши керак.
Авваллари чўлга чидамли ўсимликлар экилган ва табиий йўл билан ўсимликлар ўсиб чиққан майдонларда 1-2 минг бош қўй, эчки боқишга мўлжалланган қоракўлчилик ва эчкичилик, 100-200 бош туя сақлашга мўлжалланган битта туячилик тажриба фермер хўжаликларини ташкил этишни таклиф этар эдим. Ҳар бир фермер хўжаликлари жойлашган жойларда 2-3 артезиан қудуқлари бор бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бу хўжаликларнинг 2-3 йиллик тажрибаларига асосланиб, ҳудудни чорвачилик зонасига айлантириш мумкин.
Маълумотларга қараганда, XX аср сўнггидан бошлаб кўп миқдорда чорва молларини ёйиш, чўл ўсимликларини илдизигача чопиб олиш натижасида уларнинг ҳосилдорлиги йўқолиб бормоқда.

— Чўлни яшил ўрмонзорларга айлантириш мақсадида шунча чора-тадбирлар олиб борилаётган айни дамда у ердаги ўсимликларга молларни ёйиш тўғрими? Бу ҳақида фикрингиз қандай?
Биринчидан, бугунги кунда Ўзбекистонда яйлов учун фойдаланиб келаётган майдонларнинг 17,4 миллион гектари чўл ҳудудларига тўғри келади. Маълумотларга қараганда, бундан 20-30 йил аввал денгизнинг сувсиз ҳудудларида экилган майдонларда аллақачон ясама ва табиий яйловлар мавжуд бўлган. Демак, орадан йиллар ўтиб, Орол денгизининг сувсиз майдони кенг кўламдаги ўт-ем озуқага бой янги яйловга айланиши мумкин.
Иккинчидан, сўнгги 15-20 йил ичида яйловлардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва антропоген таъсирлар натижасида, ҳақиқатан ҳам, Қизилқум ва Устюрт текислигидаги табиий яйловлар деградацияга учраб, ўсимликларнинг ҳосилдорлиги камайиб кетган. Ҳозирги вақтда чўл яйловларнинг ҳосилдорлиги йилига ўртача 1,5 фоизга камайиб бормоқда. Ушбу яйловларнинг ¬йилига 16,5 минг гектари, шунингдек, 20 йил ичида 465 минг гектар майдони деградацияга учраганидан далолатдир.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, яқин келажакда Орол денгизининг сувсиз ҳудудида янгидан барпо этилгаётган яйлов майдонлари чорвачиликни ривожлантиришнинг асосий зонаси бўлишига шубҳам йўқ. Эндиги вазифа-ушбу янгидан пайдо бўлган яйловлардан самарали фойдаланиш ва бу ерларни чорвачилик зонасига айлантиришдир. Ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш орқали жун, қоракўл терисини етиштириш, уларни қайта ишлайдиган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш натижасида чорвачилик кластерини амалга ошириш ва бир қанча ёшларни иш билан таъминлаш мумкин.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга алоҳида ғамхўрлиги натижасида юртимиз ижтимоий-иқтисодий томондан жадал ривожланмоқда. Айниқса, Мўйноқ тумани аҳолиси ҳудудда амалга оширилаётган янгиланишлардан ниҳоятда мамнун. Президентимиз томонидан белгилаб берилган, юртимизни янада ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг ижросига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири суҳбатлашди

Шарҳ қолдириш