Ориятли сиймолар ва миллий юксалиш

2020-01-08T08:24:54+00:008 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Миллат орияти шахсни улғайтиради. Ориятли шахс миллатни уйғотади. Уйғоқ халқ эса дунёни улғайтиради.  Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида ташкил этилаётган  Президент мактаблари, илм-фан ва адабиёт йўналишидаги ижод мактаблари, менинг назаримда, ана шундай улуғвор ғояни амалга оширишга қаратилган.

Дунёда машҳур сиймоларнинг турли соҳаларда илмий-ижодий мактаблари неча замонлардан бери мавжуд. Қарангки, дунёнинг бирон-бир мамлакатида уларнинг таълим-тарбия  маскани сифатида фаолият юритаётган ижод мактаблари йўқ экан. Икки йигирма дея эгизак айтилаётган Янги йил арафасида Тошкентда иш бошлаган адиб номидаги ижод мактаби, Адабиёт музейи ва “Турон” кутубхонасидан иборат Абдулла Қодирий мажмуаси, адиб яшаган манзилда барпо этилган уй музейи ҳамда Гулистон шаҳрида очилган Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби маънавият соҳасидаги изчил ислоҳотларнинг давоми бўлди.

Бу қутлуғ даргоҳга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи, ижод аҳли билан бўлиб ўтган самимий суҳбат ва унда билдирилган фикрлар ҳали кўп вақт қалам аҳли учун илҳом манбаи, мушоҳада мавзуи бўлиши, шубҳасиз. Суҳбатда Ўзбекистон ўз тарихида янги –  уйғониш замонига қадам қўяётгани ҳақида ҳам сўз борди. Бу бежиз айтилаётгани йўқ. Халқимизда насл суяк суради, ё бўлмаса, қонда бори, жонда бор,  деган ҳикматли гаплар бежиз айтилмаган.

Тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак,  халифа Маъмун замонида ташкил этилган Академияга Ўрта Осиёдан ҳам олимлар тўпланган. Бу илм даргоҳида Моварауннаҳр ва Хуросондан келган Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Марвазий, Жавҳарий каби олимлар Бағдод академиясини жаҳонга машҳур бўлишида катта ҳисса қўшганлар.

Кейинчалик Хоразмда ҳам  «Байтул ҳикма» (Донишмандлар уйи) ташкил қилинган. У Маъмун академияси деб ҳам аталган. Бу масканда улуғ мутафаккирлар Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Ибн ал-Ҳаммар, Абу Сахл Масихий, Ибн Ирок, Аҳмад Фарғоний ижод қилишган. Улар орасида Шарқнинг кўпгина мамлакатларидан келган улуғ алломалар ҳам бўлган.

Иккинчи  «Олтин аср” деб  ном олган юксалиш даври Соҳибқирон Амир Темур замонига тўғри келади. Улкан салтанатда тинчлик-хотиржамлик ўрнатилиши, ташқи хавфларнинг бартараф этилиши, мамлакатда кенг ободончилик ишлари йўлга қўйилиши, илм-фан ва маънавиятга эътибор давлат ва халқ ҳаётида муҳим бурилишларни бошлаб берган.

Ўша даврнинг машҳур олиму уламолари, уста қурувчилар, дин пешволари, табиблар ва бошқа профессионал мутахассислар Самарқандга таклиф этилгани,  Самарқандда дунёнинг энг сараасарларидан иборат йирик кутубхоналар бунёд этилгани боис буюк тафаккур эгаларининг бутун бир авлоди шу даврда шаклланган.  Шарафиддин  Али Яздий каби тарихчилар, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий сингари олимлар, Жомий,  Навоий каби улуғ шоирлар дунё миқёсида шуҳрат қозонган.

Афсуски, ундан кейинги сиёсий парокандлик, тожу тахт учун кечган бемаъни курашлар туфайли буюк давлат таназзулга учраб, ўз бўйнига ўзи истибдод сиртмоғини солган.

Бугунги озодлик, эмин-эркинлик, тинчлик-осойишталик муҳити,  дунё эшиклари кенг очилгани, яқин ва йироқдаги, хусусан қўшни давлатлар билан яқин алоқалар ўрнатилгани, илм-фан, адабиёт ва санъатга бўлаётган жиддий эътибор, жумладан Президент мактаблари, илм-фан, хусусан адабиёт йўналишида атоқли адиблар номида ижодий мактаблар ташкил этилаётгани, иқтидорли ёшларнинг бу даргоҳларга жалб этилаётгани  Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратмоқда. Давлатимиз раҳбари ғоясига кўра ўқувчилар бу даргоҳларда янги таълим стандартлари, бир сўз билан айтганда,  сара асарлар асосида таълим-тарбия оладилар.

Президентимиз ижод аҳли билан суҳбатда бир қатор янги ғояларни ўртага ташладилар.  Ижод мактаблари ҳақида сўз юрита туриб, “Бу мактаблар замирида илоҳий  куч бор”, дея  таъкидладилар. Фикрлаш, мулоҳаза юритишга даъват этувчи бу ибора замирида нима мужассам деган савол менда ҳам катта қизиқиш уйғотди.  Англашимча, бу илоҳий куч Парвардигор ўзи одам боласини яратмишда унинг руҳига сингдирган ўзини  англаш, инсонийлик, маърифатпарварлик, халқпарварлик, ватанпарварлик, бешикдан қабргача илмга интилиш каби фазилатлардир. Бу илоҳий кучни қандай уйғотиш мумкин?  Бу кучни жамиятга қайтганкитоб, китобга юз тутган жамият уйғотади.  Истеъдодли ёшларни ўз бағрига олаётган илм ва ижод мактаблариуйғотади.

Мазкур ижод мактаблари қалам аҳлининг ўзи учун ҳам бир мактаб – уларнинг атоқли адиблар номида ташкил этилиши шу адиблар каби бадиий юксак асарлар ёзишга даъват, яъни, миллат тақдиридан ҳикоя қилувчи бундай сара асарни ҳам, унинг муаллифини ҳам халқ ҳеч қачон унутмайди.

Яна бир муҳим  жиҳати, ижод мактабларининг  эл-юрт учун жонини қурбон қилган, бутун ижодини халқимиз маънавиятини юксалтиришга бағишлаган сиймолар номида ташкил этилиши –  ҳар бир фуқаро учун ватанпарварлик, фидойилик тимсоли. Бу сиймоларнин гасарлари каби шахсиятлари ҳам ибратлидир. Бу ўринда Абдулла Қодирийнинг қандай сиймо эканини англатувчи бир фикрини келтириш кифоя: “Мен тўғрилик орқасида бош кетса, “эҳ” дейдирган йигит эмасман.”

Ё бўлмаса оташин шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг қуйидаги сатрига эътибор беринг: “Мен Туроннинг қадим қўнғироғиман, Жаранг берсам,  қиру даланг уйғонар.” Уларнинг ижодини шахсиятидан, шахсиятини ижодидан ажратиб бўлмайди. Дили, тили ва иши бир инсонлар. Қадим Авестода айтилганидек, ўз ижодлари учун “эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал”ни шиор билган, муқаддас Қуръон ўргатганидек, имон-эътиқодли инсонлар.

Халқнинг асл фарзанди бўлмоқ ҳар икки адибимиз учун ҳам ҳаётининг маъно-мазмуни эди. Балки, шунинг учун ҳам уларнин гҳар иккиси   журналист, публицист сифатида ҳам ўзмактабларини яратиб кетишди. Абдулла Қодирий мисолида айтадиган бўлсак,  у “Озиқ ишлари” газетасининг муҳаррири, “Муштум” журналининг ташкилотчиси ва таҳрир ҳайъати аъзоси бўлган. Қодирийнинг публицистик чиқишлари ўзи яшаган даврнинг тарихий ҳужжати, замонасининг муҳим солномасидир. “Фелъетон қироли” деган эътирофга сазовор бўлган. Ҳалима Худойбердиева эса “Саодат “ журналининг бош муҳаррири ва фаол муаллифи сифатида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва истиқболи, бу борадаги муаммолар хусусида дадил қалам тебратган муаллифлардан экани ҳами жодмактаблари ўқувчиларига ибрат намунасидир.

                                    Тарихдан ярқираб кўринар изи,

                                    Халқим юксалмоқда қадам-бақадам.

                                    Ибрат олай деса ўғли ё қизи,

                                    Бордир Абдулласи, Ҳалимаси ҳам!

                                                                                               Саъдулла ҲАКИМ.

 Манба: «Ҳуррият» газетаси.