Онажонимнинг озодликка чиқиши

Президентимизнинг туғилган кунимга бебаҳо совғаси бўлди, — дейди наманганлик 8-синф ўқувчиси Мухтасар.

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган жазони ижро этиш аёллар муассасаси ва манзил калонияда 31 май куни сайёр суд мажлислари ўтказилиб, 19 нафар аёл озодликка чиқарилди.

Жорий йилда учинчи марта бу муассасадаги аёлларнинг мурожаатлари судлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Наврўз байрамидан икки кун олдин 17 нафар аёл жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинган эди.

2019 йил 19 апрелда эса маҳкума аёллардан 6 нафарининг мурожаатлари Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида назорат тартибида кўриб чиқилиб, улар содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ахлоқан тузалиш йўлига ўтганлиги ҳамда жазонинг асосий қисмини ўтаганлиги ҳисобга олиниб, жазодан озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилган эди.

Президентимиз ташаббуси билан Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида тузилган меморандумга асосан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларда хотин-қизлар қўмиталари вакиллари жамоатчилик асосида ҳимоячи бўлиб иштирок этмоқда. 2018 йилда жиноят содир этган ва ҳуқуқбузарликка қўл урган 893 нафар хотин-қиз Хотин-қизлар қўмитаси томонидан кафилликка олиниб, жазодан озод этилди. 113 нафар судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Жазо муддатини ўтаётган 597 нафар аёл жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 100 нафар аёлнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.

Бу рақамлар ортида одамларнинг қисмати, тақдири турибди. Бу аёллар фарзандларининг келажаги турибди. Озодликка чиқарилаётган ҳар бир аёл ўртача 3-4 нафар боланинг онаси эканлигига аҳамият берсак, уларга кўрсатилаётган меҳр-мурувват нақадар муҳимлигини англаймиз.

Қамоқдаги аёллардан кўра, уларнинг ортида қолган болаларига ҳар томонлама қийинлиги, азоблиги ҳамманинг ҳам хаёлига келавермайди. Шу ўринда бир мисол ёдга тушади. Март ойида Олий судда 6 нафар маҳкума аёл аризаси назорат тартибида кўрилаётганда улардан бири гапиролмаслигини билиб қолдим. Ортидан келган эри ҳам гунг экан. Аммо 7-синфда ўқийдиган қизи бурро-бурро сўзларкан.

— Ўша куни дадам уйга йиғлаб кириб келди. Ўн икки ёшли укам билан қўрқиб кетдик, — дейди Азиза. — Билсак, онам одамларнинг пулини қайтариб бермагани учун қамалиб қолибди. Қўйиб юборишса керак, деб умид қилувдик. Лекин 3 йилу 6 ойга қамашди. 9 ой бўлди онам қамалганига. Ҳар куни ўйлайман. Тушларимга киради, уйғониб кетаман, Художон, онамни уйга қайтар, деб йиғлардим. Укам ҳам уйғониб, менга қўшилиб йиғларди. Президентимизга раҳмат, бугун онам озодликка чиқади.

Дадам мошина ювадиган жойда ишларди. Онам қамалгач, ишга бормай қўйди. Уйда бизга қаради… онам чиқса ишга киради.

Азизанинг онаси жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани учун суд қарори билан темир панжарадан чиқиб, чўк тушиб боласини бағрига босиб, юм-юм йиғлаганини кўрганлар ҳам кўз ёшларини тўхтатиши қийин бўлди. Энди ўйлаб кўрайлик, бу аёл қамоқда ўтирса, икки боласининг аҳволи нима бўларди?

Куни кеча Зангиотадаги жазони ижро этиш муассасасида ўтган сайёр суд пайтида ҳам Наманган вилоятидан онасини олиб кетишга холаси билан келган Мухтасарнинг гапига қулоқ солайлик: — Акам бор, 16 ёшда. Онам қамалгач, иккаламиз ҳам ерга қараб юрадиган бўлдик. Ўртоқларим олдида кўнглим ўксирди. Ўзимни гуноҳкор сезардим.

Худо хоҳласа бугун онамни уйга олиб кетамиз. Биз учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ҳаммага раҳмат. Мен 1 июнда туғилганман. Онамнинг озодликка чиқиши Президентимизнинг туғилган кунимга совғаси бўлди.

Кишини ўйга толдирадиган яна бир ҳолат кузатилди. Одам савдоси билан шуғулланган бир аёл судда айбига иқрорлигини тан олиб, пушаймонлигини билдириб, икки нафар фарзанди борлигини инобатга олиб, енгиллик берилишини сўрайди. Ўғрилик билан судланган яна бири вояга етмаган икки фарзанди борлигини айтади. Бошқаси 4 нафар вояга етмаган боласи борлиги ҳисобга олинишини сўрайди. Савол кўндаланг бўлади: Улар жиноятга қўл уришдан олдин нега шуни ўйлашмади? Қўлга тушсам қамаламанку, деган фикр ха
ёлига келмадими? Судлардан инсонпарварлик талаб этилади, давлатимиз адашганларга, тавба қилганларга меҳр-мурувват кўрсатади. Аммо аёлларимиз ҳам ўзларини асрашлари, фарзандларини ўйлашлари керакку. Айрим аёллар енгил-елпи йўллар билан мўмай пул топишга уриниб, жиноят кўчасига кириб қолаётганлари ҳам аччиқ ҳақиқат.

Зангиота туманидаги жазони ижро этиш муассасасида оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлар сақланади. Улар шу пайтгача ҳеч қачон белгиланган жазо муддатидан илгари озодликка чиқарилмаган. Хўш, бугун улар нимага асосан озод этилмоқда?

Судлар ажримларида қуйидаги асослар кўрсатилган: аёллиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, намунавий хулқи, фарзандлари борлиги, ногиронлиги, ёши 60 дан ошгани, берилган жазо муддатининг асосий қисмини ўтаб бўлгани каби асослар кўрсатилган. Булар тўғри, аммо энг муҳим асос бугун мамлакатда вазият ўзгаргани, инсон тақдирига муносабат ўзгаргани, деб баҳоласак, тўғрироқ бўлади.

Бунинг исботига яна бир мисол. Зангиота туманидаги муассасага ўша куни Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров бошчилигида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти судларининг аёл судьялари келиб, маҳкумалар билан мулоқот ўтказишди. Аёл судьяларнинг қамоқхонага келиб, маҳкумалар билан бевосита суҳбат ўтказиши маъно-мазмунига ортиқча изоҳ бериш шарт бўлмаса керак. Бу учрашув судьялар дунёқараши, ҳаётга, хусусан, аёллар тақдирига муносабатини ўзгартиради, деган умид бор, ишонч бор. Олий суд судьяси Нодира Бобохонова бу учрашув аҳамиятини шундай изоҳлади: — Суд тизимида шунча йил ишлаб, бунақа учрашувда бўлмагандим. Эшитиш бошқа, кўриш бошқа экан. Бир фикрга келдим, аввало аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун жиддий курашмоғимиз зарур. Ҳар қандай ҳолатда ҳам аёлнинг оналиги, ортида фарзандлари борлигини унутмаслигимиз керак…

Тўғри, аёлни қамаш осон иш эмас. Аввало улар ишлаши, инсондек хотиржам яшаши учун шароит яратиб беришимиз керак. Бу жуда долзарб, оғир, лекин муҳим вазифа. Иши бор, маоши турмушига етадиган, уй-жойли, оиласи бутун, фаровон бўлса, аёл киши жиноятга қўл урадими? Эҳтимол ақлидан озганлари жиноят қилар…

Маҳкумалар билан гаплашганимизда улар шароитлар яхшилиги, муассаса раҳбарлари ва ходимларидан миннатдорликларини, бу ерда касб-ҳунар ўрганганликларини айтишди. Аммо, озодликка ҳеч нарса етмаслиги, оила бағрида бўлиш катта бахтлигини таъкидлашди. Шу боис ҳам жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди раиси Ўктам Холиқовнинг …озод этилсин, деган қарорини улар гулдурос қарсаклар билан олқишлашди, кўзларидан қувонч ёшлари қуюлди.

Ўша куни Холмўмин Ёдгоров муассасада 17 нафар маҳкума аёлни қабул қилди. Уларнинг аризалари назорат тартибида кўриб чиқиладиган бўлди. Демак, бу жараён давом этади. Билиб-билмай ёки турли сабаблар билан жиноят содир этиб, бугун оиласидан, фарзандларидан, жамиятдан ажратилган аёллар тақдири ҳақида қайғуруш давом этади.

Тергов қилиб, айблов фикри ёзилаётганда, суд қилиб, ҳукм ўқилаётганда биз асосан кўзи кўр, қулоғи кар Жиноят кодекси моддаларига ёпишиб оламиз. Бу «соқов» ҳужжатларда фалон-писмадон жиноятни қилган фалон йилдан тортиб, фалон йилгача озодликдан маҳрум этиш белгилаб қўйилган. Табиийки, терговчи ҳам, судья ҳам ана шу талабни бузишдан озми-кўпми, чўчийди. Аммо бир инсон умрининг 5-10 йили қамоқда ўтишини, унинг болалари қаровсиз қолиб кетаётгани, она меҳридан, назоратидан мосуво бўлаётгани-чи?.. Онага қўшиб, унинг фарзандларига ҳам жазо бераётганимизни ўйламаймиз. Демак, она болаларидан, болалар онадан ажатилмоқда. Онасиз қолаётган болалар тарбияси, тақдири эртага нима бўлади?
Онани қамадик, жиноятига яраша китобда ёзилган жазони бердик. Вазифаларимизни бажардик. Лекин бундан жамиятга, давлатга қанча фойда-ю, қанча зиён келишини ўйлаб, ҳисоблаб кўрдикми?.. Оғир жиноят қилган, масалан, қотиллик, босқинчилик, талончилик каби жиноятлар хавфли бўлгани учун жазога маҳкум. Гиёҳванд модда сотиш, қўшмачилик, одам савдоси каби жиноятлар ҳам ўта оғир жиноятлар ҳисобланади.

Бироқ ҳар бир жиноятнинг сабаби, уни содир этган шахснинг кимлиги, ижтимоий келиб чиқиши, жиноятни қандай ҳолатда содир этгани чуқур ўрганилса, кишини ўйга толдирувчи қато
р саволлар пайдо бўлади. Қонунчилигимизда бу масалада маълум талаблар қўйилган, албатта. Жиноят учун белгиланган жазони оғирлаштирувчи ёки енгиллаштирувчи ҳолатлар кўзда тутилган. Афсуски, яқин ўтмишда қонуннинг бу талаблари амалда деярли қўлланилмасди.

Судланувчига оғирроқ жазо тайинланишидан аксарият терговчилар ҳам, судьялар ҳам мамнун бўлишарди. Гўё хавфли жиноят очилди, исботланди, жиноятчи муносиб жазоланди. Терговчи ва судья катта иш қилди…

Бироқ қамалаётган киши қиз бола бўлса, эртага унинг шахсий ҳаёти нима бўлади? Она бўлса-чи? Бу саволлар оғирдан-оғир. Уларга жавоб топиш ҳам қийин. Аммо бу саволлар кишини ўйлашга ундайди.

Одам қамашни ёқтирадиган терговчи ёки судья, бировнинг дардини ҳис қилмайдиган яна кимдир «Жиноят қилгач, қамалади-да, жиноятчи бўлгач, жазосини олсин-да», дейиши мумкин. Тўғри, жиноят жазосиз қолмаслиги шарт. Аммо гап инсон ҳаёти, тақдири ҳақида кетаётган экан, жазони ҳам инсонийлик нуқтаи назаридан белгилаш адолатли бўлмайдими? Ахир жиноятчига жазони ҳам инсон белгилайди-ку. Қонун талаби бажарилиши керак, лекин ҳар қандай жазо инсонпарварлик нуқтаи назари, меҳр-оқибат тамойиллари, виждон амри асосида белгиланса, адолатли ва шафқатли ҳукм бўлади, деб ўйлаймиз. Афсуски, қамоқда ётган аёллар ҳаёти, содир этган жиноятлари тафсилоти билан чуқур танишсангиз, ҳайқиргингиз келади, аксариятига ачинасиз, раҳмингиз келади. Улар олдида ўзингизни гуноҳкор ҳис этасиз.

Тошкент вилояти туманларидан бирида яшаган, уч нафар фарзандидан бири ногирон бўлган маҳкума аёл қисматига қаранг: У турмуш ўртоғи билан ажрашган, аммо эри алимент тўламайди, ўзи эса ишсиз. Болаларини боқиш учун, тирикчилик учун бозор-ўчарга аралаштиб юрган. Аммо ногирон боласини даволатишга имкони бўлмагач, қўшимча даромад топиш учун «уйига одам қўйган», яъни кимлардир жазманлари билан яширинча кириб, чиқиб юрган.

Бу аёл одам савдоси жинояти билан айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилган. Бунинг оқибатида ногирон бола ҳам, бошқалари ҳам қариндошлари қўлида қолиб кетаяпти. Энди ўйлаб кўрайлик, онанинг қамоққа олиниши жамиятга, давлатга қанча фойда ёки зарар келтиради? Биринчидан, маҳкума аёлни давлат боқади, уни ўн йил қамоқда сақлаш давлатга қанчага тушади? Майли, бунга чидаса бўлади. Аммо бу ўн йил орасида уч бола тақдири нима бўлади? Бир онани қамадик, уни тўғри йўлга солмоқчи бўлдик, аммо онадан ажратилган, отасиз уч бола эртага жамият учун муаммога айланмайдими? Бирини тузатаман деб, учта муаммони яратмаяпмизми?

Куни кеча Зангиотада бир маҳкума она мурожаати тингланди… Хоразм вилояти, Ҳазорасп туманилик бу аёлнинг тавба-тазарру қилиб, кўз ёш тўкиб айтган гаплари ҳар қандай тошбағир одамни ҳам титратади.

— 13 йилга қамалганман, 11 йил 4 ойи ўтди, — дейди у. — Бу орада эрим вафот этди. Бешта болам ота-онасиз қолди. Улардан хабар йўқ, эшитишимча, иккитаси Россияга кетган, бирини Қозоғистонда, деб эшитдим. Қолганлари қаердалиги номаълум. Катта хато қилдим, минг пушаймонман. Ўзим-ку нима бўлсам, бўлдим, аммо болаларимга ачинаман, улар олдида гуноҳкорман. Энди очдан ўлсам ҳам, ҳеч қачон бунақа ишни қилмайман. Кўп нарсани кеч тушундим, илоҳим, ҳеч кимнинг бошига бу кун тушмасин…

Маълум бўлишича, у нотаниш кишининг топшириғи билан 79 грамм қорадорини бировга олиб бориб бериши, бунинг учун 3 миллион сўм олиши керак бўлган. Қаранг, қинғир йўл билан 3 миллион топаман, деб умрининг 11 йилдан кўпини қамоқда ўтказаяпти. Бунинг устига, оиласи пароканда бўлиб, 5 нафар боласи кўчада қолаяпти. Мана, ўйламай босилган қадам оқибати, енгил йўл билан пул топишга уриниш фожиаси, бир инсон қисмати…

Бундай мисоллар оз эмас. Маҳкумаларнинг кўплари гиёҳванд модда сотишга аралашиб қолган. Айримлари фирибгарлик ёки одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этган. Бу жиноятлар учун қонунларимизда аниқ жазолар белгилаб қўйилган. Қонуннинг кўзи кўр, қулоғи кар, дейилади. Бу ҳеч кимни, ҳеч нимани эшитма, қонунда белгиланган ишни қил, дегани. Аммо судьянинг кўзи кўради, қулоғи эшитади, унинг ҳам юраги бор, чунки у ҳам инсон. Инсон бўлганидан кейин инсондек фикрлаши керак бўлади. Кўр-кўрона эмас, балки инсонпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват билан хулоса қилиши, қарор қабул қилиши керак. Кимдир ривожланган мамлакатларда ҳам жиноят қилган аёл тегишли жазосини оладику, деб ўйлаши мумкин. Қайси мамлакат бўлмасин, билганини қилсин. Аммо бизда бор миллий қадрият билан уларнинг турмуш тарзини қиёслаб бўлармикин? Бизда аёлга, онага бўлган меҳр, ҳурмат ўзгача эмасми? Эҳтимол, аёлга муносабатни бошқалар биздан ўрганиши керакдир.

Сўнгги икки-уч йилда мамлакатимиз раҳбари инсон эрки, қадр-қиммати билан боғлиқ қанча тарихий ташаббусларни илгари сурди, шу пайтгача амалиётда бўлмаган чора-тадбирларни қабул қилди. Кўпчилик билади, мамлакатимизда чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида суд тизимида оқлов деярли йўқ эди. Қамалган қамалиб кетаверарди, йиллаб ётаверарди. У ноҳақ қамалган ёки унга жазо муддати асоссиз қўлланилган бўлса-да, ҳеч ким аралаша олмасди, аралашган балога қоларди…

Бугун мамлакатимиз ижтимой-иқтисодий, сиёсий ҳаётида бўлганидек, маънавий ҳаётида ҳам улуғ ўзгаришлар бошланди. Ҳақсизлик, адолатсизликлар ҳақида очиқ гапириладиган бўлди. Адолатнинг амалдаги ифодасини кундалик ҳаётимизда тобора кўпроқ кўрмоқдамиз.

Ушбу мақола саҳифаланаётганда, рўзаи Рамазондек муқаддас кунларда, Ҳайит байрами арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев жазони ўташ муассасаларидан 575 нафар маҳкумни авф этиш тўғрисидаги Фармонга имзо чекди.

Бу Фармони олий давлатимиз инсонпарварлик сиёсатининг, фуқароларимизга кўрсатилаётган меҳр-мурувватининг яна бир ёрқин мисоли, юқори даражадаги тасдиғи бўлди.

Сафар ОСТОНОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Манба: “Uzbekiston ovozi” газетаси