«ОЛТИН ҚАЛАМ»: ижод, илҳом ва юксалиш омили

2019-07-14T04:09:45+00:0010 Aprel, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўн йил муқаддам, «Халқ сўзи» газетасида бўлим мудири сифатида ишлаб юрган кезларимда, мазкур танловнинг матбуот йўналишида биринчи ўринга лойиқ топилдим. Мукофотни топширишга бағишланган тантанали маросимда бошловчи: «Ватан туйғуси, миллий мерос ва миллий қадриятлар мавзуларидаги мақолалари учун» деб исм-фамилиямни эълон қилганида, ҳаяжондан титраб кетганим ёдимда. Ватан ҳам, миллий қадриятларимизу бебоҳо меросимиз ҳам бизнинг кимлигимизни, зиммамиздаги фарзандлик масъулияти ва бурчини мудом англатиб, кўрсатиб тургувчи бебоҳа иноятдир.

Ўтган йиллар давомида улкан эътирофу рағбатдан илҳомланиб истиқлолимиз, азалий удумларимиз, меҳр-оқибат, санъатимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятига бағишланган ўнлаб мақолалар ёздим. Суҳбатлар уюштирдим. Материалларим хусусида устозлар, ҳамкасблар, танишу нотанишлар, газетхонлардан илиқ сўзлар эшитдим. Таклиф ва эътирозларни ҳам эътиборимдан четда қолдирганим йўқ.

Шукр дейман. Доим ўқиб, ўрганиш ҳаракатидаман.

Биз, журналистлар давлатимиз раҳбарининг: «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш—одамийликнинг энг олий мезонидир» деган фикрларини қалбимизга жойлаб, эл-юрт манфаати йўлида астойдил меҳнат қилсак, асло кам бўлмаймиз. Ватанимиз равнақига нималар тўсиқ бўляпти: бу ҳақда ёзиш, ёзганда ҳам улкан меҳр, шижоат, дадиллик, холислик ва самимият билан қоғозга тушириш вазифамиздир.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Жамият» газетаси бош муҳаррири.

Шарҳ қолдириш